Ислом

«Дадам вафот этди, аммо мен...бахтли одамман...»

2787

Яқинда бир дўстимнинг отаси узоқ давом этган касаллик туфайли оламдан ўтди. Ҳафта ўртаси бўлгани учун ишдан ортиб водийга боролмадим. Дам олиш куни етиб борганимда фотиҳаю маракалари ўтиб, кўнгил сўрагани келаётганларнинг сафи сийраклашган эди. Шу сабаб дўстимиз билан анча ҳасратлашиб ўтирдик.

Дарвоқе, дўстим ва дадаси ҳақида.

У оддий қишлоқ йигитлари қатори уйлангач, янги ер учаткаси олиб уй қуриш, ўғлига тўй қилиш... каби “ўзбекона” ташвиш туфайли йиллаб Россия ё Қозоғистонда ишлар, қиш пайти жойнамозини қидириб қолса-да, бошқа вақт “ишдан ортмас”, агар улфатлар ёлғондакам мажбурласа, ростдан “қиттай-қиттай” қилиб юраверарди. У чет элда юрган пайти синфдошлар “дўппидек” ош устида йиғилиб қолсак, албатта, дўстимизнинг оталарини топиб келардик. Кўнгли очиқ ва самимий инсон бўлганларидан даврамизни “бузиб” қўймасдилар. Мени алоҳида яхши кўрар, ва бунинг сабабини ўзим яхши билардим: озгина диний илмим борлигидан эди бу эътибор. Ора-чира мендан: “Ўртоғингизни ҳам “йиқитинг”, деб беозоргина илтимос қилардилар. Шусиз ҳам дўстимга ибодатнинг шарт ва афзаллиги ҳақида кўп ва хўп айтардим. Аммо натижа бўлавермасди...

Хуллас, “фотиҳа”да ўтирган пайтимиз аср намознинг вақти кириб қолди. Табиийки, намозга тараддудландим. Шунда дўстим: “ Ичкарига кирайлик, бирга ўқиймиз” деб қолди. Албатта, ажабланмадим, чунки бирор яқинидан айрилган ҳамқишлоқларимиз намозхон бўлиб қолади. Аммо, афсуски, бу мутаассирлик кўпга чўзилмаслигиниям биламиз.

Ибодатдан фориғ бўлганимиздан сўнг ўртоғим гап бошлади: “Дадам анча ётиб қолди. Хабарингиз бор, астойдил қаратдим. Машина олишга тўплаган пулим тугаб, анча мунча мунча қарзга ҳам кирдим, лекин розиман. Тўғри, дадам вафот этди, аммо мен...бахтлиман. Чунки йиллаб Россияда юрганимда “пўк” этиб ўтиб қолганларида...ўзимни кечиролмасдим... Узоқ кечаларда ёнларида ўтирдим. Бор гапларини менга айтдилар. Васиятлариниям эшитдим. Улар орасида укамга ва менга беш вақт намозни канда қилмасликни алоҳида тайинладилар, биз ваъда бердик. Сингилларимдан доимо хабар олишимни айтдилар, албатта, хабар оламан. Энди, дўстим, намозни яхшилаб ўрганмоқчиман, Сизга анча саволларим йиғилиб қолган...”

Дўстимнинг кейинги гаплари қулоғимга кирди ё кирмади. Мен унга ишондим, у отасининг васиятига албатта амал қилади, ибодатларини канда қилмайди, иншааллоҳ...

Тошкентга қайтар эканман, дўстимнинг раҳматли отаси ҳақида ўйлаб келдим. Саксон йилдан ортиқ яшади. Доимо ҳалол меҳнат қилиб ўтди, бой бўлишга интилмади. Олти нафар фарзандларини уйлаб-жойлади. Бировдан ошиб ҳам, бошқадан қолиб ҳам кетмади. Ибодатларини ҳам гўзаллик билан адо этарди, яъни қишлоқдаги кам сонли намозхонлардан бири эди. Ўта камтар ва ҳокисор эди. Ҳавас қилса арзигулик умр кечириб ўтдилар. Бир сўз билан таърифлаш керак бўлса, мен бу зотни “яхши банда” деган бўлардим...

Кўз олдимда отахоннинг табассум муҳрланган чеҳралари намоён бўлди. Беихтиёр кўзимдан ёшлар, дилимдан дуолар ёғила бошлади:  “Аллоҳим, шу яхши бандангни  ўз раҳматингга чўмдир...”

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Гиёҳванд йигит ҳақиқий мусулмон бўлди ва...

563 12:10 14.11.2019

«Жоҳилиятга қайтишдан қўрқдим...» ёхуд «Дунё бир гап бӯлар, охиратни асранг!»

636 08:00 14.11.2019

Ислом қийинми?

731 18:00 13.11.2019

Тафаккур ёхуд ғайридиннинг Ислом ҳақидаги фикрлари

2034 08:00 13.11.2019

Мусулмонлар қачон ривожланади?

950 11:00 12.11.2019

Фарзандини олим қилмоқчи бўлган оналар...

1041 19:00 11.11.2019
« Орқага