Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Деҳқончиликда шерикчилик: музораъа

1046

Юртимизга баҳор фасли кириб келиши билан деҳқончилик билан шуғулланадиган инсонлар учун янги мавсум бошланган ҳисобланади. Суғориладиган ерларнинг асосий қисми фермер хўжаликларига тегишли эканлигини инобатга олсак, барча деҳқон хўжаликлари ўз томорқасига эга бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай вазиятда деҳқонлар ер эгалари билан маълум бир келишув тузишларига тўғри келади.

Исломда музораъа деб аталадиган ер билан боғлиқ шерикчилик битими мавжуд. Қуйида ушбу келишув ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Музораъа – арабча “зироат” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “ўстириш” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса “зироатда шерикчилик қилиш” маъносида қўлланилади.

Шариат нуқтайи назарига кўра, Музораъа ҳосилни муайян нисбатда бўлиб олиш учун тузилган шартномадир.

Музораъа ер эгаси ва деҳқон ўртасида тузилади.

Фақиҳлар, жумладан, ҳанафий ва шофеъий мазҳаби вакиллари, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар музораъа шартномаси жоиз, дейишган.

Икки томон (ер эгаси ва деҳқон) ўртасида музораъа битими кучга кириши учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим:

1. Ер – экин экиш учун яроқли бўлиши

Музораъа шартмомасидан кўзланган мақсад – ҳалол фойда олиш. Ер деҳқончилик қилиш учун яроқли бўлмаса, фойда ўрнига зарар кўрилиши мумкин.

2. Шартнома тузувчи томонлар озод, балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида бўлиши, бир сўз билан айтганда, мукаллаф (яъни шарий ибодатлар фарз бўлган инсон) бўлиши керак.

3. Шартнома муддати келишилиши

Одатда, шартноманинг амал қилиш муддати ҳосил пишиб-етилиши учун кетадиган вақтни инобатга олган ҳолда белгиланади, ундан кам бўлмаслиги лозим.

4. Уруғ / кўчат қайси томондан берилишини келишиб олиш

Уруғ ер эгаси томонидан ҳам, деҳқон томонидан ҳам тақдим этилиши мумкин.

5. Уруғ/кўчатнинг нави ва унга боғлиқ бошқа ўзига хос жиҳатлар ҳам келишиб олиниши лозим

Чунки ҳосилнинг қанча олиниши аксар ҳолларда уруғ/кўчатнинг навига бевосита боғлиқ бўлади. Уруғ/кўчат нави айтилмаса, бу кейинчалик томонлар ўртасида низо чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

6. Ҳосил қандай нисбатда бўлинишини олдиндан келишиб олиш шарт

Бу ҳам келажакда зиддият келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллардан бири, шу сабаб иш бошида улушлар аниқ ифодаланиши керак. Ҳосил тақсимотида бир томон “мен фалон тонна ҳосил оламан, ундан ортгани сенга” дейиши ёки “бир гектардан чиққан маҳсулот меники, қолган бир гектардан чиққани сеники” дейиши жоиз эмас. Балки келишув умумий ҳосилнинг маълум улуши (тўртдан бир, бешдан уч каби) ёки муайян фоизи (80% га 20 % каби) кўринишида бўлса, тўғри бўлади.

7. Шартнома кучга кирган вақтда деҳқон ердан фойдалана олиши лозим

Ер эгаси бошқа биров билан шартнома тузиб қўймаган бўлиши ёки ерга бирор экин экилган бўлиши каби тўсиқлар мавжуд бўлмаслиги лозим.

8. Ҳосил тақсимотга лойиқ нарса бўлиши керак

Маҳсулотнинг поясини бир томон, мевасини бошқа томон олиши ёки буғдойнинг донини бир шерик, сомонини эса иккинчи шерик олиши каби ҳолатлар ҳам жоиз эмас. Бунинг ўрнига томонлар умумий ҳосилни ҳисоблаб чиқаришлари, сўнг уни аввалдан келишилган нисбатда бўлиб олишлари керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Кифоя» китоблари асосида тайёрланди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Деҳқончилик қилиш учун ижарага ер берилади

984 12:50 02.04.2021

«Шоирнинг ҳар мисраси учун бир даррадан урилсин ва...»

1025 16:10 04.11.2020

Афғон деҳқонлари зарар кўрмоқда: қовун-тарвузлари сотилмаяпти

1286 09:30 25.07.2020

Деҳқон хўжаликлари умрбод  ерга эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

764 13:30 23.06.2020

Карантин шароитида деҳқон даласига қандай етиб боради?

833 09:30 27.04.2020
« Орқага