Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Чўлоқ қулон

776

Маҳбус  Алихонтўра ибодатини якунлаб жойнамоз устидан турар экан, хаёлидан шу гаплар ўтди: “Ўша Вақтли ҳукуматнинг сўнгги мажлисида айтганимдек, ҳеч кимдан ранжида эмасман. Гарчи, советнинг тарбиясини кўрган Аҳмаджон Қосимий, Далелхон Суғурбоев, Исҳокбек Мононовлар “битим” тарафдорлари бўлиб чиқишган бўлса-да, улардан ҳам розиман. Бу азаматларнинг матонатларига ҳар қачон таҳсин айтаман. Зотан, уларнинг ҳам ўз ҳақиқатлари бордир. Менинг эса ўз ҳақиқатим бор. Бу ҳақиқатим – ягона Аллоҳ йўлидир. Яратганнинг инояти туфайли улар билан битта манзилда топишдик. Бу манзил – халқнинг озодлиги нуқтаси эди. Қайси биримиз қандай йўлдан бормайлик, халқ озодлиги, унинг инсоний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фикримиз бир жойдан чиқди. Шарқий Туркистон инқилоби охирига етмади. Аммо бир ҳақиқат юзага чиқди. Бу – халқ бирлигидир. Ўша жавоҳир сўнмаса, уни, албатта, ғалабага етказади. Қолганига ё Раззоқ...” 

V

Хонага бир ёш аскар патнисда турли егуликлар ва чой олиб кирди. Шундагина Алихонтўра кечадан буён туз тотмаганини эслади. Аскар қуйиб узатган чойни оларкан, бир сония хаёлидан: “балки, булар заҳарлангандир”, деган фикр ўтди. “Агар Аллоҳнинг буйруғи шу бўлса, чора йўқ”, деб аскар қўлидан чойни олиб хўпл ади... пешонасидан тер чиққанини сезди... Шу пайт у яна Аллоҳдан: “Pуҳимни чўктирмагин, бошимни ғоз қилгин, эй Яратган Эгам, токи душманим кулмасин”, дея сўради. Нима демайлик, у айни дамда ўз халқининг бағридан юлиб олиб кетилаётган бир юртнинг, таъбир жоиз бўлса, подшоҳи эди. Бу юртнинг бутун ҳудуди икки томонламабосқинчилар билан ўралган бўлиб, ҳали халқаро миқёсда тан олинмаган давлат эди. Уларни қўя туринг, ҳатто 12 йил ҳукм сурган Ёқуббек оталиқ давлатини ҳам Туркия ва Англиядек “халқпарварман” деб кўксига муштлаган кўп давлатлар тан олишмаган, деган ўй хаёлидан ўтди Алихонтўранинг. 

“Нега, нима учун дунё бундай кунларга қолди? Дунё яралгандан бошлаб ҳеч бир даврда ҳозирги замонамиздек ер юзини қоплаган улуғ офатлик балолар халқ бошига тушган эмасдир. Биринчи дунё уруши чиқиши билан олам сиёсати ўзгарди. Ўша замон подшоҳлари тахтларидан ажрагач, Русияда коммунистлар фирқаси ғалаба қозонди. Бунинг натижасида совет ҳукумати қурилиб, унга қарашли бутун ўлкаларда динсизлик, Худосизлик бошланди”. Дунёни ана шулар бузди. Уларга хос бир гапни қаердадир ўқиган эдим: ...Таълимнинг кераги йўқ, илмфан ортиқча даҳмаза! Илм-фансиз ҳам бу дунё яна минглаб йил яшайди, аммо бўйсунишга ўрганиш лозим. Дунёда фақат бир нарса етишмайди: итоаткорлик. Таълимга ташналик доим аслзодалар ташналиги бўлган. Озгина оила, озгина севги-муҳаббат бўлдими, тамом, эгалик қилиш истаги бошланади. Биз истакларни ўлдирамиз: ичкиликбозлик, фисқ-фасод, чақувни авж олдирамиз; ақл бовар қилмайдиган бузуқчиликка йўл қўямиз; ҳар бир даҳони ҳали гўдак чоғидаёқ сўндирамиз. Ҳаммасини битта махражга − тенгликка олиб келамиз.Ҳа, коммунизмчи иблисларнинг ниятлари шундай эди... Гарчи, тарихда не-не золим подшоҳлар ўтди, аммо улар советларчалик инсоннинг инсоний, диний ҳуқуқларидан айирмаган эди. Бўлмаса, Чингизхон не даражада золим эди! Тож-тахт деб ҳатто ўз ўғлини ҳам аямади. Тарихда “Чўлоқ қулон” деган қисса бор. Ўша қисса Чингизхон тўнғич ўғли Жўжихонни сирли равишда ўлдириб юборгани ҳақида ҳикоя қилади. Чингизхон ўғли Жўжига босиб олинган ерлардан Иртиш ҳавзаси ва қуйи Обгача, Қора, Каспий ва Орол денгизлари чегараларигача бўлган майдонларни тақсимлаб берган бўлса-да, ундан чўчир эди. Чунки Жўжи ўта қобилиятли эди. Бундан ташқари, у кейинги пайтларда хотинининг измидан чиқмайдиган бўлиб қолди. Чингизхон ўғлини ўз қўли билан ўлдиришдан тийилиб турарди. Тарихчиларнинг ёзишларича, ниҳоят шундай бир кун келдики, хоқон бу жиноятдан ўзини тия олмади. Жўжи овга чиқадиган бўлганини узоқдан туриб эшитди, балки, бу овни ўзи уюштирди. Хоқон ўғли ортидан қотилларни жўнатди. Ов пайти бир қулон кўзга тушиб, ҳамма унинг кетидан қувди. Жўжи бир камон тортиб унинг оёғидан урди. Ўқ еган қулон яна жон-жаҳди билан қочди ва бундан завқланган Жўжи ҳам орқа-олдига қарамай қулонни қувишда давом этди. Бундан фойдаланган Чингизхон “овчилари” қулонга отаман деб Жўжихонни ўлдириб қўйишди... Чингизхон ўғлининг ўлими ҳақидаги хабарни ҳар қандай ота каби чуқур ғам-андуҳ билан кутиб олди. Шу даражада мотам тутдики, “Агар ким бўлмасин Жўжининг ўлгани ҳақида бундан буён эскартса, унинг оғзига қўрғошин қуйишини” айтди. Аммо бундай тақиқларга қарамай “Чўлоқ қулон – Жўжихон”  қиссасини у ҳукмронлик қилган  қадимги улусларда узоқ йиллар айтиб юришгани тарихларда бор. 

Тахт дегани кўп замонлар ана шундай бегуноҳ қонлар эвазига қурилган... Фақат қадимдами, дея ўйлашда давом этди Алихонтўра.  Бугун-чи? Ҳа, биз ҳам ҳисобсиз қурбонлар бердик. Лекин тахт учун эмас, Аллоҳ берган диний-миллий ҳақ-ҳуқуқларимизни қайтариб олиш учун қон тўкдик... Бу қон коммунистик дунёқарашни эмас, ўз эрки, дини, миллати ва ўз давлатини қуриш учун тўкилган қутлуғ қондир...  

Аскар узатган чойдан ичар экан, ана шу ўйларни хаёлидан кечирди Соғуний.

... Хонада яна бир ўзи қолди. Теварак-атрофга разм солди. Тўрда Сталиннинг сурати осиғлиқ турарди. Бу ҳам Чингизхоннинг бир нусхаси. Фақат у тахтни ўғлини ўлдириб эмас, отаси  Ленинни ўлдириб, биратўласи эгалик қилиб олди, дея хаёл қилди Алихонтўра. Ўрнидан туриб, суратга яқинлашди. Ич-ичидан тўлғаб келаётган ўчмас оловни сезди. Бу ғазаб эди. Ўтирган стулини қўлига олди... Шу пайт хаёлидан Исломда ғазабни боса олиш ҳам улуғ хислат экани ўтди ва қўлидагини жойига қўйди.

–  Ғазабинг босилдими, тўрам,– дегандай бўлди Сталин девордан унга қараб.

–  Суратинггаки, шунчалик ғазабим тошди, ўзингни кўрсам, билмадим, нима бўларди!– деди Алихонтўра ҳам деворга қараб.

–  Жойингга ўтир, Алихонтўра, суҳбатлашиб олайлик, – деди Сталин девордан жилмайиб.

–  Сен билан суҳбат қилиб бўлдим, номард эдинг, номардлигингча қолибсан, “халқлар отаси”, – овоз чиқариб деди Алихонтўра. –  Қарисан, қартасан, ўз қонингга тортасан, деган ўзбек мақоли яна бир бор тўғри чиқди. Туркларнинг душмани қадимдан кўп бўлган. Сен ҳам ўшаларнинг боласисан-да! Ўйларинг қусурли, сен билан бошимиз битта қозонда қайнамайди... Сен бу бош ларни бирга қайнатаман деб оғизда лоф урасан, холос. Аммо билки, “Ал қасосул минал ҳақ!” Шундай кунлар келади, миллионларнинг қони эвазига қурган салтанатинг худди лой гупчакка ўрнатилган улкан ғилдирак мисоли ўз оғирлигини кўтара олмасдан нураб тушиши тайин...–  Бу дунёдаги ҳамма нарса нисбий эканини мен ҳам биламан, тўрам, – деди Сталин негадир маъюс овозда. – Тарихда қанча-қанча империялар таг-туги билан йўқ бўлиб кетмаган, дейсан. Мана Шарқий Туркистонни гоминданчилардан озод этишга сени нима даъват этди? Биламан, уйғур халқининг товонлар остида эзилиб ётгани, деб жавоб берасан. Тўғриси ҳам шу. Мен ҳам совет халқи Гитлер Германиясининг қулига айланмаслиги учун у билан жанг қилдим ва бу жангда ютдим. Сирасини айтганда, сен ҳам ютишинг мумкин эди. Балки, ютган эдинг ҳам. Аммо мен бунга йўл қўя олмасдим. Чунки сен ҳимоя қилаётган ўлка шунчаки назардан четдаги бир овлоқ жой эмас. Бу ерларнинг мендан бошқа ҳам хушторлари кўп. Агар ўртамиздаги келишувга кўра сени охиригача қў йиб, бу ерда мустақил давлат пайдо бўлганида биласанми, нима бўлар эди. Мен бутун Ўрта Осиёдан ажралардим. Бу СССР учун жуда катта йўқотиш. Америка, Англия, ҳатто Хитойнинг ўзи мени кўз очирмай қўяр эди. Хитой билан нега дўстлик қилиб келяпман? Бизни бу мамлакатга боғлаб турган нарса ғоявий қарашларимизнинг муштараклигидан ташқари  бизга энг катта чегарадош мамлакат. Шундай экан, у билан келишмасак бўлмайди. Хитойни ўзига қўйиб берсанг, у бутун Ўрта Осиёни ҳам меники, деб даъво қилади. Ҳа, сен жонингни жабборга бериб ҳимоя этаётган ўлка ер юзининг жавоҳирларидан бири саналади. Мана, 1943 йили бўлса керак, Япония биз билан Германияни яраштирмоқчи бўлди. Улар бизга жанубий Сахалин ва Куриль оролларини қайтариб бериш ва шу сен курашаётган Шинжоннинг ҳам бизнинг таъсиримизда қолишини айтишди. Бу Япониянинг талвасаларидан бири бўлиб, Гитлер Германиясидан кейин янчилиш навбати ўзига келишидан хавотирда эди.

Хитой эса шундай маълумотларни дастак қиладики, Шинжон билан чегарадош барча Совет республикалари бир замонлар уники бўлган экан.. мана шундай шароитда сенга мустақиллик бера олмас эди. Мени тушун...

–  Биламан, Жугашивили, сен ҳар доим Хитойга ҳудудий даъвоим йўқ, деб келасан, –  деди Алихонтўра анчайин ҳовурини босиб. – Аммо ўша ўзинг мақтанган “ер юзининг жавоҳири”дан кўнгил ҳам узолмайсан. Бир сен эмас, сендан илгариги ҳукмдорларнинг ҳам Шарқий Туркистонга доим кўнгли суст кетган. Ҳатто чор Русияси Ила вилоятини ўн йилдан ортиқ мустамлакага ҳам айлантирган. Шунга ўхшаб сен ҳам тилингда даъвом йўқ, дейсан-у, аммо ичингда тусаб турасан... Буни ўша Чан Кайши сезмайди, дейсанми? Сезади, Жугашивили, сезади. Шу боис ҳам ўша генералиссимус Шинжон сен томонингдан Хитойнинг ажралмас ўлкаси эканини тан олишингни жуда истаяпти. 1945 йил 14 августдаги келишувларинг билан Шинжонни оёқ-қўлини боғлаб қўйдинг. Ахир биз билан ҳам келишув тузган эдинг-ку! Бу қандай субутсизлик?! Ҳийлаларингни бошдаёқ билсам-да, аммо бошқа иложим йўқ эди. Бир оёғим билан сенга таяниб инқилоб қилдим. Арқонни узун ташладинг. Чан Кайшини доғда қолдириб, Мао Цзедунни пинжингга олдинг. Бизни эса ўша арқон билан боғлаб бердинг, аммо уйғур халқининг чамасини ҳисобга олмай иш тутдинг. Ўйлаган эдинг-ки, бу исёнчилар Ҳайронбоғдан нарига ўтолмайди, деб. Биз эса бутун учта вилоят, 300 минг квадрат километр жойдаги халқларни озодликка олиб чиқдик. Агар сен ўйлаб топган ўша “Битим” бўлмаганда, Шарқий Туркистон нафақат Гоминдан, шу билан бирга сенинг ҳам сиртмоғингдан озод бўлар эди...

–  Алихонтўра, сен актёрлик деб айтаётган менинг Шинжон шахматидаги юришларим, билсанг, сиёсат, – деди Сталин ўзига хос бўлган вазминлик билан. – Мен кузатиб турдим, қўшинингда бир ватанпарвар учун зарур ҳамма фазилатлар мужассам эди. Тўрам, сенинг содда сиёсатингни юргизиб келганлар орасида бирлик етишмайди. Буёғини сўрасанг, сиёсат ўзи шундай: яланғоч аёлга ўхшайди... Кимнинг қўли узун бўлса, сиёсат ўшаники. Қарасам, қўлинг узун келмоқда. Биз тарбиялаган одамларни ҳам алал-оқибат ўзингга оғдариб олдинг. Бугун Аҳмаджон Қосимий, Исҳоқ Мононов каби одамларимиз эгилишдан бош тортишмоқда. Буларни сезмайди, деб ўйлайсанми? Агар сен уларнинг орасида бўлсанг, таъсиринг янада кучайишини, сен тузган ҳукуматни йўлга солишимиз мумкин бўлмай қолишини ўйлаб, шу йўлни тутдим.–  Мен ҳам сиёсатингни неча замонлардан буён кузатиб келаман, Жугашвили, – деди кулимсираб маҳбус. – Ростдан ҳам сиёсатинг ўзинг айтгандек, бир фоҳишанинг ўзи. Лекин менинг сиёсатим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўриғидаги бир амалиёт. Буни тушунмайсан. Сени даҳо дейишса ҳам, инсон руҳиятини чуқур англамайсан. Тўғрироғи, англашни истамайсан. Сен ҳам менга ўхшаб ёшлигингда диний мактабда ўқимаганмидинг?! Бир кунлар келади, сен ҳам, мен ҳам тўкилган қонлар учун жавоб берамиз. Ҳаёт оламидан охират оламига қай тарзда йўл соламиз? Бу дунёни ташлаб кетар эканмиз, ёнимизда оғзингга бир томчи сув томизишга ярайдиган яқининг топилмадими ёки хор-зорликда ўласанми бу ёлғиз Яратган эгамга аён, Жугашивили. Сен билан мен юритган сиёсатнинг қай бири қанчалик адолатли экани сўнгги кунимизда, албатта, юз кўрсатади...  

–  Алихонтўра, сен Макиавеллини ўқимагансан-да! – яна истеҳзоли кулди Сталин. – Ўқиган бўлганингда мени бунчалик айбламаган бўлар эдинг. Унинг “Ҳукмдор” деган китобида давлат бош лиғига бундай насиҳатлар бор: ўз ичингда ваҳшатли арслон билан ҳийлакор тулкининг бошини қовуштиргин, дейди у. Мен шундай қилдим ва нафақат туркийлар, балки биринчи бўлиб, славянлар ҳам қаршимда тиз чўкдилар. Алихонтўра, мени туркийларнинг душманисан, деб бекорга айблаяпсан. Славянларга кўрсатган “марҳаматимни” ҳали туркийларга қилганим йўқ...

–  Ўша сен айтган Макиавелли яна бундай дейди, “ўртоқ” Сталин, бунисини энди мендан эшит, – дея деворга қайрилиб қаради Алихонтўра – Ҳукмдор халқни икки хил усулда бошқаради. Биринчиси – қонун билан, иккинчиси – куч билан. Биринчиси – инсонга хос хусусият, иккинчиси эса йиртқич ҳайвонга хос. Сен ўша иккинчисининг йўлидан бординг...

–  Алихонтўра, сен ҳозир ғазабдасан, балки, шундан бўлса керак, сўзларингнинг давомини айтмадинг. Унинг давоми бундай: оқил кишиларни ҳурмат қилишни ўрган, қонунларга риоя қилгин, демоқчисан-а? –  Сталин жиддий тортди. – Сен, Алихонтўра, оқил одамсан, мен сени ҳурмат қиламан. Четдан қараб турдим: одамларим – ўзимга содиқ коммунистлардан тортиб, сотқин оқ генералларгача, ёшлигидан бизга хизмат қилиб келган Аҳмаджон Қосимийдан тортиб Зуннун Тейипгача сени букишга, итоатга, ўша мен ишга солган “битим”га имзо чектиришга уринишди. Аммо сен эгилмадинг. Имзо чекмадинг. Мен ҳам инсонман, менинг ҳам юрагим бор. Айниқса, Амир Темурнинг қабри очилган кундан сўнг уч кун ўтар-ўтмас Гитлер армиясининг мамлакатимга бостириб киргани ва 1943 йилда Амир Темурнинг жасади ўз жойига қўйилгани заҳоти фронтда бизнинг фойдамизга кескин ўзгаришлар бўлганини аниқлаганимдан сўнг мусулмонларга нисбатан бошқача қарай бошладим... Шундан кейин ўзимиз ўқитган болаларни чегарадан ўтказиб партизанлик ҳаракатига қўшилишларига рухсат бердим. Шинжоннинг губернаторига нисбатан қаҳрим келгани, рост, аммо асосий сабаб у эмас эди...

Шу пайт хона эшиги очилиб, патнис тўла мева-чева кўтарган аскар кўринди, аммо Алихонтўра хаёли билан ўнгини фарқлай оладиган ҳолатда эмасди:

–  Мен сенга барибир ишонмайман, Жугашвили, – деди овоз чиқариб ва ўз овозидан ҳушига келиб, қаршисида аскарни кўрди. Нима бўлди буларга, мени кетма-кет сийлашмоқда. Кишанда олиб келинган “меҳмон”га бу даражада иззат-икром нечун?

Аслида, бу иззат-икром эмасди. Бу советларнинг яна бир тилёғламачиликларидан нишона эди. Орадан бироз вақт ўтиб хонага ўша ўзига таниш, Ғулжадаги жанг кунлари бир кўриниб, кейин ғойиб бўлган генерал Козлов кириб келади. У Алихонтўранинг қаршисига, худди Сталин портретининг остига келиб ўтирди:

–  Мартабали Раис! – деб гап бошлади генерал. – Таклифларимизни қабул қилишни, “Битим”га имзо чекишни яна бир бор эсингизга солмоқчиман. Мабодо, яна қаршилик кўрсатсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди. Уйғурлар сизсиз ҳам ўз ишларини йўлга қўя оладилар...

Алихонтўра эса ҳамон Сталин билан кечган хаёлий суҳбати  таъсирида эди...

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

98 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

66 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

141 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

82 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

117 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

77 10:46 18.08.2022
« Орқага