“Даҳшатли туш кўрибман”

10:00 09.03.2019 1859

Қишлоғимизда судхўр – узоқ муддатга қарз бериб, фоиз ундирадиган одам бўларди. Ҳамқишлоқлар юзига сездирмасликка уринишса-да, аслида ҳурмат қилишмас, ҳатто кўпчилик нафрат билан ўзини ундан четга оларди. Қишлоқдан чиқиб келганимга анча бўлди. Яқинлар, қариндош-уруғни айтмаганда, ўз ҳаётимиз билан бўлиб кетиб, қишлоқдошлар хаёлдан ҳам кўтарилиб кетган экан. Бир куни тушимда судхўр ҳамқишлоғим вафот этганмиш. Аллакимлар, жасадни кўрсатишибди. Жасаднинг боши бир пайтнинг ўзида каламуш ва эшакни эслатадиган алақандай махлуқнинг бошига ўхшармиш. Таъзияга келаётган одамларнинг ҳам боши ҳар хил ҳайвонларнинг  калласига ўхшармиш. Даҳшатга тушиб уйғониб кетдим. Чап томонимга уч марта “туф”лаб, “Астағфируллоҳ” деб қўйдиму, юрагимдаги хижиллик тарқамади. Эрталаб биринчи қилган ишим  – онамга қўнғироқ қилиш ва кўрган тушимни айтиш бўлди.

– Хайрли бўлсин,- дедилар онам. – Ҳозир кўзлари кўрмайди. Ақл-ҳуши жойида эмас. Ўтирган жойида ҳожатини ҳам қўйиб юборади. Аллоҳ ҳолини ислоҳ қилсин...

Юрагим алланечук бўлиб кетди. Инсон боласи учун бундан ортиқ хорлик бўладими?! Бир даврада судхўрлик ҳақида гап кетганида, даврадошлардан бири: “Маҳалламизда бир судхўр бор. Одамлар у ҳақида гапирганида “Шунча мол-дунёси бўлса ҳам буханка нонни қайнаган сув билан еб ўтиради. Уч нафар боласи, неваралари бор, лекин ҳеч қайсиниси ундан хабар олмайди. Судхўрнинг тансиқ таоми – қайнаган сувга хом тухумни чақиб, атала қилиб ейиш экан”, деганини эслайман. Аллоҳ ҳаром қилган нарсада бандасига зарар борлиги муҳаққақ. Судхўрлик, рибохўрлик – гуноҳи кабира. Гуноҳ эса ризқнинг торайиши, (аксариятимиз ризқ деганда фақат моддиятни тушунамиз. Ҳолбуки, иззат-обрў, азизлик ва албатта Аллоҳнинг розилигига муваффақ бўлиш энг катта ризқу насибадир!) хорлик, юзи қоралик, қалб қаттиқлигига сабаб бўлади.  

Баъзан одамлар: “Машаққат билан ишлаб топган пулингни шунчаки қарзга бериб бўлмайди-да, пул қадрсизланиши, нарх-наво ошиб кетиши бор!..”, дея иддао қилишади. Йўқ, Аллоҳ биз бандалар учун бир нарсани ҳаром қилдими, демак, биз учун унда хайр йўқ. Раббимиз буюк Билгувчи ва албатта, ўта шафқатли ва меҳрибон Зотдир!

Рибо нима?

“Рибо” луғатда “зиёда бўлиш, кўпайиш” маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланишади.

Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжга чиқади. Оқибатда, мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади. Ислом дини жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан рибо ва судхўрликни жуда қаттиқ қоралаган. Қуръони Каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган.

Жамиятда яшовчи ҳар бир кишининг ҳаёт тарзи қанчалик соғлом, руҳи пок, имони бутун, тақво ва муҳаббати на қадар самимий бўлса, иншоаллоҳ, бундай жамиятда тинчлик, хотиржамлик, қут-барака, ўзаро аҳиллик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат руҳи вужудга келади ҳамда мустаҳкамланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик. Лекин (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик” (“Аъроф” сураси , 96-оят).

Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол қилган бўлса, рибони ҳаром қилган ва бандаларини рибо ейишдан қаттиқ қайтариб, уларга қиёмат куни бериладиган аламли азоб борлигидан огоҳлантирган:

“Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби – уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақидалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани– ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир” (“Бақара” сураси, 275-оят).

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, шунинг учун ҳам уни турли зарарли иллатлардан қайтарган. Инсонлар ўртасидаги молиявий муносабатларда энг катта зарар келтирувчи иллатлардан бири рибо, яъни судхўрликдир. Судхўрлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, унинг жазоси ниҳоятда оғирдир. Раббимиз ҳар биримизни ҳалол ва пок ризқ устида собитқадам қилсин! (Амин!)

Умида АЗИЗ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!