Даҳшатли туш

12:00 25.03.2019 1204

Жунайд Суави

Болалигимдан, тор жойлардан ўтсам сиқилардим ва дод, деб  узоқлашардим. Кейинчалик, бунинг касаллик эканини англадиму, лекин бу дарддан халос бўла олмадим. Ҳолбуки, энди истамасам ҳам диққинафас, тор жойда ётибман. Мени ўраб-чирмаб, узун тобутга жойлаштиришди. Атрофимда ўралашаётганларнинг овозини жуда яхши эшитиб, кўзларим юмуқлигига қарамай, ҳар қанақасига уларни кўра оляпман.

– Ёшгина ўлди, шўрлик, дердилар. – Ҳали қилиши керак бўлган ишлари кўп эди.

Чиндан ҳам кўп ишим ярим қолган. Масалан, ўғлимга яхши бир иш очиб беришга улгурмадим. Автомашина ва телевизоримнинг тўловларидан қутулмаган эдим. Катта фирма очиб, дўстларим билан бирга ишлаш ҳам энди армонга айланган. Бунинг устига қиш яқинлашган, ўтин-кўмир ишларини ҳал қилмагандим, чакка ўтган жойларни тузатмагандим.

Ярим қолган ишларимни кетма-кет санаётиб, қулоқларимни  тешиб ўтган  овоздан сергак тортдим. Худди микрофонда гапирилаётгандай бу овоз миямнинг бурчак-бурчакларида акс садо берарди.

– Ўтди! Энди ҳаммаси орқада қолди!, дерди чинқираётган товуш. “Кошки ўтмаган бўлса эди”, дердим. Бу фалокат, қаердан келди, билмайман! Ваҳоланки, автомашинани жуда эҳтиёткорлик билан бошқарардим.
Бўлиб-ўтган воқеаларни эслашга уринар эканман, дўстларим атрофимни ўраб, мен ётган тобутни ёпаётганини билдим. Уларни тўхтатиш учун овозим борича бақириб, ер тепиб қаршилик қилишни истасам-да, на қимирлай оламан, на овозим чиқади. 

Бироздан кейин қуюқ қоронғуликда қолиб, кўзларимни тобут тахталари орасидан сизиб чиққан нурга тикдим. Даҳшат ичида:

– Ё Аллоҳ!, дедим. – Ҳолим не кечади энди? Қўрқувдан ҳеч нарсани ўйлаёлмаяпман. Бу орада мени елкаларига кўтариб, чайқатиб-чайқатиб элта бошлашди. Ташқаридан эшитилаётган овозларга кўра, ёмғир ёғаётган, тобут томчилари ёғочга сингиб кетарди. Менимча, жаноза намози учун масжидга кетаётган эдик. Масжид деганда, бирдан эсладим. Шундоққина уйимнинг яқинида жойлашган, ҳар куни беш маҳал даъват қилинишимга қарамай, ҳеч вақт топиб унга кирмасдим. Аммо эллик ёшга етганимда, намоз ўқишни бошлаб, ҳамманинг шикоятига сабаб бўлган ёмон одатларимни ташлашга аҳдим бор эди. Ҳа-ҳа, шу ҳалокатга учрамасам эди, келажакда бир яхши инсон бўлардим. Аввалроқ эшитганим ва қаердан келаётганини аниқлаёлмаётганим, овоз:

– Кечди-кетди!, дея такрорлади. – Ҳаммаси тугади!
Жанозам ўқилди, мени яна елкаларига кўтаришди. Маҳалламиздаги чойхона олдидан ўтаётганимда, ҳар куни бирга нарда ўйнайдиган шерикларимнинг завқли қаҳ-қаҳаларини эшитиб: “Ўлганим хабарини эшитмаган кўринишади” дея ўйладим.

Овозлар узоқлашиб, қабристонга чиқадиган тепаликни ошиб ўтаётганимизни билдим. Шиддатли ёмғир тобутнинг ораларидан сизиб, бошимни ҳўл қилди. Ташқаридагиларнинг гап-сўзига қулоқ тутдим. Дўстларимнинг баъзилари савдо-сотиқ сустлигини, айримлари эса миллий терма жамоанинг охирги ўйинини муҳокама қилишарди. Тобутимни кўтариб бораётган бошқа бири эса, ёнидагига шивирлаб:

– Раҳматлининг терс феъли, ўлганида ҳам аён бўлди, деди. – Шилта ҳўл бўлдик, оғайни!

Янглиш эшитмаётгандим. Бу дўстларимнинг неча-неча оромини бузгандим.

Сафар тугаб, тобутим ерга туширилди. Тобутдан, жонсиз танамни тутган қўллар, мени тубига сув тўпланган чуқурга туширди. 
Ётган жойимдан атрофимга қарадим.

“Ё Аллоҳ! Шунчаликмиди? Шу пайтгача бу ерга киришимни нега ўйламадим?  Сассиз фарёдимни ҳеч кимса эшитмас, дўстларим мени кўмиш тараддудига тушишди. Яна ўша зулмат қоронғуликда қолдим ва ожиз ҳолимча дуо қилмоқчи бўлдим:
–  Ё Раббим! Яна бир имкон берсанг бўлмасми, Сен истаганингдай, Сен рози бўладиган бандаларингдан бўлардим.  Қабримни жаннат боғчаларидан бирига айлантирардим. Шунда ўша овоз аввалгиларидан шиддатли тусда: “Тугади, тугаб-битди ҳаммаси!” деди. 

Қабримни ёпган тахталар устига отилаётган тупроқ овози момоқалдироққа ўхшар ва бутун борлиғимни қоплаб олган эди.

Шиддат билан ўрнимдан сапчиб туриб, кўзларимни очдим. Хонамдаги ҳаловатли ётоғимда ётибман. Во ажаб, даҳшатли туш кўрибман. Бош томонимда ўтирган доктор ўртоғим, мени ўрнимга ётқизишга уриниб:

– Орқада қолди, ўтиб кетди! Ҳаммаси ортда қолди!, деди.

Ётган жойимдан оҳиста қўзғалдим. Тердан жиққа ҳўл бўлиб, йигирма килога озгандек эдим. Гўё, ташқарида жала қуяр, чақмоқ ва момақалдироқдан бутун бошли уй чайқаларди.
Атрофимдагиларнинг ҳайратли нигоҳлари таъқибида ўзимни қўлга олишга уриниб:

– Ё Раббим, Сенга, Улуғлигинг қадар шукрлар бўлсин!, дедим кўз ёшларимни тўхтатолмай. – Солиҳ банданг бўлишим учун бир имкон бермасанг, нима қилардим-а?...

Турк тилидан Умида Адизова таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!