Девид Ҳерст: «Ибн Салмон Нетаняҳуни Ғазога қарши уруш бошлашга ундаган»

08:30 17.11.2018 2754

Машҳур британиялик ёзувчи Девид Ҳерст Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазога қарши уруш бошлашга кўндиришга ҳаракат қилган, деб ёзади. Ёзувчининг сўзларига кўра, бу уруш Ибн Салмонга нисбатан халқаро миқёсида ОАВ ва сиёсий босим бўлишига сабаб бўлган Жамол Қошиқчи ўлимидан дунёни чалғитиш учун тузилган режанинг бир қисмидир.

Девид Ҳерстнинг сешанба куни “Middle east eye” сайтида эълон қилинган мақоласида айтилишича, Ибн Салмоннинг Нетаняҳу билан Ғазода уруш бошлаш ҳаракати валиаҳднинг ўзи шакллантирган фавқулодда комиссиянинг тавсиясига биноан бўлган. Ушбу комиссиянинг вазифаси Қошиқчининг қонли суиқасдидан келиб чиққан инқирозни бартараф этиш учун cценарийларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Ибн Салмон Нетаняҳуни Ғазога қарши уруш бошлашга ундади

Саудия Арабистони қироллиги ичидаги манбаларнинг сўзларига кўра, журналист Жамол Қошиқчининг ваҳшийларча ўлдирилиши воқеасидан дунё назарини чалғитиш режасининг бир бўлаги ўлароқ Саудия валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазода Ҳамас билан уруш бошлашга ундаган. Ғазода уруш оловини ёқиш Жамол Қошиқчининг ўлими ортидан Туркия ҳукуматидан келадиган зарарларга қарши курашиш учун фавқулодда комиссия тарафидан тузилган ценарийнинг бир қисми ҳисобланади.

Ушбу комиссия қироллик суди, ташқи ишлар вазирлиги, мудофаа вазирлиги ва разведка хизмати ходимларидан тузилган бўлиб, улар ҳар олти соатда Ибн Салмонга ҳисобот бериб боришади.

Ушбу комиссия Муҳаммад ибн Салмонга Ғазода уруш бошлаш Трампнинг назарини Қошиқчи масаласидан чалғитиб, Вашингтоннинг диққат марказини Саудия Арабистони Исроилнинг стратегик манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрнига қаратиши мумкин эканини айтади.

Шу билан бирга Туркияни бу масалада нима қилиб бўлса ҳам нейтраллаштириш ушбу гуруҳнинг тавсияси бўлган. Бу йўлда Туркиядан қуроллар сотиб олишни таклиф қилиш, Ибн Салмоннинг Анқара ва Риёз орасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ҳақидаги баёнотлари билан Эрдўғанни пора билан сотиб олишмоқчи бўлишди.

Ўтган ойда бўлиб ўтган Келажак инвестицияси ташаббуси конференциясида Ибн Салмон Қошиқчининг ўлимидан Саудия ва Туркия орасини синдириш учун фойдаланилаётаганини даъво қилади. У сўзи давомида: “Қирол Салмон ибн Абдулазиз ва валиаҳд Муҳаммад ибн Салмон бор экан бу ҳеч қачон амалга ошмайди”, деб айтади.

Махфий алоқалар

Саудия Арабистони ва Исроил орасида доимий яхшиланиб борадиган махфий алоқа бор. Ушбу алоқани Эронга бўлган адоват доим қўриқлаб туради. Шунингдек, Трампнинг “Аср келишуви” деб танилган Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликни таъминлаш режасини амалга ошириш учун Муҳаммад ибн Салмон муҳим роль ўйнайди.

Бутун дунё Саудияни Қошиқчи ўлдирилиши ортидан қоралаб турган бир пайтда Нетаняҳу: “Бу минтақа барқарорлиги учун муҳимдир. Олам Саудия Арабистони барқарорлигини сақлайди” деган эди.

Қошиқчи ўлимидан икки ҳафта ўтганидан кейин Нетаняҳунинг Қатар билан Ғазо қамалини енгиллатиш ҳақидаги музокараларида, Ҳамас ҳақидаги фикрлари тўсатдан ўзгариши кузатилган. Жумладан Нетаняҳу 14 октябрдаги ҳукумат йиғилишида: “Биз янги фаолиятга жуда яқин турибмиз. Бу фаолият қаттиқ зарбалардан иборат. Агарда Ҳамаснинг ақли бўлса,бу қаршилик ҳаракатларини тўхтатади”, деган.

Айни пайтда Исроил ва Қатар Ғазога Ҳамас ҳукумати ходимларига маош тўлаш учун маблағ олиб кириш келишувига эришган. Cўнгра тўсатдан якшанба куни кечқурун, сиёсий ижозат олинганидан кейин Хон Юнусда Исроил махсус кучлари томонидан операция амалга оширилди. Ҳамас бунга жавобан Исроил жанубига 100дан ортиқ ракета отди. Исроил эса Ғазони бомбардимон қила бошлади. Бу 2014 йилдан буён энг кучли тўқнашув бўлди.

Манба: arabi21.com

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!