Наср

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

834

Тўғри, бир ҳафта ўтар-ўтмас амир билан Колесов ўртасида Қизилтепада сулҳ тузилади. Ўн уч моддадан иборат шартнома 1918 йил 14 март куни икки томонлама тасдиқланади. Туркистон Ўлка Халқ Комиссарлари шўросининг раиси Фёдор Колесов асир олинган Кармана бекини ва бошқа асирларни амирга қайтариб бериши лозим (4-модда) эди. Шартноманинг бошқа моддалари ҳам асосан муҳораба асоратларини бартараф этишга қаратилган. Лекин, сулҳ-шартноманинг 7-моддасида: “Ҳозир эгасиз қолган уй-жойлар муҳрланиб, Бухоро қоровуллари томонидан қўриқланади ва мулк эгалари қайтиб боргунча омонатни бус-бутун сақлаш масъулияти қоровуллар зиммасига юкланади ”, дейилади. Албатта, ушбу банд Эски Бухородаги мол-мулкини ташлаб қочган жадидлар манфаатини кўзлаб шартномага киритилади. Равшанки, жадидлар билан болшевикларнинг тили битта эканига, иккови ҳам бир гўр эканига амир ҳам, амирнинг атрофидаги мутаассиб уламо ҳам ишонч ҳосил қилади. Қўлига ҳужжатли далил тушган жоҳил муллолар қишлоқма-қишлоқ юриб жадидларни авом халқ ўртасида фош қилганини, бадном қилганини тасаввур этиш мумкин. Айни пайтда жоҳил уламо Бухоро амирлиги дохилиндаги икки минг нафарга яқин тараққийпарвар жадидларни қатл қилиш тўғрисида фатво беришини, афсуски, вужудга келган шароит нуқтаи назаридан табиий ҳол деб эътироф этмоққа мажбурмиз.

Ўша пайтлар тўғрисида фикр юритиб, Анвар пошо ҳазратлари бундай дейдилар:

“Бугунги Туркистонда маориф ҳақида сўйлайдиган бўлсак, Самарқанд муфтиси — Хожа Маҳмуд Беҳбудий афанди исмини айтиб ўтмоқ жоиздир. Қори афанди бундан ўн йил аввал туркча хутба ўқигани туфайли уламо тарафиндан “кофир!” деб эълон қилиниб, муллолар сафидан ҳайдалади. Чарчаш нелигини билмайдиган бир зотдир ”.

Афсуски, Анвар пошонинг ғойибона ҳурмат-эътиборига ноил бўлган мана шу зот ҳам 1919 йили амирнинг қорақўллари томонидан Қарши шаҳрида қатл қилинади (айрим манбаларда қотилликка ГПУ ходимлари алоқадор эканлиги айтилади).

Беҳбудий 1875 йилда таваллуд топган. Нақл қилишларича, у Шарқ оламининг улуғ мутафаккири Аҳмад Яссавий ҳазратларининг авлоди экан. Беҳбудий “Усули жадид” мактаблари учун бир нечта дарсликлар яратган. 1912 йили саҳналаштирилган “Падаркуш” пьесаси Туркистонда миллий уйғониш бошланишига туртки бериб юборади. Самарқанд шаҳрида бир қатор рўзномалар ташкил қилган: амалда сўз эркинлигини таъминлаган. Бошқачасига айтадиган бўлсак, ёш бухороликлар бутун фаолиятлари давомида рўёбга чиқара олмаган ишларни Беҳбудийнинг битта ўзи бажариб кетади. Чунки у айрим жадидлар каби мансабпараст эмасди. Унинг мансаби ҳам, аъмоли ҳам — халқни бирлаштириш, бирлаштириш учун уни маърифатли, мафкурали қилишдан иборат эди. Беҳбудий билардики, халқнинг қўлида ва дилида ҒОЯ бўлуви керак. Ғоя бўлса, халқ ўз кучи билан ғояга томон ҳаракат бошлайди, ҳаракатда — баракат, ҳаракат бор жойда тараққиёт бўй кўрсатади: бўйи бор халқ эса олам билан бўйлашмоқчи бўлади... Ҳа, ул мукаррам зот фақат ҳокимиятни қўлга киритиш ва муддатсиз равишда эгаллаб ўтириш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини айрим жиззаки РАИСлардан яхшироқ биларди. Шаҳиди шарифнинг сўнгги васияти ҳам шу тўғрида бўлади:

“Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар!

Маорифга ёрдам этингиз!

Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз!

Ҳар иш қилсангиз, жамоат ила қилингиз!

Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз!

Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар!

Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар!

Бизнинг қонимизни золим беклардан талаб қилингизлар!

Маорифни Бухоро тупроғида жорий қилингизлар! ”

Беҳбудийга қарши қўйилган асосий айб: “Сизлар жадид ва кофирдирсиз! Бухороға жўнаб, олийга тиғ тортқон сизнинг маслакдошингиз эмасларми эди? Сизларни ўлдурмак керак! ”. Қарши ҳокими Тоғайбек ҳатто Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини “жосус” деб гумон қилади. Жадидлардан ва “жосус”лардан панд еган амир эса уларга ўлим жазосини тайинлайди.

Хўш, ўша вазиятда бек ҳам, амир ҳам ҳақ эмасмиди?

Хўш, ўша вазиятда Беҳбудий ва унинг ҳамроҳлари “ёш бухороликлар қўмитасининг муросасиз қаноти”нинг (раиси Файзулла Хўжа) ноўрин хатти-ҳаракати учун жазоланмайдими?

Афандим, биз тарихий шароит нуқтаи назаридан тўғри англамоққа ҳаракат қилаётганимиз воқеалар хусусида Анвар пошо қуйидагича фикр билдирадилар:

“Рус ҳукумати марказияси бу инқилобга бутун қуввати ила тарафдор бўлгани ҳолда ишнинг ташқарисида қолмаслик учун ниҳоятда айёрона ҳаракат қилаётир.

Бу жабҳада уламо вакилларини қатл қилишдан ўзни тийиш керак (афсуским, Анвар пошонинг ушбу доҳиёна кўрсатмасига 1922 йилнинг куз фаслида Ҳожи Сами амал қилмайди: у Дарвозда Эшон Султон билан унинг укаси Эшон Сулаймонни “русларга сотилгани учун” дорга остиради: пирлари дорга тортилганини кўрган муридлар — ерли аҳоли Ҳожи Самидан оммавий равишда юз ўгиради ва шу йўсинда Шарқий Бухородаги миллий мужодала ҳаракати инқирозга учрай бошлайди: изоҳ меники — Н.Б.).

Бухоро инқилоб қўмитаси Тошкентда эди. Бу қўмита оч, жоҳил, манфаатпараст кимсалардан иборат бўлиб болшевиклардан олган поралари шарофати билан маишатга берилиб кетди. Мамлакатга уларнинг ҳеч қандай фойдаси тегмайди. Авваллари бу қўмита раёсатида Файзулла Хўжа номли бир миллионер бор эди. Бу бола ўз манфаати йўлида йилларча ишлади. Бу йўлда ҳатто беш-олти миллион рубл зарар ҳам кўрди. Бугун эса Москвада муҳтож бир ҳолдадир. Таҳсил ва тажрибасидаги нуқсонлари бутун фаолиятини, табиийки, чипакка чиқарди (эсингиздами, афандим, ўтган галги мактубимда Шермуҳаммад қўрбоши тўғрисида, тахминан, шунга яқин бир фикр билдирган эдим: изоҳ меники — Н.Б.).

Бу жамият сафида Фитрат номли бир зот бордирким, бу одам Тошкентда муаллимлик билан машғулдир. Истанбулда таҳсил кўргандир. Ғоятда закий. Лекин ўта даражада ҳийлакордир (нечоғли ҳийлакор бўлмасин, 1938 йил 5 август куни Совет ҳукумати Фитратни отиб ташлайди: изоҳ меники — Н.Б.).

Бухорода Муҳиддинов номли яна бириси борким, уни ҳар мақомга солиб йўрғалатиш мумкин ”.

Хуллас, афандим, ёш бухороликлар ёмғирдан (Русия Вақтли ҳукуматининг Янги Бухородаги Хуфяси Миллердан) қочиб, қорга — болшевиклар офатига тутилади. Бунга “таҳсил ва тажрибадаги нуқсонлар” билан бир қаторда Туркистон халқининг жоҳиллиги ва халқни жоҳилликда, итоатгўйликда ушлаб ўтиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий ҳокимият бутун диний ва дунёвий тизими ила айбдордир... Гўё Беҳбудий ҳазратларининг сўнгги васиятлари ҳозир ҳам Туркистон узра янграётгандек:

“Ўртадан нифоқни кўтарингиз!

Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз!

Ҳар иш қилсангиз, жамоат ила қилингиз!

Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз!..”

Афандим, Туркистон нидоси Истанбулда ҳам эшитиляптими?

(давоми бор)

(давоми бор)

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1440 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1377 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1487 12:00 22.04.2020

Эчки

7207 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1684 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

734 21:00 04.04.2020
« Орқага