Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Уят сизларга, “халқ вакиллари”!

5892

Бугун Олий Мажлисда она тилимиз тарихида муҳим воқеа содир бўлиши керакдай эди. Бугун ўзбекнинг  ишонган депутатлари давлат идораларига мурожаатларнинг ўзбек тилида бўлиши учун овоз беришлари лозим эди. Депутатларни сайлаган халқ, уларнинг 100 фоиз таклифни қўллашларига шубҳа қилмаган, мана ниҳоят юртимизда давлат тили ҳақидаги 32 йил олдин қабул қилинган қонун кучга киришига яна бир марҳала босиб ўтилади, деган ўйда эди. 
Афсуски...

“Миллий тикланиш” ДП фракциясининг “Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин”, деган таклифига халқ вакилларининг муносабатини кўриб наҳотки биз сайлаган, халққа қоп-қоп ваъдалар берган депутатлар шулар бўлса, деган фикр келади.
“Бир ҳамкасбимизнинг “бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни ҳоҳлаймиз” деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат...
Ўзбек тили ожиз...

Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қиляпти”, дейди таклиф киритган “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров.
Ривожланган демократик давлатларда ҳам давлат тилида иш юритмаслик учун катта жарималар, ҳатто қамоқ жазосигача белгиланган. Масалан, Германияда ҳужжатлар немис тилида бўлмаса кўриб чиқилмайди. Ирландияда ирланд ва инглиз тилларидан бошқа тилда ҳужжат юритган мансабдор шахс 2000 евродан 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм этилади. Грузияда давлат идоралари фақат грузин тилида иш юритади. Зарур ҳолларда бошқа тилларга таржима қилинади, бироқ бу таржималар расмий ҳужжат бўла олмайди.

1998 йилдан бошлаб Латвия Конституциясининг 4-моддасида Латвия тилининг расмий мақоми ўрнатилган; 2002 йилдан бери Сейм аъзолари Латвия тилини ягона расмий тил сифатида сақлаб қолиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишни ўз зиммаларига олганлар. Латвия Конституциясининг 104-моддаси фуқаронинг расмийларга мурожаатларига жавобларини латиш тилида олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Эътибор беринг-а, атиги тўрт йил ичида Латвия тил бўйича барча муаммони ҳал қилибди! Ваҳоланки латишлар ўз юртида аҳолининг 62 фоизини, руслар 25 фоизини ташкил этади. Бизда эса ўттиз йил бўлибдики, ҳалиям “катта оға”нинг сиртмоғидан чиқиб кета олмаймиз.

Савол туғилади: юртнинг хизматкори бўлиши лозим бўлган депутатлар кимнинг манфаатини кўзлаяпти? Нега 34 миллион халқнинг хоҳиш-иродаси улар учун бир пул бўлади? 
Уят сизларга, “халқ вакиллари”!!!

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистоннинг Афинадаги консуллиги ёпилади, Швецияда элчихона очилади

435 20:30 05.05.2021

Россия билан ҳамкорлик дастури юзасидан Мудофаа вазирлиги баёноти

588 12:30 05.05.2021

АҚШдан гуманитар ёрдам юборилди

324 12:00 05.05.2021

Коронавирусдан касалланганлар сони ортиб бормоқда

594 10:30 05.05.2021

Ўзбекистонликлар ишлаш учун Саудия Арабистонига юборилиши мумкин

848 14:30 04.05.2021

Ўзбекистонда уч ой ичида ЙТҲда вафот этганлар сони айтилди 

391 12:30 04.05.2021
« Орқага