Илм

Даҳрий дўстим билан баҳс (иккинчи қисм)

1381

Тақдир ихтиёрийми ёки мажбурий?

Ана шу саволга жавоб тополмайди, деб ўйлаб, дўстим бу сафар мени «мот қилганига» ишониб севиниб кетди ва шундай деди: 

– Аллоҳимиз тақдирнинг барча нарсаларини белгилаб қўйган, ҳамма ишларимизни олдиндан аниқлаб қўйган, дейсизлар. Бундан келиб чиқадики, мен хоҳлайманми-йўқми, дуч келган ҳамма ишни қилишим керак экан-да!

Агар шундай бўлса, нега У бунинг учун жазолайди. Одатдагидай «ўз хоҳишингга кўра бўлади», демай қўяқол, бу энг катта сафсата, ахир. Фикримни давом эттирадиган бўлсам, туғилишим керакми-йўқми, миллатимни, энимни ва бўйимни, теримнинг рангини, ватанимни – барини танлашда ихтиёр ўзимдами? Тақдирни, ўлимни, касалликни беришда менинг истагим инобатга олинадими? Агар ҳамма нарса тақдиримда ёзилган бўлса, уни ўзгартиришга бошқа иложи бўлмаса, унда менинг айбим нимада? Нега унда Аллоҳ мени жазолайди? Агар сен озодсан, Аллоҳнинг ҳукми билан бир қаторда ўз ихтиёрингга ҳам эгасан, деб айтадиган бўлсанг, унда сен ҳам Аллоҳга шерик бўлиб қоласан. Яна бир гап. Жамиятнинг, даврнинг инсониятга таъсири, моддиюнчи-файласуфлар айтган тарихий қонуният ҳақида нима дея оласан?

Дўстим саволларини кетма-кет «тариллатиб» бўлгач, ором топди ва эркин нафас ола бошлади. Ўзининг назарида у мени «тинчитиб» бўлди ва бутунлай саволларга «кўмиб ташлашига» озгина қолди.

Шунда мен хотиржамлик билан шундай дедим:

– Сен сафтасабозларга ўхшаб мулоҳаза юритяпсан. Сенинг ишларинг шубҳасиз Аллоҳ таолога аён ва Унинг китобига ёзиб қўйилган. Лекин бу У сени мажбурлаяпти, дегани эмас. Ҳақиқатан, тақдиринг азалдан белгилаб қўйилган, лекин фақат Унинг илмида. Бу шунга ўхшашки, агар сен ақлинг билан келажакда ўғлингнинг зинокор бўлишини тахмин қилсангу ҳақиқатан бу нарса келгусидаги ҳаётда содир бўлса! Наҳот сен ўз тахмининг билан ўғлингни бунга мажбурлаган бўлсанг? Ёки гарчи сен бундан норози бўлсанг ҳам ва буни хоҳламасанг ҳам сенинг тахминларинг рўёбга чиқадими?

Сенинг эрк, озодлик ҳақидаги гапларинг, уни сафасата дейишинг ҳамда туғилишда, миллат танлашда, ориқ ва семизликда, Қуёш ва Ойни тасарруф этишда сенга ҳуқуқ берилмаганига келтирган далилларинг – сенинг яна бир хатойингдир. Хатонинг яна бир сабаби шундаки, сенинг эрк-озодлик ҳақидаги тасаввурларинг биз, диндорларникидан фарқ қилади. Сен мутлоқ эрк ҳақида гапирасан: теримнинг рангини танлашда – оқ ёки қора танли бўлишимда, баланд ёки паст бўйли бўлишимда ихтиёр ўзимдами, Қуёшни ўрнидан жилдириб, унинг коинотдаги ҳаракатини ўзгартира оламанми, дейсан? Сен мутлоқ эрк ҳақида сўрайсан, яъни коинотда хўжайинлик қилмоқчи бўласан. Бу эрк эса фақат ёлғиз Аллоҳ таологагина тегишлидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир». (Қасас сураса, 68-оят).

Яратиш бобида ҳеч кимда эрк йўқ, чунки фақат Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган ва танлаган нарсасини ярата олади. 

Аллоҳ таоло ҳеч қачон сенинг паканалигинг учун айбламайди, новчалигинг учун таъна қилмайди, Қуёшнинг фазодаги ҳаракатини тўхтатиб қўймаганинг учун сени жазоламайди. Бу масалада, хоҳлайсанми-йўқми, Аллоҳга бўйсунасан, чунки бундан бошқа иложинг ҳам йўқ! 

Баҳсимизнинг мавзуи – сен ҳисоб беришинг керак бўлган ва сенга эрк берилган мажбуриятларинг масаласи. Биз муҳокама қилишимиз ва гапиришимиз мумкин нарсалар шу билан чекланади.

Сен эҳтиросларингни сўндириш, ғазабингни жиловлаш, нафсинг билан курашиш, бад ниятларингни даф қилиш, яхши амалларингни кўпайтириш ихтиёрига эгасан. Сен ўз бойликларингни, ҳатто ўз жисмингни қурбон қилиш эркига эгасан. Ҳақиқат ёки ёлғонни гапириш, таъқиқланган нарсалардан юз ўгириш ихтиёри ҳам ўзингда. Сен ўз назарингни бегона чеҳралардан ўгира оласан. Тилингни сўкишлардан, ғийбат ва бўҳтонлардан асрай оласан. Бу масалаларда ҳаммамиз озодмиз, бу ишларимиз учун ҳисоб берамиз ва барча масалаларда Аллоҳ таоло қаттиқ сўроқ қилади.

Бу ерда сўз бораётган озодлик нисбий тушунча, лекин мутлоқ озодлик дегани эмас. Бу инсоннинг мажбуриятлари масаласидаги озодликдир. Биз масъулиятни ҳис этамиз ва қилган хатоларимиздан афсусланамиз. Қачон эзгу амалларни қилсак, руҳимиз таскин топади. Жуда кўп имкониятларимизни сарҳисоб қиларканмиз, биз ҳар лаҳзада ниманидир танлаймиз. Чунки тафаккуримизнинг энг муҳим вазифаси – танлаш, бир нарсани бошқасидан афзал кўришдир.

Биз безгак титратаётган қўл билан хат ёзаётган қўл ўртасидаги фарқни аниқ кўрамиз. Биринчи қўлнинг ҳаракати мажбурийлигини, иккинчисиники эса – ихтиёрий, мустақил эканини ҳам кўрамиз. Агар бу қўллар ҳар икки ҳолатда ҳам мажбуран ҳаракат қилганида биз уларни бир-биридан фарқлай олмас эдик. 

Бу озодликни яна шу нарса тасдиқлайдики, қалбни ўзи ёқтирмаган бирор нарсани севишга асло мажбурлаб бўлмайди. Аёл кишини дўқ-пўписа, калтаклаш билан ечинтириш мумкин, лекин уни ҳеч қандай куч севишга мажбур қилолмайди. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло қалбларимизни турли-туман зўрлов ва мажбурлашлардан халос қилган, яъни У уларни озод қилиб яратган.

Шунинг учун Аллоҳ таоло қалб ва унинг интилувларини тафаккурнинг асоси қилган. Жазо билан қўрқитиб динидан чиқарилган диндор, агар у иймонсизлик ва шубҳалардан холи бўлса, у ҳолда жазоланмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» деган. (Наҳл сураси, 106-оят).

Хатоликларнинг яна бир томони шундаки, эркни Аллоҳнинг иродасидан, унинг Ягона ҳукмидан устун турувчи деб тушунасан. Озодлик ҳақида гапирганларни Унинг шерикларига ва иродасини амалга оширувчи ёрдамчиларига айланиб қолишда айбламоқчи бўласан. Сен жуда кўп истакларни айтасан. Булар нотўғри тушунчалардир. Инсоннинг эрки асло Аллоҳнинг иродасидан устун бўлолмайди. Инсон баъзан Аллоҳга мақбул бўлмаган бирор ишни қилиши мумкин, аммо у асло Аллоҳнинг иродасига қарши бора олмайди. Бу ерда инсон эрки нисбийлигининг бошқа жиҳати кўриниб турибди. Гоҳида Аллоҳ таолонинг розилигисиз ва шариат қонунларига қарши бўлса ҳам, қиладиган барча амалларимиз Унинг иродаси билан бўлади.

Бизнинг эркимиз – Яратгувчининг ўз иродаси билан бизга юборган туҳфаси. Биз буни Роббимиздан зўрлик билан тортиб олмаганмиз. Эркимиз – Унинг иродаси холос. «Сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтидагина хоҳларсизлар» (Инсон сураси, 30-оят).

Хатоларнинг учинчи томони шуки, тақдир ҳақида, ҳамма нарсанинг олдиндан белгилаб қўйилгани ва эркин танлов иродасининг йўқлиги тўғрисида масала кўтарган кишилар тақдир одамларга уларнинг хоҳишини, одатларини, табиий интилувларини, зарурий эҳтиёжларини ва ҳоказоларини инобатга олмай зўрлаб берилади, деб тушунадилар. Улар қаттиқ адашадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло зулмни аниқ оятлар билан рад этади: «Агар Биз (уларнинг мўмин бўлишларини) хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилиб, шу билан бўйинлари эгилиб қоларди» (Шуаро сураси, 4-оят).

Оятнинг маъноси равшан. Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида У бизни ҳидоят йўлига йўллаб қўйишга қодир эди, лекин У буни қилмади, чунки Аллоҳ таоло томонидан зўрлаш ва зулм бўлмайди.

«Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажралиб бўлди». (Бақара сураси, 256-оят).  

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус сураси, 99-оят).

Йўқ. Аллоҳ ҳеч кимни куч билан иймонга келишга мажбурламайди, зўрламайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз расулига: «Уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом). Балки, Аллоҳ истаган кишиларни ҳидоят қилади» дейди (Бақара сураси, 272-оят).

Тақдир ва азалиётни юқоридан инсонларга мажбурлаб белгилаб берилган нарса деб тушунмаслик керак. Аллоҳ таоло ҳар бир кишининг тақдирини унинг руҳий интилишлари, ақлий имкониятларига боғлиқ ҳолда белгилаб берган. Аллоҳ ҳар бир кишининг машғулоти, интилишларидан қатъий назар, унинг ўз режаларини амалга оширишини истайди. Аллоҳ таолода иккиюзламачилик йўқ. Аллоҳ таоло инсонга у аниқ танлаган нарсасини беради, чунки Аллоҳ ҳар бир киши учун у севган ва интилажак нарсасини танлаб беради. Қуръони каримда шундай дейилган: «Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини (нг ҳосилини) мўл-кўл қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирор насиба бўлмас!» (Шўро сураси, 20-оят). «Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди» (Бақара сураси, 10-оят). «Ҳидоят топган – тўғри йўлга юрган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур» (Муҳаммад сураси, 17-оят). 

Мусулмонларга асир тушган ва товон тўлаб озод бўлган аскарларга қарата Аллоҳ таоло шундай дейди: «Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (яъни, иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан (яъни, товондан) яхшироқ нарса берур ва сизларни мағфират қилур» (Анфол, 70).

Аллоҳ таоло инсон тақдирини Ўзининг иродасига мувофиқ келадиган йўлга тўғирлайди ва йўллайди: агар Унинг иродаси яхшилик бўлса, уни ҳидоят йўлига бошлайди, ёмонлик бўлса, залолатга йўллайди. Бу – иккиюзламачилик йўқлигини билдиради. Тақдирни олдиндан белгилаш – бу инсоннинг ўзининг аниқ танловидир, бу ерда ҳар хиллик ва зиддият йўқ. Аллоҳ таоло тақдиримизни ниятимизга мувофиқ қилиб белгилаб берган. Шунинг учун инсонни сиқувга олиш, зулм, унинг хоҳишига қарши зўрлаш йўқ. Қуръонда шундай дейилган: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидан закот ва бошқа садақотларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (жаннатнинг мавжудлигини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишда) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни ёлғон деса, бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз» (Вал-лайл сураси, 5-10-оятлар). 

Ёки Бадр жангида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидаги тупроқни душманга сочиб кўр қилганлари воқеасини эсланг. Қуръони каримда Пайғамбар алайҳиссаломга қарата шундай дейилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим (тупроқ)ни отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди». (Анфол сураси, 17-оят).

Бу ерда икки хоҳиш: умматнинг хоҳиши ва Аллоҳ таолонинг хоҳиши узвий боғланиб кетган. Тақдирни англашнинг калити ҳам шунда. Бажаришга интилмоқ умматга тааллуқли, ана шуни бажаришга имконият яратиб бермоқ эса Аллоҳга тааллуқлидир: агар эзгу амал бўлса – яхшиларга, ёмонлик бўлса – зулмкорларга тегишлидир. 

Инсон эрки – доимий бўлмаган нисбий тушунчадир, у вазиятга қараб ўзгариб туриши мумкин. Инсон билим воситасида, яъни меҳнат курсларини, ҳаракат воситаларини, алоқани ихтиро қилиш ёрдамида ўз эрки сарҳадларини кенгайтириши мумкин. У масофани қисқартириши, замон ва макондаги тўсиқларни енга олиши мумкин. Атроф-муҳитни ўрганар экан, инсон унга хўжайинлик қилиши ва ундан фойдаланиши мумкин. Одамлар иссиқни, совуқни, зулматни енгишни, баланд чўққиларни забт этишни ўргандилар ва бу билан ўз эркларининг ҳаракат доирасини кенгайтирдилар.

Илм занжирлардан халос бўлиш йўли, озодликка йўл очмоқ имкониятидир. Лекин озодлик сарҳадларини кенгайтиришнинг ассосий воситаси – иймонга келишдир. Аллоҳ таолога яқинлашиш туфайлигина кишилар кўпроқ эркинликка чиқадилар. Ундан мағфират ва нажот оладилар. Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари ҳам бу воситадан фойдаланишган. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга инсон кўзига кўринмайдиган жинларни бўйсундириб берди, уни шамол устидан ҳукмрон қилиб қўйди, қушлар тилини тушунишни туҳфа этди – буларнинг ҳаммаси фақат Аллоҳ ёрдамида бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан Мусо алайҳиссалом Нил дарёсини оқишдан тўхтатиб қўйди. Аллоҳ таолонинг ёрдами билан Исо алайҳиссалом ўликларни тирилтирди, сувда юрди, кўрларнинг кўзини очди, моховларни даволади ва ҳоказо. 

Биз пайғамбарларнинг мўъжизалари ҳақида, масофаларни қисқартириш имконига эга бўлган авлиёлар тўғрисида ўқиганмиз. Бу тинимсиз меҳнат эвазига, бутун қалб ва вужуд билан Аллоҳга имкон қадар яқинлашиш, Унга чексиз ихлос ва муҳаббат туфайлигина қўлга киритиладиган чўққилардир. Бундай кишиларга Аллоҳ таоло бошқаларга ато этмаган билим ва имкониятларни берган. Батаҳқиқ, бу билимлар – Аллоҳнинг неъматидир.

Абу Ҳомид Ғаззолий инсон тақдири муаммосини икки жумла билан баён этиб берган: «Инсон ўз билганлари соҳасида эркиндир, билмайдиганлари соҳасида эрксиздир».

Бундан келиб чиқадики, инсон ҳар сафар ўз билимларини кенгайтираркан, бу билан ўз эрки сарҳадларини ҳам кенгайтиради. Бу эркинлик хоҳ объектив, хоҳ субъектив бўлсин, барибир Аллоҳ таоло томонидан берилгандир.

Моддиюнчилар инсонни тарихий МУҚАРРАРЛИКнинг асири сифатида қараб, қаттиқ адашадилар. Улар инсонни ўзи чиқиб кетолмайдиган ва қочолмайдиган занжирнинг бир ҳалқаси, иқтисод ва жамият ривожи қонунларига бўйсунишга маҳкум бир жонзот сифатида кўрадилар. Гўёки  инсон – қўлсиз, хоҳиш-истаксиз, ҳавода учиб юрган бир чўп эмиш. Ана шу йўл тарафдорлари буни «синфий курашнинг муқаррарлиги» қонуни, деб вайсашдан чарчамайдилар. Лекин бу тушунчалар илмий жиҳатдан хатодир. Чунки инсоний муносабатлар муҳитида муқаррарлик йўқ. Кўп ҳолларда бу – тахмин, мўлжаллардир. Инсон ва машинанинг тишли ғилдираги ўртасидаги тафовут ҳам шунда.

Қуёшнинг тутилишини сонияларигача олдиндан айтиб бериш мумкин, унинг фазодаги ҳаракатини бир неча кун ёки йил олдиндан ҳисоблаб чиқиш мумкин. Аммо инсон эртага нима ишларни қилади, унинг қалбида нималар яшириниб ётибди – буни ҳеч ким айтиб беролмайди. Буни фақат тахмин қилиш мумкин.

Маркснинг башоратлари рўёбга чиқмади. У олдиндан айтиб берганидай, ривожланган капиталистик мамлакатларда коммунистик инқилоб бошланиб кетмади, балки у энг қолоқ ўлка бўлмиш Россияда юз берди ва шу ерда гўрга тиқилди.

Маркс кутганидай капитализм ва коммунизм ўртасидаги кураш кескинлашиб кетмади, аксинча улар тинч ҳамкорликка интилди. Бунинг устига коммунистик давлатлар капиталистлар билан ҳамкорлик қилиш учун ўз дарвазаларини биринчи бўлиб очдилар. Шунингдек, Маркс орзу қилганидай, капиталистик жамиятда зиддиятлар кескинлашиб, бу унинг ҳалокатига олиб келмади. Аксинча капиталистик ишлаб чиқариш гуллаб-яшнамоқда, ихтилоф ва зиддиятлар сотсиалистик лагернинг ўзида кучайиб, охири ҳалокатга олиб келди.

Буларнинг ҳаммаси инсоният тараққиёти тарихини англашга моддиюнча (материалистик) ёндошишнинг нотўғрилиги ва келажакни тасаввур этишнинг хатолигига исботдир. Буларнинг ҳаммасини қаттиқ адашув деб якун чиқариш мумкин. Моддиюнчилар инсонни муқаррарлик тўрига тушиб қолган пашша деб ҳисоблайдилар ва инсоннинг озодлигини, унинг эрки ҳақиқий эканини мутлақо эсдан чиқарадилар. 

Биз моддиюнчиларнинг атроф муҳит ва жамиятнинг инсонга таъсири тўўрисидаги бемаъни фарзларини ҳам рад этамиз. Агар инсон қаршисида бир неча йўл бўлиб, у биттасини танлаш имконига эга экан, ана шунинг ўзи чинакам эркин танловдир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Даҳрийни мот қилган болакай...

3155 06:30 26.04.2020

Даҳрий муаллимни мот қилган бола

2653 16:30 14.04.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (охири)

566 21:30 03.04.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (19-қисм)

413 21:30 02.04.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (18-қисм)

480 21:30 01.04.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (17-қисм)

642 21:00 31.03.2020
« Орқага