Дафндан сўнгги оммалашган одатларимиз бидъатми?

05:00 16.05.2018 1314

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Биз Доғистонда ота-боболаримизнинг одатларини қиламиз ва уни гўзал одат деб биламиз. Хоссатан, дафн маросимида. Яъни, қишлоғимизда бирон киши вафот этса, ёшлар қабрни тайёрлаш, катталар эса маййит эгалари билан таъзияга тайёргарлик кўриш билан шуғулланади. Маййит ювиб, кафанлагач, етти ё тўққиз, ё ўн бир киши унинг (маййитнинг) ёнида ўтириб, Анъом сурасини ўқийди. Шундан сўнг қишлоқ аҳли бир ҳалқа ташкил қилиб, уч марта ташаҳҳуд ва истиғфор айтгач, ҳар бир киши минг марта “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дея таҳлил айтади. Таҳлиллар сони етмиш минг бўлиши учун жамоат етмиш ёки ундан кўпроқ жамланади. Гоҳида марҳум шу амалларни бажаришни, шунингдек, Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)га тақлид қилиб (қолдирилган намоз ва рўзаларга) каффорат беришни ҳам васият этган бўлади. Гоҳида эса маййитнинг валийси бу ишларнинг барини ўз ҳисобидан қилишни хоҳлайди. Бу ишлар маййит қабрга қўйилишидан олдин, марҳум манфаатланишига умид қилиб амалга оширилади. Жаноза намозидан сўнг ҳамма қабристонга боради. Балоғатга етган бирон эркак қолмайди. Гоҳида уларнинг сони уч юз нафарга етади. Мана шу ерда бир киши марҳум ҳақига тўлиқ хатм бўлиши учун Қуръоннинг ўттиз жузъини ўттиз кишига тақсимлаб беради. Қабрга тупроқ тортилгач, қишлоқ имоми ёки бирон солиҳ киши қабр рўпарасига ўтириб маййитга уч маротаба: “Эй Аллоҳнинг карим умматининг ўғли, Аллоҳнинг қули, сени дунёдан охиратга олиб чиққан нарсани эсла! У “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳамммадан Расулуллоҳи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва аннал жанната ҳаққун” шаҳодатидир...” талқинини қилади. Шундан сўнг ўша одамнинг ўзи ёки бошқаси қабрга сув қуйишни буюради. Кейин маййит ҳақига дуо қилади. Қолганлар “омин” деб туради. Кейин Фотиҳа сураси, Бақаранинг боши, “Курсий” ояти, Бақара ва Ҳашр сураларининг охирги оятлари, Мулк сураси ўқилади. Агар дафн аср намозидан кейин бўлса, Наба сураси, пешиндан илгари бўлса, Мулк сураси ўрнига Ясин тиловат қилинади ва бир неча бор истиғфор ва 100 марта таҳлил айтилади ҳамда Ихлос, Муаввазатайн билан тугатилади. Охирида барча ўқилганларнинг савобини маййит руҳига етказишни сўраб, Аллоҳга дуо қилинади. Дуо Фотиҳа сураси ила ниҳояланади. Қабристондан чиқиш вақтида маййитнинг эгалари ўнг тарафда саф тортади. Қабристондан чиқаётган ҳар бир киши уларга салом бериб, ҳамдардлик изҳор этади. Шундан сўнг бомдод ва аср намозларидан кейин қишлоқ аҳли маййит қабрини зиёрат қилади. Уч кунгача шу иш такрорланади. Уч кундан кейин бир ҳафтагача, баъзан ундан кўпроқ муддат истаганлар қабрни зиёрат қилади. Марҳумнинг яқинлари эса хоҳлаганича унинг зиёратида бардавом бўлади...

Кейинги вақтларда мана шу ишларни бидъат, деб инкор этадиган ёшлар пайдо бўлди. Ҳазрат, бу одатларимиз ичида нолойиқлари, тарк қилишимиз лозим бўлганлари борми? Сизларда ҳам илгари мана шундай одатлар бўлганми?

Жавоб: Дуо йўли билан маййит руҳига бағишланган Қуръон қироати жумҳур фуқаҳолар наздида машруъ ва мақбулдир. Аммо мазкур ишлар худди жамоат қабр олдида Анъом сурасини ўқиш ва “Буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васият қилганлар, бу суннат” деган эътиқодда амалга оширилмаслиги лозим. Чунки бу Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғон тўқиш маъносига кириб қолади.

Жумҳур фуқаҳолар наздида маййитнинг руҳига бағишлаб фақир-фуқароларга берилган садақа ҳам машруъ ва мабрур. Агар марҳум шуни васият қилган бўлса, молининг учдан биридан ошмаган миқдорда амалга ошириш жоиз. Аммо маййитнинг бўйнида қарзлари, қасам ёки рўзани бузганлик каффоратлари ё шунга ўхшаш нарсалар бўлса, мерос тақсимланишидан олдин ҳақдорларга ҳақларини бериш вожиб.

Агар маййитнинг зиммасида ҳеч нарса бўлмаса ва ҳеч нарса васият ҳам қилмаган бўлса, эгалик ҳуқуқи меросхўрларга ўтиб бўлган мулкидан маййит номидан садақа қилиш жоиз эмас. Аммо меросхўрларнинг ҳаммаси бунга рози бўлса ва улар ичида буни чекловчи чиқмаса, жоиздир.

Демак, сиз сўраётган амаллар мен айтган қоидалар чегарасида бўлса, қабр зиёрати билан биргаликда уларни амалга оширишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Такрорлайман, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон нарса ворид бўлмаган ҳолда “Мана шу Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган суннат”, деган эътиқодда Қуръондан муайян сурани тиловат қилиш ёки муайян нарсани садақа қилишни жорий этиш мумкин эмас.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
"Сараланган фатволар"

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!