Дин давлат қонунларини ҳеч қандай истисносиз тасдиқлаб беришга мажбур эмас

16:53 30.08.2019 2813

Биз ҳуқуқий-демократик давлатда яшаймиз. Давлат диндан ажратилган ва ҳеч қайси диннинг қонун-қоидаларига мувофиқ иш олиб бориш мажбуриятини зиммасига олмаган. Ўз навбатида дин ҳам давлат қонунларини ҳеч қандай истисносиз тасдиқлаб беришга мажбур эмас.

Масалан, диний тарафдан ўртада никоҳ алоқаси бўлмасдан туриб қилинган ҳар қандай жинсий муносабат зино – гуноҳ ҳисобланади.

Қонунда вояга етган шахснинг ўз хоҳишига кўра қилган жинсий муносабати учун ҳуқуқий жавобгарлик белгиланмаган.

Яна бир мисол, ҳукумат виночиликни ривожлантириш тўғрисида қарор чиқаради, Ислом эса Қуръони Каримнинг Моида сураси 90-оятига асосан ўзини мусулмон санаган киши учун маст қилувчи ичимликлар ҳаром саналишини таъкидлайди.

Бу ўринда давлат ўзини мусулмон санаган кишини маст қилувчи ичимлик ичишга мажбурламайди, дин вакиллари фатвони ўзини мусулмон санаган кишиларга етказадилар. Бу фатвога амал қилиш, ёки қилмаслик ҳуқуқи шахснинг ўзига боғлиқ бўлиб қолади.

Ҳуқуқий-демократик давлатда дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар мана шу тарзда олиб борилади. Бир масала юзасидан давлат ва дин қарашларида табиий равишда фарқ бўлади.

Кейинги воқеалардаги ҳақиқатни тўғри тушуниш учун мана шу принципни яхши англаб олиш зарур.

Жорий йилнинг 1-июлидан бошлаб Ўзбекистон ИИВ қоидабузарликлар акс этган видеолар учун ЭКИҲнинг 5% миқдорида пул мукофоти тўлай бошлади. Бунинг қонун бўйича тўғри эканига шубҳа йўқ.

Худди шунингдек, ўзини амал қилувчи мусулмон санаган бир киши диний сайтда, дин бўйича олимлардан шу иш билан шуғулланишимга дин нима дейди мазмунидаги савол билан мурожаат қилди. Эътибор беринг, “Давлатнинг шу иши тўғрими” эмас, балки “Шу борада шахсан менга тегишли диний ҳукмни тушунтиринг” мазмунидаги савол берилди.

Диний саволлар бериладиган сайтда, дин бўйича олимларнинг масала борасида диний ҳукмни айтишлари интернетнинг ўзбек сегментида турли фикрларни келтириб чиқарди:

“Диндорлар “понятка”си бўйича жавоб беришди“. Қоидабузарлик тўғрисида хабар берганларни “терпила” дейишди“. “Ўзи азалдан фуқаролик жамияти қуришимизда шулар тўғаноқ бўлган” ва ҳоказо эътирозларга сабаб бўлди.

Масалада диннинг ҳукми қандай ўзи? “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати берган жавоблари динга нақадар тўғри келади ўзи?

Жумҳур уламолар киши қилган жинояти учун уни молиявий жазолаш дуруст эмаслигини айтишган.

Ибн Ҳумом “Фатҳул қодир”да (5/345): “Абу Юсуф султон мол билан жазолашга ҳаққи бор деганлар. Қолган икки имом (Абу Ҳанифа ва Муҳаммад) ва уч (мазҳаб) имомлари наздида жоиз эмас”.

“Шарҳ ас-cоғир”га “Совийнинг ҳошиясида” (4/504-505) келади: “Мол билан жазолашга келадиган бўлсак у ижмога кўра мумкин эмас. Абу Ҳанифанинг шогирдлари Абу Юсуфдан “Султоннинг мол билан жазолашга ҳаққи бор” деган гапларига келадиган бўлсак унинг маъноси, ҳанафий уламоларидан бўлган Бародиий айтганидек: Жазолаш мақсадида пули бир муддат музлатиб қўйилади-да, сўнгра ўзига қайтариб берилади. Баъзи золимлар тушуниб олганидек султон ўзига ёки умумий хазинага олади деган маънода эмас. Яъни, мусулмоннинг молини ношаръий сабаб билан олиш дуруст бўлмайди.

Имом Байҳақий ўзларининг “Ас-Сунан ал-Кубро” асарларида келтирадилар (8/279): “Имом Шофеий айтадилар: “Ҳеч бир сабаб билан кишининг қарзини оширманглар (пеня қўшманглар). Жазо танага бўлади, мол билан эмас”.

Ибн Қудома “Ал-Муғний”да (9/149) айтади: “Ундан (молдан) бирор нарсани кесиб ташлаш, айб етказиш, пулини олиш дуруст эмас. Чунки шариатда бу нарса эргашиладиган бирор кишидан ривоят қилинмаган. Қилиниши керак бўлган иш унга (жиноятчига) одоб бериш. Одоб молга зарар бериш йўли билан ўргатилмайди.”

Роҳибоний “Матолиб улин нуҳа”да(6/224) айтади: “Кишини соқолини қириш, кесиш ёки жароҳат етказиш билан жазоланмайди, чунки бу мусладир. Шунингдек, пулини олиш ёки молига зарар етказиш билан ҳам жазоланмайди. Чунки, шариатда бу нарса эргашиладиган бирор кишидан ривоят қилинмаган.”.

Далиллари:

1. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 188-оятида шундай дейди:

188. Мол-дунёларингизни ораларингизда ботил – ҳаром йўл билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни емангиз!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатмангиз!

2. Аллоҳ таоло Нисо сурасида деди: “Эй иймон келтирганлар, ўзаро молларингизни ботил йўл билан еманг. Ўзаро розилик бўлган тижорат билан бўлса майли.”

3. Имом Бухорий (2/260:1654) ва Муслим (3/1305:1679) Абу Бакр розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилган ҳадис: “Қонларингиз, молларингиз ва шаънларингиз бу ой, бу шаҳардаги мана шу куннинг ҳурматича ҳурматли. Эшитган эшитмаганга етказсин”.

Кишига молиявий жазо қўллаш дуруст дейдиган кам сонли олимлар ҳам бу нарса зарар етказиш жиҳатидан бўлиши кераклигини таъкидлайдилар. Жиноятчининг молини бошқага ёки умумий пулга қўшиш жиҳатдан эмас. Бир кишининг жиноят қилиши бошқа тарафга иқтисодий фойда келтирса ўша тараф жиноятни камаймаслигидан манфаатдор бўлади. Баъзида жиноятга каттароқ шароит яратишга ҳаракат қилади. Бошқанинг жиноят қилишини хоҳлаб туради.

Бошқанинг гуноҳ ҳисобланган жиноятига рози бўлиш ва уни хоҳлаб туриш, киши иймонига зарар берувчи ишлардан.

Кўриб турганимиздан диний тарафдан “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати берган жавобларда шаръий ҳукм тўғри баён қилинган.

Мусулмончилик қоидаларига амал қилиб яшашни истаган киши –бировнинг молини жаримасини ейишдан ўзини сақлаши керак. Гарчи, бу қонунан мумкин бўлса-да.

Мусулмончилик қоидаларига амал қилиб яшашни истаган киши –​ маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилмаслиги керак. Гарчи, қонунда бу учун жавобгарлик белгиланмаган бўлса-да.

Мусулмончилик қоидаларига амал қилмоқчи бўлган киши –​ бировнинг хотини билан зино қилишдан сақланиши керак. Гарчи, қонунда бу иш учун ҳуқуқий жавобгарлик белгиланмаган бўлса-да.

Абдуллоҳ Абдурроҳман

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!