Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Чойни ейдиган, қайиқни оёқда бошқарадиганлар юрти

1351

Мьянма Иттифоқи Республикаси — Жанубий-Шарқий Осиёда, Ҳиндихитой яриморолининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. Майдони 678,5 минг км². Давлат Таиланд, Лаос, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш давлатлари ҳамда Андаман денгизи, Бенгал кўрфази билан чегарадош. Пойтахт 2005 йилгача мамлакатдаги энг катта шаҳар Янгон бўлган, кейинчалик эса Нейпидога ўзгартирилди. Мамлакат номини Бирма шаклида ҳам учратишимиз мумкин, бунга сабаб 1989 йилгача Мьянма Бирма деб аталган, мамлакат фуқаролари ҳам ўз давлатини шу номда атайди ва бу номни бугунгача ҳам АҚШ ҳамда кўплаб давлатлар расман ишлатади.

Аҳолиси 55,3 миллион киши. Мьянмада 138 га яқин этник гуруҳлар бўлиб, 70 фоиз аҳоли бамар милатига мансуб.

Бирма тили давлат тилидир. Мамлакатда шань, карен, качинг, менинг каби тилларда ҳам сўзлашилади.

Аҳолининг 80 фоизи буддизм, 7,8 фоизи христианлик, 5,8 фоизи маҳаллий динлар ва 4 фоизи ислом динига эътиқод қилади.

Мьянма ўтмиши ҳақида

Мамлакат тарихи ҳақида қисқача ёзадиган бўлсак, Мьянманинг туб аҳолиси бугунги ҳудудида бундан 4 минг йил аввал шимолдан тибет-бирма қабилалари келиб ўрнашиши билан шакллана бошлаган. IX-XII асрларда эса халқ сифатида шаклланиб, XVIII асрда Мьянмада қудратли Конбаунлар давлати ташкил топади. 

XIX асрдан инглиз мустамлакачилари Мьянмани босиб олишга киришдилар. 1824 йил 5 мартда Англиянинг Ост-Индия компанияси Мьянмага қарши уруш бошлади. Аракан, Тенсарим вилоятларини босиб олди. 1852 йил мамлакатда мон, шань ва карен халқлари ғалаён кўтарди. Шу вақтда Ост-Индия компанияси Мьянманинг Пегу вилоятини эгаллайди. 1885 йил инглизлар Мьянманинг бир қисмида жойлашган мустақил Ава давлатини енгиб, бутун Мьянмани ўз мустамлакасига айлантирди ва уни Британия Ҳиндистони таркибига қўшиб олди. 

Мустамлакачилар барча ҳосилдор ерларни тортиб олиб, миллий бойликларни талади. Бунга жавобан миллий озодлик ҳаракати авж олди. 1920 йил талабаларнинг Янгондаги биринчи ғалаёни Мьянмаларнинг миллий озодлик қаракати ривожланишига туртки бўлди. 1930-32 йилларда мустамлакачилар ва маҳаллий ҳукмдорларга қарши катта ғалаёнлар бўлиб ўтди. Миллий озодлик ҳаракати 30-йилларнинг иккинчи ярмида бутун мамлакатга ёйилди.

Мустамлакачилар халқ ғалаёнларини тўхтатиш мақсадида Мьянмани Британия Ҳиндистони таркибидан ажратдилар. Лекин бу тадбир миллий озодлик ҳаракатининг ривожланишига тўсқинлик қилолмади. 1942 йилда Мьянмани Япония босиб олди. Мьянма халқи япон босқинчиларига қарши курашди. 1944 йилда Мьянма халқининг миллий қаҳрамони Аун Сан Халқ озодлиги антифашист лигасини тузди. Аун Сан ва Не Вин бошчилигидаги Миллий армия ва халқ лашкарлари босқинчиларга қарши қуролли қўзғолон кўтардилар. Японлар мамлакатдан қувиб чиқарилди (1945). Англиялик мустамлакачилар Мьянма ҳукумати раҳбарларига қарши суиқасд уюштириб, Аун Сан ва унинг бир неча сафдошини ўлдирдилар (1947). Шунга қарамай, ватанпарварлар ички ва ташқи реакцияга қарши курашни янада кучайтирдилар. Ниҳоят, Англия Мьянма миллий мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди ва таъсис мажлиси ўтказишга розилик берди. 

1947 йил 24 cентабрда бўлиб ўтган таъсис мажлиси Мьянма конституциясини қабул қилди. 17 октябрда имзоланган шартномага биноан, Мьянма Британия империясидан чиқди. 1948 йил 4 январда расмий равишда мустақил давлат деб эълон қилинди. У Ну раҳбарлигида ҳукумат тузилди. 1962 йилда бир гуруҳ зобитлар давлат тўнтариши ўтказди. Ҳукумат генерал Не Вин бошчилигидаги Инқилобий кенгаш қўлига ўтди. 1988 йил март-август ойларидаги оммавий халқ ғалаёнлари натижасида Не Вин ва унинг тарафдорлари истеъфога чикди. Ўша йил 18 cентабрда ҳарбий тўнтариш бўлиб, ҳокимият Қонунийлик ва тартибни тиклаш Давлат кенгаши қўлига ўтди. 1992 йилдан кенгашга раҳбарлик қилиб келаётган генерал Тан Шве мамлакатда парламент сайлови ўтказилгандан кейин бошқарувни халқ ҳокимияти қўлига топширишини билдирган. Мьянма — 1948 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлар 2001 йил февралда ўрнатилган.

Табиати

Мьянма иқлими жойлашуви ва баланд тоғларига қараб ўзгариб туради. Иқлими субтропик/тропик ва уч фаслга эга - ноябрдан февралгача салқин қиш, март ва апрель ойларида иссиқ ёз мавсуми ва майдан октябргача ёмғирли мавсумда жануби-ғарбий муссон ҳукмронлик қилади. Мамлакатнинг катта қисми Осиёнинг муссон минтақасида жойлашган, унинг қирғоқбўйи ҳудудларида йилига 5000 мм. дан ортиқ ёмғир ёғади. 

Тоғларнинг баланд жойлари, айниқса шимолида кучли қор ёғинлари бўлиб туради. Мьянма иқлими сайёҳларнинг келишига сезиларли таъсир кўрсатади. Сайёҳлар ёмғирли мавсумда кам бўлишади, ноябрь-апрель ойлари орасида давом этадиган мавсумда саёҳат қилишади. Энг юқори сайёҳлик оқими декабрь ва февраль ойларига тўғри келади. Мамлакатда сайёҳларни олтин гумбазга эга ибодатхоналар, Мандалай тепалиги, Нгапали пляжи, Риҳ кўли, Попа тоғ боғи ва бошқа табиат гўзалликлари жалб қилади.

Мьянма ҳақида ғаройиб фактлар

1.  Мьянмаликлар чойдан нафақат ичимлик, балки ундан таом сифатида ҳам фойдаланишади.

Мьянмада чой баргларидан лаҳпет тҳоҳк - чой барги номли севиб истеъмол қилинадиган салат тайёрланади.

2.  Мьянмалик балиқчилар балиқни қайиқнинг чеккасида бир оёқда туриб овлашади, чунки иккинчи оёқдан эшкак эшиш учун фойдаланилади. Балиқчилар одатдаги балиқ овлаш техникасидан фойдаланишмайди, чунки улар ов қиладиган кўлларда қамиш ва сув ўсимликларининг кўплиги бунга ҳалақит беради. Қайиқ учида туриб олиш эса балиқни кўриш ва овлашни уларга осонлаштиради.

3.  Мьянма ҳақидаги ўзига хос фактлардан бири шундаки, у яқин вақтгача метрик ўлчов тизимини қабул қилмаган дунёдаги учта мамлакатдан бири, қолган давлатлар АҚШ ва Либерия. Давлат император ўлчов тизимидан фойдаланади.

4.  Мьянмада ичимлик суви пулга сотилмайди. Бозор, жамоат жойи, меҳмонхона ва дўконларда фильтрли идишларда бепул берилади. 

5.  Мьянмада ҳафта 8 кундан иборат. Астрология ва сайёраларга асосланиб, Мьянмада бир ҳафта етти кун эмас, саккиз кун қилиб белгиланган. Чоршанба икки алоҳида кунга бўлинган - тушдан олдин ва тушдан кейин. Бошқа кунлар ўзгаришсиз қолади.

Мьянмада Исломнинг ривожи

Мьянмада IХ асрдан бошлаб мусулмонлар яшаб келади. Кўпчилик  мусулмон денгизчилар маҳаллий аёллар билан оила қуриб, Бирма портларини доимий яшаш жойларига айлантириб боришган. Араб ва форс манбаларида Мьянма номи IХ-Х асрларда савдо ҳақидаги маълумотларда тилга олинади. Тарихан Мьянма Хитой, Ҳинд океани, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани қамраб олган кенг савдо тармоғининг марказида бўлган. 

Мьянмада урушда асирга олинган ва Бирма қироллари хизматида бўлган ёлланма мусулмон аскарлар ҳам кўп бўлган. XV-XVII асрларга тегишли бўлган форс ва ҳинд манбаларида Мьянмадаги мусулмонларнинг манзилгоҳлари тасвирланган.

Мьянма шимолида хитой-мусулмон пантайи, шань мусулмонлари ва Ракхайнда роҳинжа мусулмонлари каби турли хил бирмалик этник озчилик бўлган мусулмон гуруҳлари мавжуд. 

Бугун Мьянмада 5,8 миллион мусулмон бўлиб, уларнинг аксари араб, турк ва форс миллатига мансуб. 

Роҳинжа геноциди

Мьянма Британия мустамлакаси бўлган пайтда роҳинжа мусулмон жамоаси ва  буддавийларнинг Бурман жамоаси ўртасида зиддиятлар юзага келган. Ўша даврдаги низолар изи ҳозиргача ўчмаган, натижада яқин йиллар  ичида ҳам кескинликлар зўравонликка айланди, асосан буддист тўдалар роҳинжаларга ҳужум қилиб келмоқда. 

Роҳинжа геноциди бирма ҳарбийлари томонидан мусулмон роҳинжа халқига нисбатан давом этаётган таъқиб ва қотилликлардир. Бугунги кунга қадар геноцид икки босқичдан иборат бўлди: биринчиси, 2016 йилнинг октябридан 2017 йилнинг январигача бўлган ҳарбий репрессия, иккинчиси эса 2017 йилнинг августидан бошлаб амалга оширилган ҳаракатлар. Қатлиом миллиондан ортиқ роҳинжаларни бошқа давлатларга қочишга мажбур қилди. Уларнинг аксарияти Бангладешга қочиб, дунёдаги энг йирик қочқинлар лагерининг яратилишига олиб келди, бошқалари Ҳиндистон, Таиланд, Малайзия ва Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа қисмларига қочиб кетган. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар бу ҳодисаларни «этник тозалаш» деб атаган.

Роҳинжаларга қарши ҳарбий ҳаракатлар БМТ, Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти ва Малайзия ҳукумати каби турли доираларда танқидга учради. Ҳукуматнинг ўша пайтдаги раҳбари Аун Сан Су Чжи, айниқса, бу масалада ҳаракатсизлиги ва сукут сақлагани, ҳарбий зўравонликларнинг олдини олмагани қораланган.

Мьянма масжидлари

Хсипавадаги жоме масжид

Сиподаги масжид

Мавлавиййин масжиди

Закариё Шокаримов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

367 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

281 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

476 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1105 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1728 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1344 19:36 06.02.2023
« Орқага