“Чиройли туш кўришнинг қандай “қоидаси” бор”?

07:30 11.03.2019 940

Ўқитувчи туш мавзусида тадқиқот қилмоқчи бўлди. Болаларнинг туш ҳақида фикрларини билиш учун саволлар бера бошлади. Инсоннинг руҳий ҳолати акс этган тушлар кичкинтойларда қандай кечиши ўқитувчи учун қизиқ эди.

Ўқитувчи қоракўз болажонлардан:

– Қани, гапиринг-чи, бу кеча ким қандай туш кўрди? – дея сўради табассум билан.

Болаларга бу иш жуда ёқиб тушди. Ўқувчилар тушларини гапиришга ҳавасмандликдан ўтирган жойларида туриб бир-бир тушларини айта бошлади.

Бу ҳафтада аксарият болалар бир неча инсон ҳаётига зомин бўлган фожиали авиаҳалокат тасвирини тушида кўрган эди. Шунингдек, руҳий зиқлик таъсирида ўзини бошқаролмай, оила аъзоларини йўл ўртасида отиб ўлдирган истеъфодаги полиция маъмурининг жинояти билан боғлиқ тафсилотлар ҳам болаларнинг тушини тинч қўймаган экан.      

Ўқитувчи орқада ўтирган ўқувчисига яқинлашди:

– Сен ҳеч қўлингни кўтармадинг,  туш кўрмайсанми?

Бола бироз тортинчоқ эди. Ёноқлари олмадай қирмизи тусга кирди:

– Туш кўраман устоз, – дея жилмайди. – Аммо менинг тушларим бироз бошқача...

– Нимани туш кўрсанг, уни гапиравер, ҳамма кўрган нарсаларни туш кўрган бўлишинг шарт эмас.

Бола чуқур нафас олиб:

– Кеча тунда тушимда бобомни кўрдим. Қишлоғимиз яқинидаги сойдан каттакон балиқ тутиб, уйга келтирдик.

Ўқитувчи тадқиқотини кейинги дарсларда ҳам давом эттирди. Кейинги ҳафтада ўқувчилар нефт конида бомба портлагани туфайли юзлаб болаларнинг ҳалок бўлганини, машҳур қўшиқчининг отиб кетилгани ва футбол ўйинида пичоқланган одамларни туш кўришган экан. Ўқитувчи болаларнинг беғубор руҳиятини бўрондай алғов-далғов қилган, ухлаганида соф ва покиза дунёсини қорайтирган бу даҳшатли тушларни сабр билан эшитди. Барча ўқувчиларни тинглаб бўлгач, орқадаги ўқувчининг олдига борди.

Бола ташқаридаги қорли тоғларга термулганча:

– Ўтган ҳафта йигирмата қўзичоғимиз туғилган эди. Кеча тунда тоғ ёнбағридаги булоқ бўйида эмишман. Қўзичоқларимни боқаётган эканман. Гуллар билан гаплашиб, осмондаги қушлар билан ўртоқ бўлибман. Қушлардай учардим тушимда.                                

Ўқитувчи ҳеч бир ўқувчисиникига ўхшамайдиган бундай тушлардан ҳайратланди ва жуда севинди. Ўқувчиси билан бироз гаплашиб, боланинг ота-онаси, ака-укалари ҳаттоки бобоси ҳам шундай тушлар кўришини билиб олди.

Қизиқиши ортган ўқитувчи ўқувчига:

– Ҳар доим шундай ширин тушлар кўришинг яхши. Тушларинг ажойиб фильмга ўхшайди. Бундай тушлар кўришингнинг ҳеч ким билмаган қандайдир қоидаси борми? Бизга ҳам ўргатмайсанми?

Бола жилмайди:

– Бобом бундай тушлар кўришнинг қоидасини айтдилар. Уйимизда телевизоримиз бўлмагани учун Аллоҳ бизга шундай гўзал фильмларни кўрсатар экан...

Жунайд Суави

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!