Наср

“Дада, мени черковга киритишмади...”

4918

Биз беш йил аҳил-иноқ яшадик. Аммо, фарзанд кўрмадик. Бу пайтда дўстларимнинг болалари боғчага қатнай бошлашган, тўй-томошалар қилиб улгуришган эди. Гап-гаштакларда, ўзаро гурунг ва давраларда ўчакишгандай мавзу фақат бола-чақа тўғрисида борар, кимдир ўғлининг бийронлиги, бошқаси қизалоғининг зукколиги ҳақида завқланиб гапирарди. Танаси бошқа дард билмас, дейишганидай, ичимдан ўтаётганини фақат ўзим биламан.

Хуллас, тақдирдан аразлаб, Россияга кетвордим. Сибирдаги шаҳарлардан бирида қўним топдик. Буни қарангки, тез орада рўзғоримизга барака кириб, қолди. Икки хонали уй сотиб олдик. Бир куни ишдан сўнг бозорга кириб ул-бул харид қилдим. Негадир кайфиятим чоғ эди. Ўз қўлим билан палов дамлашни дилимга тугиб, эшикни тақиллатдим. Қандай бахт, Ҳалиманинг ҳам чеҳраси очиқ, кўзлари кулиб турарди.

Иккаламиз ҳафсала билан дастурхон ёздик. Уйимизда товоқ йўқ экан, паловни кичикроқ лаганчага солдим. Бироқ, бир-биримизга термулиб ўтириб, уч-тўрт ошам ош едик, холос Аниқроғи, ош бизни еди.

Нега, нега бояги қувноқликдан асар қолмади, нега тушкунликка тушиб кетдик?

Ана шундай зерикарли ҳаёт давомида кутилмаганда бизнинг осмонимизда ҳам қуёш йилт этиб кўринди. Ҳалима юкли бўлди. Ё тавба, инсон учун энг катта бахт, бу — фарзанд эканлигини янада яққолроқ билдим. Очиғи, кичкинтой Муродбек бизнинг руҳиятимиздаги қийин-қистовли эврилишларга барҳам берди. У бизнинг ёлғиз овунчоғимизга, севинчимизга, борлиғимизга айланди.

Ҳалима бозорда, мен қурилишда ишлардик. Фарзандимиз яхши билим, чиройли тарбия олсин, деган умидда шаҳардаги энг қиммат боғчага жойлаштирдик. У ҳар куни янги гап топиб келганида бошимиз кўкка етиб, суюнганларимизни айтмай қўя қолай. Рус болалари ичида тортинмай, талашиб-тортишмай, эмин-эркин ўсаётганлиги бизга чексиз қувонч бағишларди.

Христианларнинг пасха байрами кунлари эди. Муроджон боғчадан йиғлаб қайтди. Илгари ҳеч қачон бундай ҳол юз бермаганди.

— Ўғлим, нега кўз ёши тўкаяпсан, ахир яқинда мактабга қатнайсан, каттагина йигитча бўлиб қолдинг, — дедим.

У дўмбоқ муштчалари билан узун-узун киприкларидан оқаётган ёшларни артиб, ойисига ёпишди.

  — Мен боғчага бормайман.

— Нега, ким сени хафа қилди?

— Настя холам...

 — Хўш, хўш, тарбиячинг нима қилди?

 — У ҳаммани черковга олиб кирди, мени ташқарида қолдирди.

 — Нега, ўғлим?

Қаранг, дабдурустдан шу сўроқ тилимга келибди. Бунинг ўрнига “жуда тўғри қилибди, биз мусулмонмиз, биз черковга бормаймиз”, дейишим керак эмасмиди?.. Ич-этимни ит тирнаб турганида у ойисига тушунтирди. 

— Менда крестик (ҳоч) йўқ экан.

 — Жон болам, сенга у керакмас, биз мусулмонмиз, — дедим шошиб.

У яна йиғлашга тушди.

 — Мен ҳаммадан ажралиб қолавераманми?

Умрида пешонаси саждага тегмаган, имон нелигини яхши англамаган, мусулмончилик фарзларидан бехабар, аниқроғи — худобехабар одам ўз зурриёдига ҳеч йўқ ўзбеклигини, бу миллатнинг ўзига хос урф-одатлари-ю қадриятларини, имондан юз ўгириш ватангадолик билан баробарлигини қандай тушунтирсин?

Хуллас, бу савол очиқлигича қолди. Таассуфки, Муроджон бу ҳақда бизга қайта оғиз очмади ва биз ҳам бу мавзуга қайтишни хаёлимизга келтирмадик.

Орадан йиллар ўтди. У институтга ўқишга кирди. Бу пайтда фарзандимиз оғир-вазмин бўлиб улғайган, биз билан фақат маиший мавзулардагина мулоқотга киришар, кўпинча ўз хонасига қамалиб, китоб титкилаш билан банд эди.

Эр-хотин иккаламиз не орзу-умидлар билан яшаб юрганимизда бутун мақсаду ниятларимиз сувдаги кўпик, саҳродаги сароб эканлигини пайқадик. Ўша куни ўзбекистонлик таниш-билишлар тўпландик. Ўтириш жуда мароқли ўтди. Ҳарчанд таклиф этсак ҳам Муроджон бизга қўшилмади, ҳатто хизматга ҳам турмади. Орамизда зиёли бир йигит бор эди. У биздан ёш бўлганлиги учун ўғлим билан яқиндан танишмоқ истагини билдирди. Мен уни Муроджоннинг хонасига олиб кирдим. Бу ҳол негадир фарзандимга ёқмади. Шунга қарамай уларни ёлғиз қолдириб чиқдик. Анчадан сўнг, меҳмонлар уй-уйларига тарқалаётганида бояги зиёли йигит Алишербек секин қўлимдан ушлади.

— Тоҳир ака, ўғлингиз билан орангизда сир йўқми?

Бу саволдан ҳушёр тортдим.

— Ҳа, энди ота-бола ўртасида андиша бор-да.

Алишербек менга тикилиб қаради.

— Назаримда қалтис хатога йўл қўйганга ўхшайсиз, болангизнинг дунёқараши бошқача...

— Тушунмадим, аниқроқ айтинг?..

— Яна билмадим-у, — у миссионерлар таъсирига тушган кўринади.

   — Миссионерингиз ким, милициями?! 

   — Йўқ. Аммо қалтисроқ масала бу! Ҳар ҳолда, болани назоратсиз қолдирганга ўхшайсиз.

   — Нима, ўғирлик қилибдими?

   — Э, ака, у имонини ўғирлатибди. Билишимча, христианликни қабул қилганга ўхшаяпти. Ҳеч йўқ, вақтида ўқиётган китобларини кўриб қўйсангиз, олам гулистон эди.

Бошимдан совуқ сув қуйилгандай кўз ўнгим қоронғулашди. Бундан кўра турмага тушса, тузалмас хасталикка учраса ҳам рози эдим. Наҳотки шу қадар лоқайд, бепарволикка йўл қўйдим. Келиб-келиб, тилаб олган болам адашадими?.. Йўқ, мен бундай иснодни кўтаролмайман. Ахир одамлар нима деб ўйлашади? Топган бойлигинг эвазига ўғлингнинг имонини гаровга қўйибмидинг, дейишмайдими? Яхшиси, бу ердан кетиш керак. Унинг жарликка қулашига йўл қўймаслигим керак.

Ичимни каламуш кемираётганлигига қарамай, бир ҳафта чурқ этмадим.

Шу муддат ичида шаҳардаги илмли, обрўси баланд ўзбек ҳамюртларимни дараклаб, улар билан маслаҳатлашдим. Бир фикрга келгач, ўғлимни ўзаро мулоқотга чорладим. Аввалига у осонгина “таслим бўлади”, деган умидда, ўзимга таскин бериб юргандим. Аммо, биринчи саволга жавобини эшитиб, бутунлай эс-ҳушимдан айрилдим.

Минҳожиддин домла унга: “Болам, бу аҳдингдан қайт!”, деди.

Муроджон уялиб, оёғимга йиқилса керак, деган ўйда унга синчков назар ташлаб турардим. Афсус, адашибман. У пинагини бузмай, ғалати гап айтди:

— Ким ўзини осмон тутса, ер бўлар, ўзни ер билганлар кўкда сузар!

Мен ҳеч нарса тушунмадим. Домланинг юзи лола тусига кирди:

    — Имондан айрилганнинг икки дунёси куяр!

    Ўғлим ажиб бир мулойимлик билан яна сирли фикрни ўртага ташлади:

    — Одамларни айбламанг, шунда сиз ҳам айбланмайсиз. Ўзгалар нуқсонини қандай ўлчасангиз, сизни ҳам шу мезон ила баҳолагайлар.

    — Жон болам, ота-онангизни ўйланг, фарзанд учун икки дунё саодати — ота-онасининг икки лаби орасидадир.

Яна мавҳум тушунчалар:

— Сиз сўранг — олурсиз, изланг — топурсиз, эшикни қоқинг ва у очилгувсидир. Ҳар бир сўровчи олади, изловчи топади ва келувчига эшик очилади...

Сабр-бардошим чок-чокидан сўкилди, қаҳр-ғазабим қайнаб-тошди.

— Домла, бу бадбахт нималар деб валдираяпти?

Минҳожиддин домла эса худди олим билан музокара юритаётган каби сокин ва тийрак турарди. У ўтирган жойидан қўзғалар экан, гўё ўз-ўзига гапиргандай секин пичирлади:

— Биродар, назаримда ғишт қолипдан кўчганга ўхшаяпти, кеч қолибмиз. Ўғлингизнинг бутун фикри-зикрига христианлар таълимоти сингиб кетибди.

— Тўғри англабсиз, устоз, — деди Муроджоннинг чеҳраси очилиб. — Мен умр шами ёниб битгунича шу таълимотга содиқ яшайман. Ахир лойдан қуш ясаб учирган, ўликни тирилтирган, кўр ва песларни тузатишга қурби етган Исо ғоялари инсоният учун ҳақиқат машъали эмасми? Мана бўйнимдаги бутга қаранг. Унда мен тириклайин ҳочга михланган пайғамбарнинг нафасини сезиб тураман.

Минҳожиддин индамай эшикка яқинлашди. Бироқ ташқарига чиқишга шошилмади. Менга ачиниб, ҳамдардлик билдираркан: “Тош гавҳарни синдиргани каби, нодонга жавоб сукут”, деди.

...Шундан буён орадан беш йил ўтди. Биз эр-хотин Россияга қандай аҳволда кетган бўлсак, ўша ҳолатда, йўқ, ундан ўн чандон оғир қисматда ортимизга қайтиб келдик. Ёш туриб, юрак оғриғига учрадик. Тўғриси, бу шунчаки баҳона, аслида бизнинг виждонимиз оғрияпти. Юрак хасталигига даво топса бўларкан, бироқ виждон, ор-номусга гард қўнса... ўла-ўлгунингча ўзингни ўзинг “еб” битирар экансан. Ўйлаб ўйимга етолмайман: Агар ўз юртимда борига шукр, йўғига сабр қилиб яшаганимда, шу кўргуликлар бошимда чарх урармиди? Асло! Ҳаёт — фақат моддий бойлик, роҳат-фароғат эса — мол дунё эмаслигини унутибман. Ватандан ўзга ерда бахт йўқлигини уқмабман.

Мана энди тилаб олган фарзандимдан тириклайин айрилиб, на яқинларим, на ҳамқишлоқларим юзига қарай олмай ҳасратдаман...

Абдумутал Абдуллаев,

фахрий журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Блоггерларинг келадими, ё шунча ерни бекорга бервордикми?»

2640 20:30 07.10.2019

Жониворларнинг ҳақлари

1016 18:00 05.10.2019

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

641 23:05 10.09.2019

Кунлар ўткинчидир

512 15:05 10.09.2019

Борига қаноат қилиш ғамни кетказади

688 14:05 09.09.2019
« Орқага