Россия томонидан қўллаб-қувватланган Сурия армияси мамлакат шимоли-шарқида исёнчилар назоратидаги Идлиб шаҳрида ўнлаб касалхоналар, мактаблар ва бозорларни нишонга олган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши буюртмасига биноан Сурияда 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг июнигача давом этган ҳарбий ҳаракатларни текширган мустақил халқаро комиссия ана шундай хулосага келди. Комиссиянинг ҳисоботи кеча, 7 июнь куни эълон қилинди.
Ҳисоботда айтилишича, Сурия армияси тинч аҳолини ҳисобга олмаган ҳолда қуруқликдан ва ҳаводан ҳужумлар уюштирган, тадқиқотчилар буни ҳарбий жиноят деб атамоқда. Ҳужумлар оқибатида бир миллионга яқин киши яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. Комиссия раиси Пауло Пинейро тинч аҳолининг бомбардимон қилинишини қабиҳлик деб атади.
Тадқиқот муаллифлари тиббиёт муассасаларига ҳужум уюштириш Сурия ҳукумати ҳарбий стратегиясининг бир қисми деган фикрда. Ана шундай ҳужумлардан бирини Россия Ариха шаҳрида амалга оширгани айтилмоқда, ҳужум оқибатида 14 киши, жумладан, 5 нафар бола ҳалок бўлган.
2011 йилнинг мартидан бери Суриядаги урушда камида ярим миллион киши ҳалок бўлгани тахмин қилинади.