«Танловга муносиб бўлинглар ёш оталар!»

11:00 14.06.2019 421

Дадам шу кунларда Чортоқ санаториясида бироз дам олишга бордилар. Табиатан саёҳатни хуш кўрсаларда, шу ёшга етиб ҳам ўз кўнгил истаклари боисидан оиласиз, онамсиз, бизсиз қаергадир кетмаганлар. Агар чойхонада ўтиришлари бўладиган кун бўлса аввал уйда ўшандай таом ҳозирлаб, ё ҳозирлатиб бизни едириб , кейин хотиржам борардилар. Болалигимиздан бирон марта тарк этмаган феъллари бор, бу - ошни гўштини тинмай бизга ташлаб едириш, шўрвадаги суяклими, лаҳмми албатта униям косаларимизга солиб қўярдилар. Оғизларидаги луқмани илинмаган кунлари йўқ, эслолмайман. Биз қизларни парваришига, тиббий томондан ҳам қаттиқ эътибор қилардилар. Хоббилари бўлган суратга олиш ишлари ва шу орқали ҳам оила тебратганлиги боис, бизни туғилишимиздан то шу кунгача расмга олиб, чиқартириб сақлайдилар.. Дадам учун оила ва фарзандлари доим ва доим биринчи бўлган. Иккинчи, учинчи танлов ҳеч қачон бўлмаган.

Тўнғичим дунёга келганда туғруқхонага келиб, ойнадан «Мени той боламни кўрсат, қизим» деб расмларга олгандилар. Ўшанда бирга ётган оналар кўпда ҳайрон бўлган. Туғруқхонага қизини кўришга оталар камдан кам келаркан.

Ҳозиргача телефон қилсак бизни эркалатмай қўймайдилар, ҳаммамизни ўз атамамиз бор. Катта опамни шер юрак қизим, кейингисини асал қория қизим, «неплановый» учинчини яъни мени «ўғил бола» қизим, синглимни «эркатой қизим» дейдилар.

Баъзида шумлигим тутиб телефонда овозимни ўзгартириб гапираман. Дадам ҳар қандан қўнғироқ бўлсин, ҳар қандай муносабат бўлсин ҳамиша чиройли гапирганлар. Кичик кўнгил, тавозели, ҳазилкаш, доимий табассумда юрадилар.

Жигарларига энг меҳрибони дадам, десам ҳам лоф бўлмайди. Тупроққа қўйган акалари, опаси ва ота-онасининг дуосини олдилар. Тиббиёт ходими бўлгани учун ҳам 24 соат касал яқинларини олдида бўла олди, жонларига оро кирди.. Дадажоним бир сўз билан айтганда «идеал ота»!

Намангандаги аммам дадамни онасидек эркалайдилар, Ҳасанжоним келди, деб пилдир-пилдир айланиб нарса пиширган, едирган, бошларини силаган..

Биласизми меҳр нима?

Меҳр бу кексая бошлаганизда, кучдан қувватдан қола бошлаганизда ёниздаги яқинларингизни кучи ва қувватини сизга бахшида этишидир. Унинг учун сиз ўтмишда ана ўшандай бағрикенглик, фидоийлик қилган бўлишингиз керак. Нобоп фарзанддан дод деяётганлар , ўша нобопга тамал тошини ўзлари қўйганлардир.

Дадам омонатдор бўлиб, омонатни ўргатдилар. Дадам тўғри сўз бўлиб, ростликни ўргатдилар, дадам ҳалол бўлиб , луқма ҳалолигини ўргатдилар.

ДАДА, десак бизнинг кўксимиз ҳавога тўлади.

Ҳар бир қиз ёки аёл бўлсин Эркак зотини ўз отасининг ўлчовида кўришни истайди.

Қизларнинг танлови унинг Отасидир!

(Чортоқдан бир шингил. Аммам ва дадажоним)

Танловга муносиб бўлинглар ёш оталар..!

Мадина Мўминова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!