Польша ва Литва чегараси яқинидаги Гродно вилоятида Беларус билан қўшма машғулотларда россиялик икки десантчи ҳалок бўлди.
Икки парашютчининг яқинлашиши тўсатдан кучли шамол туфайли содир бўлган. Етарли баландликда бўлмаганлигидан улардан бирининг захира парашют тизими ишлашга улгурмаган.
Айни пайтда Польша Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, бир неча ўнлаб муҳожирлар Польша ҳудудига Брузги чегара пункти яқинида ёриб киришга муваффақ бўлган, бироқ у ерда уларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кутиб олган.
Хабар қилинишича, «мигрантлар Польша мудофаа чизиғи бўйлаб ҳаракатланмоқда».
Шунингдек, Польшадаги ўрмон зонасида 20 ёшли суриялик қочқиннинг жасади топилган. Ўлим сабаблари ўрганилмоқда.
Польша чегара хизмати маълумотларига кўра, Беларус билан чегарада ноқонуний муҳожирлар сони ортиб бормоқда. Фақат Кузницадаги ўз-ўзидан пайдо бўлган лагерда мингга яқин одам бор, жами 4 минггача қочқин чегара бўйлаб тарқалиб кетиши мумкин.
БМТ вазиятни хавотирлик билн кузатмоқда. БМТнинг расмий вакили ўринбосари Фархан Ҳақ вазиятга муносабатини шундай изоҳлаган:
“Барча томонларга мурожаатимиз шундан иборатки, одамлар восита бўлмаслиги керак, улар шахмат пиёдаси эмас, улар одамлардир. Охир-оқибат, қилиниши керак бўлган нарса – уларнинг асосий эҳтиёжларини қондириш ва ҳуқуқларини таъминлашдир”.
Полша ва Литва чегараларидаги кескин вазият фонида Латвия чегараси заиф нуқта ҳисобланади – у ерда тўсиқ йўқ. Аммо Латвия ҳукумати, агар керак бўлса, уларнинг қўшинлари муҳожирлар оқимига қаршилик кўрсатишга қодир, деб ишонтирмоқда.