Дабдабадан кимга фойда?

11:30 13.01.2018 583

Ўзбекнинг тўйи ҳеч кимникига ўхшамайди. Энг нозик, миллий жиҳатларимиз тўйларда намоён бўлади. Уларда асрий анъаналаримиз ўзига хос тарзда мужассамлашади.

Афсуски, бугунги тўйларда бу анъаналар қарийб йўқолиб, янгича одатлар, расм-русумлар шаклланмоқда. Тўғри, бизда ҳам келин билан куёвни эл олдига чиқариб, янгича базм қилиш шаклланган. Лекин нега фақат Европага тақлид қилган ҳолда тўй маросими ўтказилиши керак?

Келинларнинг ярим яланғоч оқ либослари, тўй кечасида вальс тушиш, куёвжўраларнинг номаъқул хатти-ҳаракатлари – тўйлардаги бу каби ҳолатлар кўп айтилса-да, ҳамон давом этаётир.

Энг ёмони, тўйда ёшлар ўз билганича ўйнаб-кулсин, уларга халақит бермайлик, деган маънода қаерда қандай одат кўришса, уни олиб кириб, урфга айлантираётганлар кўпайиб бораётир.

Ҳали оилавий иқтисоди шахсий машина сотиб олиш даражасига етмаган оиланинг келин-куёвни ўн бир метрлик "Лимузин" ёки қўша-қўша "Прадо", "Шевролет"ларда тўйхонага жўнатиши қанча маблағ талаб этишини бир ўйлаб кўринг.

Муқаддас динимиз исрофга қарши туради. Бироқ кейинги пайтларда тўй-маъракаларни ўтказишда дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш ҳолатлари кучайиб кетяпти. Дабдабабозликлар тўйлардан кейин келин салом-у қуда чақириқларга ҳам кўчиб боряпти. Бундай ҳолатларнинг носоғлом мусобақага айланиб кетиши, хўжакўрсинга қилинаётган одатларнинг ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бугун Самарқанд вилоятидаги мингдан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида оила маданиятини шакллантириш, ёшлар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, тўй-ҳашамларни тартибли ўтказиш бўйича комиссиялар ишлаб турибди. Баъзи ҳудудларда тўйларни ўтказишда тартиблиликка, четдан келган баъзи одатларнинг йўқотилишига эришилмоқда.

Аммо бу масала айниқса, Самарқанд шаҳрида мураккаб кечаётир. Маҳалла, фаолларни назар-писанд қилмай, ҳатто ҳовлисига ҳам киритмаётган баъзи хонадонлар дабдабали тўй ўтказиб, кейин "Болам бу хотин билан яшамайди", дея маҳаллага мурожаат қилаётганлар кўп учрамоқда. Афсуски, бу пайтга келиб, ғишт қолипдан кўчган бўлади. Шунинг учун бу масалаларда жамоатчиликнинг кучли назоратига таяниш аҳамиятга эга. Маҳаллаларда тўй, дафн маросимлари ва бошқа маъракаларни ихчам ҳамда тежамкорлик билан ўтказишга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, бунда маънавият тарғиботчилари, хотин-қизлар қўмиталари, "Нуроний" жамғармаси фаолиятини тизимли йўналтириш лозим.

Манба: "Зарафшон" газетаси сайти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!