Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Дили бузуқлар фожиаси

3867

Гапнинг рости, бу ўта жирканч ва дилга ғашлик солувчи мавзу ҳақида ёзишга анчагача қўлим бормай юрди. Аммо теварак-атрофда бунга ўхшаш воқеаларнинг тобора урчиб-кўпайиб бораётгани, жамиятдаги кўзи очиқ кишиларнинг, илм аҳлларининг бундан қаттиқ хавотирга тушаётганларини кўргач, энди бу ҳақда сукут сақлаб туриш ҳам катта хато бўлишини англаб етдим.  Хижолатлик ва истиҳолалардан сўнг нохушлик билан бўлса-да, қўлга қалам олишга мажбур бўлдим. Ёзмоқчи бўлаётганим воқеалар инсон зотига номуносиб, разолатга тўла бўлгани учун сиз, муҳтарам ўқувчилардан ҳам узр сўрайман.

Бундан йигирма йилча муқаддам Наманганда чиқадиган бир газетада муҳаррир эдим. Бир куни таҳририятга бир кишидан ғалати  мактуб келиб қолди. Уни ёзган киши ҳозиргача қулоққа чалинмаган қалтис ҳолатга тушиб қолгани учун нима қиларини билмай, таҳририятдан маслаҳат сўраган экан. Воқеанинг тафсилотлари шундай эди: мактуб эгасининг ёлғиз қизи икки йилча олдин бир хонадонга келин бўлиб тушган. Бир йил турмуш қилишганидан кейин куёв “пул ишлаб келгани” бошқа юртга кетибди. Уйда куёвнинг сўққабош отаси, мактабда ўқийдиган синглиси ва келинбола қолишибди. Қайнона бўлмиш тўйларидан анча олдин саратон касалидан вафот этган, қайнота “муносиб хотин топилмаяпти” деган баҳонада янги хотин олишни пайсалга солиб келаётган экан. Ўғли хорижга кетганидан кейин кўп ўтмай, қайнота бўлар-бўлмас нарсаларни баҳона қилиб, келиннинг уйига кириб келадиган, у билан суҳбатлашиб ўтирадиган одат чиқарибди. Бошда келин “ёлғиз одам, зерикиб гаплашгани суҳбатдош топа олмай кираётган бўлса керак” деган яхши гумонга боради. Кейинчалик ана шу “беозоргина” суҳбатлар ғалатироқ тус ола бошлайди: қайнота келинига суқланиб қарайдиган, кўпинча қизи мактабдалигида келинга “илмоқли” сўзлар ташлайдиган бўлиб қолади. Шунда ҳам келин бўлаётган ишларга тушунмай, хизматини қилиб юраверади.

Бир куни қайнота ҳеч ким йўқлигида “курагимни бир қашлаб қўйсангиз” деб кириб келади. Ҳеч нарсадан хабарсиз келин қайнотанинг курагини қаший бошлайди. Шунда қайнота ҳарсиллаб-пишиллаб келинига тажовуз қилишга ўтади, уни ўпмоқчи, ҳирсини қондирмоқчи бўлади. Шунда келин “дод” солиб, ҳовлига отилади, дағ-дағ титраганича қайнотани инсофга чақиради. “Агар яна шундай беҳаёлик қилсангиз, уйимга кетиб, ҳаммасини айтиб бераман”, деб қўрқитмоқчи ҳам бўлади. Аммо қайнота бу гаплардан кейин ҳам ақлини топмайди. “Агар ҳозир айтганимга кўнмасанг, эринг келганида сени бир йигит билан тўшакда ушлаб олганимни унга айтиб, шармандангни чиқараман” деган пўписага ўтади. Бу фожиадан боши қотиб қолган қизнинг отаси: “Энди нима қилай, ҳаммасини маҳалласига айтиб, қудамни фош қилайми ёки қизимни тинчгина ажратиб олайми? Эр-хотин шунақанги аҳил яшашадики, ажратиб юборгани ҳам ҳайронман. Индамай кетаверай десам, қудам қизимнинг номини ва иффатини булғаб қўйиши ҳеч гап эмас, шунга маслаҳат беринглар.

Ҳаётда биринчи бор дуч келинаётган бу воқеага бошимиз қотиб, нима маслаҳат беришни ҳам билмас эдик. Бунда кимни айблашга ҳам ҳайрон эдик. Ниҳоят маслаҳатлашиб, бу ҳақда мақола ёзишни,  “нозик” масалани кўпчиликнинг ҳукмига ҳавола қилишни лозим кўрдик. Мақола ёзилиб, чоп этишга тайёр бўлганида бундан хабар топган бир уламо ишхонамизга келиб, уни газетада чиқармаслигимизни қаттиқ туриб илтимос қилдилар. Қилғиликни қилиб, шарманда бўлишдан қўрққан ўша беномус у кишини бизга воситачиликка юборган бўлса керак, деб тахмин қилиб турувдик, йўқ, гап бошқа ёқда экан. Дин олими “Агар бу нарсани кўпчиликка ҳавола қилсанглар, одамлар орасида, айниқса беномус кимсалар ўртасида “Демак, бундай ифлосликни қилса бўлар экан-да” деган кайфият пайдо бўлиши, хулласи у ёмон ибратга хизмат қилиб қолиши мумкин бўлади, дедилар. Бу маслаҳат жўяли туюлиб, мақолани босишдан воз кечдик.

Бугунга келиб, ўшанда мақолани вақтида босмай, қаттиқ адашганимизни ҳис қилмоқдаман. Сабаби, ўша пайтда бу нарсани овоза қилишда эҳтиёткорлик ва андиша қилиб, яранинг газак олиб кетишига сабабчи бўлиб қолмадикмикин, деган хаёлга ҳам бордик. Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, бундай ифлос ишлар бугунги кунда анча “илдиз отиш”га улгуриб бўлибди.

“Бир танишим ўзидан тўрт ёш катта бўлган келинойиси билан хуфёна кўришиб юришибди. “Телеграм”да гаплашиб, гоҳида учрашиб, ўпишиб юришипти. Келинойисининг эри бор, танишимнинг ўзи ҳам оилали. Мен бир-икки насиҳат қилиб гапирсам, «бизлар зино қилмаяпмиз-ку, қилмаймиз ҳам. Шунчаки юрибмиз опа-укадай бўлиб»  деб насиҳатимни олмаяпти. Танишим ўз машинасида келинойисини анча-мунча хизматларини қилиб юради, шу орқали булар бир-бирига шундай муомалада бўлиб кетишибди. Илтимос, нима маслаҳат берасизлар, унга буни қандай тушунтирай?”.  

“Хотиним бир йилдан ортиқроқдан буён “Одноклассники”да номаҳрам бир киши билан ёзишма олиб бораётган экан, ҳатто бир неча бор унинг машинасига тушган, уйига бориб учрашган ҳам экан. Лeкин “фаҳш ишга яқинлашмаганман” дeб онасини ўртага қўйиб қасам ичяпти. Нуқул “уни акамдек кўрганман”, дейди. Энди ўзига “ака” топиб олган шундай хотин билан бирга яшаш мумкинми?  Олдинлари унга хотиним дeб бошқача, яхши кўз билан қарардим, ҳозир фоҳишани кўраётгандай бўляпман. Нима қилай, ажрашайми ёки ҳаммасини унутиб, турмушимизни давом эттирайми?Маслаҳат беринглар”.

Юқоридаги катта дард ва ҳасратлар билан берилган саволлардан ҳайратимиз ва нафратимиз совимай туриб, танишлар, ҳамкасблар булардан ҳам даҳшатлироқ воқеаларни сўзлаб беришди. Олдинроқ Самарқандда бир расво одамнинг ўз қизига кўз олайтиргани, кўпдан буён уни зўрлаб юрганини ёзишганида, гапнинг рости, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қолган эдик. Яқинда водий туманларидан бирида содир бўлган мана бу воқеа эса ҳар қандай одамнинг ақлини шошириб, ғазабини тошириб қўйиши мумкин: Бир оила балоғатга етган ўғлини уйлатиб, яқин орада яна бир ўғилнинг тўйи борлиги заруратидан чалароқ битган “участка”га янги келин-куёвни кўчириб чиқаришади. Ёш оила олти ойгина ўша ерда ҳаёт кечиргач, куёв пул топиш мақсадида Россияга ишлагани кетади. Келин ҳовлида ёлғиз қолмаслиги учун куёвнинг ўн бешга кирган укасини “пойлоқчилик”ка чиқаришади. Ҳали ёш келинликнинг нашъу намосини суришга улгурмай, эридан ярим йилдаёқ “ажраб қолган” келин бўй етган йигитчани ўзига ўргатиб олади. Улар бир йилча худди эр-хотинлардай яшаб юришади. Бу орада сир очилиб, бундан хабар топган ота ўзини қайга уришни билмай, ҳар томонга зир югуриб қолади. Имомлардан бу қалтис ишнинг шаръий томонини сўрайди, ўғлига хат ёзиб, тез етиб келишини буюради, келинни қийин-қистовга олади. Лекин ғишт қолипидан кўчган, энди бу фожиавий ишни ортига қайтаришнинг имкони қолмаган эди...

Тошкентлик бир йигит эса дадасининг “ахлоқсизлиги” устидан турли ахборот воситаларига ёзишга мажбур бўлиб юрибди. Маълум бўлишича, йигитнинг онаси вафот этганига беш йилча бўлибди. Отанинг уйлантириб қўйиш ҳақидаги таклифлари унинг уч ўғли томонидан ҳанузгача “эшитмай келинмоқда”. Ўғиллар ҳам рози-куя, уларнинг хотинлари бунга тиш-тирноғи билан қарши. Улар эрларини янги келадиган хотиннинг ҳовли-жойга меросхўр бўлиши билан қўрқитишса-да, аслида келинлар нотаниш янги қайнонанинг устларига келишидан ҳадикдалар. Мана шундай “кучли далиллар” сабабли уйлана олмай юрган қайнота охири чидай олмай, олдинига келинларга тегажоқлик қилишни бошлаган. Газ плитаси олдида таом тайёрлаётган бир келинининг ортидан келиб қучоқлаб, кўкрагини ушлашга ҳаракат қилган, бошқасини бир баҳона топиб қучоқлашга уринган, яна бирини тилла тақинчоқлар ваъда қилиб ўзи билан ётишга кўндирмоқчи бўлган. Ўғиллар хотинларининг бу ҳақдаги шикоятларига кулиб қўяқолишган, “хотинсираб қолган бўлсалар керак, парво қилманглар”, деб овутмоқчи бўлишган.

Ўша номард ўғиллар Ислом шариатининг бу борадаги ҳукмларини билишганида турли баҳоналарни рўкач қилмай, оналарининг азаси ўтиши биланоқ отани уйлатиб қўйган бўлишарди.

Ахир, энди элликдан сал ошган соғлом ва кучли эркакнинг шаҳвоний ҳирсини узоқ вақт жиловлаб юриши ўта машаққат-ку! Бугун келинларига тегажоқлик қилаётган қайнота эрта ё индинга уларга нисбатан куч ишлатиб ҳирсини қондиришга уринса ва ҳатто ниятига ҳам етса, ўғиллар қай аҳволга тушишаркин? Шаъни ва иффати булғанган хотинлари билан яшаб кета олишармикин? Улар яшамоқчи бўлишса ҳам, хотинлари уларга ҳаром бўлишини англашармикин? Шарманда бўлган оталари билан муносабатлари қандай кечаркин? Лекин шариат ҳукмини бажаришдан ўз нафслари талабини устун қўяётган бундай ўғиллар ушбу саволларга жавоб беришдан ожизлар.

Мақола эълон қилишга тайёрлаб турганимизда водий шаҳарларининг биридан яна нохуш хабар келиб қолди. Бир киши қизини узатган хонадонда унга тажовуз қилиб, зўрламоқчи бўлган қудасини болта билан чопиб ташламоқчи бўлиб, унга яхшигина тан жароҳати етказибди. “Яхшиямки” дейликми ёки афсус чекайликми, ҳарқалай, ақлини, ҳаёсини, инсофини йўқотган қуда ўлмай қолибди, ҳозир шифохонада эмиш.

Ёш келинлар, баъзан турмуш кўрмаган бокира қизлар ўз ҳирсини жиловлай олмай қолган қайноталари, қайиноға ё қайининилари, ҳатто номаҳрам бегона қариндошларининг ҳирс ва шаҳват тузоғига илинаётган, шаънлари, иффатларини булғаб қўяётган ҳолатлар камайиш ўрнига тобора кўпаяётгани одамни қаттиқ ташвишга соляпти, бунинг аянчли оқибатидан хавотирни кучайтиряпти. Назаримизда, бу нарса кўпчилик унча аҳамият бермаётган одатий ҳолатга айланиб бораётганга ўхшайди. Агар бунинг олдини тез олмасак, эртага бепарволигимизнинг аччиқ “меваси”дан тотиб қолишимиз мумкин. Оқибати эса аянчли бўлади: насл-насаб айнийди, аҳил оилалар бузилади, бегуноҳ болалар етим қолади, гуноҳсиз жувонлар бадном бўлади, ахлоқ инқирозга юз тутади, жамият булғанади. Ахлоқсизлик ва фаҳш ишларга мубтало бўлган жамиятларнинг алал-оқибат ҳалокатга юз тутгани тарихдан яхши маълум.   

Гоҳо сайтимизга шундай саволлар билан ҳам мурожаат қилиб қолишади: “Бир келин эрининг ҳурмати юзасидан қайнотасининг белини ёки оёқларини уқалаб, массаж қилиб қўйишида зарар йўқми?”. Бунга жавоб шуки, келинларнинг қайнона ва қайноталар хизматини қилишлари албатта яхши, уларнинг дуоларини олиш бундан ҳам яхши. Лекин баъзи бир хизматлар эр билан аёлнинг ўртасидаги никоҳнинг узилиб кетишга олиб бориши мумкин. Келин массаж қилаётганида ўзининг ёки қайнотанинг шаҳвати қўзғаса, ўша келин ўз эрига ҳаром бўлади. Ёки бошқа бир саволни олиб кўрайлик: “Бир киши ўз келинига тегажоқлик қилиб, унга яқинлик ёки унга олиб борувчи амаллардан бирортасини қилса, келин ўғилга ҳаром бўладими?” Ҳаром бўлганда қандоқ! Агар саволдаги ҳолат ростдан ҳам содир бўлиб, шу ишлардан бирортаси рўй бергани аниқ бўлса, улар ўртасидаги никоҳ узилади, келин ўғилга абадий ҳаром бўлади.

Жамиятда юз бераётган бу шаҳвоний бузуқликларда кимни айблаш мумкин? Ёшларга ахлоқи ва насиҳати билан ибрат кўрсатиши зарур бўлган, аммо нафси ва ҳирсини жиловлай олмай шармандаси чиқаётган ёши улуғ қайноталарни айблайликми? Ёки ўз оромларини ўйлаб, мол-мулк талашиб, оналари вафотидан кейин ё тузалмас оғир касал бўлиб қолганида оталарини уйлатиб қўйишни пайсалга солаётган ўғилларни танқид қилиш керакмиди? Ёки ҳали қаришга улгурмаган, куч-қуввати жойида бўлган қайноталари, навқирон қайноғалари, бошқа қариндошлари билан қучоқлашиб-ўпишиб кўришаётган, улар ҳузурида тор, юпқа, кўкси очиқ, енгсиз кийимларда атирларини бурқситиб юрган келинларга ҳамма айбни тўнкаб қўяқолайликми? Ёки аёлидан ажраб иложсиз қолган, жинсий ҳаётга эҳтиёжи бор кишиларнинг иккинчи, учинчи хотинни олишларига тиш-тирноғи билан курашаётган айрим маломатчиларни бунда айблаш тўғрироқ бўлармикин? Ёхуд диний илмларни ўрганишга бепарволигимиз, шариат талабларига нописандларча муносабатимиз мана шундай бузуқликларнинг келиб чиқаётганига сабаб эмасмикин? Балки бу расволикларда Аллоҳ берган ризққа кўнмай, орзу-ҳавас илинжида ёш хотинини узоқ муддатга ташлаб, пул ишлагани кетаётган, ўзи эса шаҳватини ҳаром йўллар билан қондириб юрган нодон кимсаларни айбли деб ҳисоблайликми? Ёки интернет сайтларини эгаллаб олган фаҳш лавҳалар, ёзувлар минг йиллардан буён ҳаё ва одобда бошқаларга намуна бўлиб келаётган халқимиз хонадонига бемалол кириб келаётгани барча фожиаларнинг бошимикин? 

Дин илмларидан бехабарлик, исломий ахлоқдан узилиб қолганлик айрим кимсаларни мана шундай ифлос ишларни бемалол қилишга бошлаб боради. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларнинг бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади. Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри йўқлигида аёлларнинг олдига кирманглар, чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар; Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар (Аҳмад ривоят қилган).

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳу учраган “ифк (туҳмат) ҳодисаси” каби мусибатларга олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.

Имом Шамсуддин Заҳабийнинг “Гуноҳи кабиралар” (Улкан гуноҳлар) китобида ёзилишича, ким оилали аёл билан зино қилса, уларнинг ҳар иккисига қабрда бутун ислом умматига бериладиган азобнинг ярми берилади. Қиёматда эса Аллоҳ таоло аёлнинг эри фойдасига ҳукм қилади.Мазкур ҳолат эр бу ишдан бехабар бўлган тақдирда рўй беради. Агар эрнинг хабари бўлса-ю, сукут сақласа, эътибор бермаса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади. Чунки Аллоҳ таоло жаннат дарвозасига: «Сен даюсга ҳаромсан» деб ёзиб қўйган. Аҳли оиласининг фаҳш-бузуқлик қилишини билатуриб, сукут сақлайдиган ва рашк-ор қилмайдиган кимса даюс ҳисобланади.

Қайнини келин олдига ёнида эри йўқлигида кирса, эр-хотин муносабатлари бузилиши мумкин. Чунки ҳар қандай эр ўзи билан хотини ўртасидаги сирларидан биронта қариндошининг ҳам огоҳ бўлишини истамайди. Бунинг устига акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам шаънларини булғаб, юз кўрмас бўлиб кетишгани ҳам рост гап. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимнингдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйгани ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, демак, мўмин-мусулмон киши суриштириб ўтирмай, унга амал қилиши шарт.

Эр томондан эркак қариндошларнинг келин билан муносабати шариат доирасида, ўта эҳтиёткорлик ва тўла ҳушёрлик билан бўлиши лозим. Хотин томондан аёл қариндошларнинг куёв билан муносабатлари ҳам худди шу кабидир. Аканинг хотини ё хотиннинг синглиси ва шунга ўхшаганлар бир-бирларига маҳрам эмас. Кишининг улар билан тортинмай, эркин муомала қилиши ножоиз. Аёлларга ҳам шундай талаблар қўйилади. Улар бир-бирларига бегоналик, ўрталарида маҳрамлик мутлақо йўқлиги ҳукмидан келиб чиқиб муомала қилишлари лозим. Акс ҳолда оқибат жуда хатарли бўлади.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок, холи бўлади. Энг даҳшатлиси, бундай фаҳш ишларга бепарволик жамиятда зинонинг урчишига сабаб бўлади. Тарихдан маълумки, қай бир жамиятда зино кўпайса, ўша жамият ёки юрт инсон ақли бовар қилмайдиган бало-офатларга гирифтор бўлади.

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ёзишларича,  «Зино эркак кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир». Худди шу маънода зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разилат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятларгина четга чиққанлар. Чунки соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз ҳолда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмай, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оилада ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бундай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқдир”.

Шу билан бирга, динимиз зинога олиб борадиган барча йўлларни беркитади. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ва хиёнат ҳисобланади.  Ўзининг маҳрамлари билан зино қилган одам динимизда қаттиқ таъқиб қилинади. Имом Абу Ҳанифа: «Бундай кишиларга зинокорнинг жазоси берилади. Агар маҳрамини никоҳлаб олган бўлса, аламли азоб билан азобланади», деганлар. 

Динимиз одамларни бузуқ, фаҳш ишлардан қаттиқ қайтаришининг асосий сабаби кишилик жамиятини поклаш, инсон наслини ҳимоялаш ва бузуқликлар туфайли Аллоҳнинг турли бало-офатлари, азоби келишидан огоҳлантиришдир. Агар қай бир жамиятда фаҳш ишлар содир бўлсаю, бошқалар бунга томошабин бўлиб турса, “ҳўлу қуруқ баробар” деганларидай, бало ёппасига келади. Шунинг учун аҳли донишлар инсонларни бундай бузуқликлардан қайтаришган, оқибатининг хунук бўлиши ҳақида тинмай огоҳлантиришган. Улуғ саҳобийлардан Муоз ибн Жабалнинг шундай сўзлари бор: “Очлик ва қийинчилик фитнаси билан имтиҳон қилиндингиз, сабр этдингиз. Мўл-кўлчилик фитнаси билан ҳам синаласизлар. Мен сизларнинг аёллар фитнасига учрашингиздан кўпроқ хавотирдаман”. “Боланинг ёши ўнга яқинлашганида номаҳрам аёллар ёнида ўтириши мумкин эмаслигини англатинг”, деб ёзган улуғ шоир Саъдий Шерозий.  “Дили бузуқ, ўзгаларнинг покдомон ва иффатли қиз-жувонларига кўз олайтирувчи нопок кишилар ҳақиқий разил ва ифлос кишилардир” деган экан донишмандлардан бири Муҳаммад Жавҳар Заминдор.

Бу огоҳлантиришлар бугунги кунимизда айниқса долзарб бўлиб қоляпти.

Аҳмад Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/6341-сонли рухсати билан чоп этилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нур-Султонда Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

42 13:59 06.12.2021

“Толибон” ташқарига олиб кетилган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни бошлади

222 13:36 06.12.2021

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

427 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

131 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

247 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1518 10:03 06.12.2021
« Орқага