Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Дин енгилми, оғирми?

943

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидда саҳобалари билан ўтирганларида бир аъробий кириб келди ва деди: “Эй Аллоҳим! Менга ва Муҳаммадга раҳм қил. Бошқаларга биз билан бирга раҳм қилма!”.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: “Ўзингни тошдек қаттиқ тутдинг, кенг нарсани тор қилиб қўйдинг-ку?!”.

Сал ўтиб у аъробий масжиднинг бир бурчагига бориб бавл қила бошлади. Саҳобалар уни қайтариш учун унга қараб югуришди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга: Унинг бавлини тўхтатманглар. Қўйинглар ўз ҳолига! - дедилар. 

Аъробий ишини тугатгач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам у бавл қилган жойга ишора қилиб: “Унинг устидан бир пақир сув қуйиб юборинглар”, дедилар. Сўнгра уларни жамлаб, Аллоҳ томон даъват қилишда керак бўладиган буюк дарсни бердилар:

“Сизлар енгил қилиш учун юборилгансиз, оғир қилиш учун эмас!"

Биринчи дарс:

Бир киши шариатга мухолиф бўлган мақтов билан сени мақтаса, уни қабул қилма. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аъробийнинг: “Эй Аллоҳим! Менга ва Муҳаммадга раҳм қилгин. Бошқаларга биз билан бирга раҳм қилма!”- деган сўзларидан рози бўлмадилар. Аллоҳнинг раҳмати кенг эканлигини, ҳеч кимга уни торайтириш ҳақи берилмаганини тушунтирдилар. 

Ибн Ҳониъ Андалусий Андалусда Ҳожиб Мансурнинг ҳузурига кириб: “Қадарнинг истагани эмас, сенинг истаганинг бўлади. Сен ҳукм қил, сен Воҳид ва Қаҳҳорсан. Сен гўё пайғамбар Муҳаммадсан. Сенинг ёрдамчиларинг гўё ансорлардир!”- деди.

Ҳожиб Мансур уни дарралашга амр қилиб, шундай деди: “Аллоҳга қасамки, бундан сўнг сен билан мен битта заминда яшамаймиз”. Сўнгра уни Мағрибга сургун қилди.

Иккинчи дарс:

Инсон ўзи ўрганиб қолган нарсаларга, шароитга ва табиатга мослашиб қолади. Юқоридаги аъробий ҳожати қистаган жойда ҳожат қилишга ўрганиб қолган эди. Набий алайҳис салом унга юмшоқлик ва сокинлик ила муомала қилдилар. Ваҳоланки, у зот саҳобаларини тарбия топиб пишиб етилиши учун тойилганларида адабларини бериб турар эдилар. Мисол учун ансорлардан бир кишининг қўлидаги тилла узугини ечиб олиб, ерга улоқтирган ва унга шундай деган эдилар: “Сизлардан бировингиз дўзахдан бўлган чўғни олиб қўлига тақиб олади-я!”

Инсонлар билан муомала қилаётган пайтда уларнинг табиатлари ва одатларини билиб олинг.

Учинчи дарс:

Ақлли инсон ишнинг оқибатини билиб, сўнгра энг зарари озини танлайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни уни бавл қилишдан тўхтатгани йўл бермадилар. Чунки бу зарар эди. Агар улар тўхтатишганда у кийимларини нажас қилар эди. Сўнгра масжиднинг ҳам кўпроқ қисмини нажас қилар эди. Бу Аллоҳ томон даъват қилаётганлар учун буюк асосдир. Бир зарардан ман қилиш бошқа каттароқ зарарга олиб бормаслиги лозим. 

Тўртинчи дарс:

Сиз енгил қилиш учун юборилгансиз, оғир қилиш учун эмас! Аллоҳ таоло қилич билан очилмайдиган қалбларни юмшоқлик билан очади. Қаттиққўллик ва шиддат билан ҳидоят топмаган инсонларни юмшоқлик ила ҳидоят қилади. Гуноҳкор инсон агар даъватчида муҳаббат ва шафқатни кўрмаса, нима нарса уни гуноҳни тарк қилишга ундайди?! Қаттиққўллик ва қўполлик  билан қилинган мавъиза кўпинча кишиларни гуноҳ ва саркашликда бардавом бўлишларига сабаб бўлади. Бизнинг вазифамиз инсонларни Аллоҳ томон олиб боришдир. Уларнинг қадамларини йўлга қўйиб қўйишдир. 

Биз Аллоҳ билан бандалари ўртасида туриб олмаслигимиз лозим!  

А. Самарқандий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Франциялик йигит мусулмон бўлди...

4678 13:15 05.11.2020

«Шоирнинг ҳар мисраси учун бир даррадан урилсин ва...»

880 16:10 04.11.2020

Ислом динида аёллар ҳуқуқлари чекланганми?

1558 19:30 01.11.2020

Ҳиссиётга берилиб, динга зарар етказманг!

2917 09:36 30.10.2020

Дин ҳиссиёт билан эмас, ақл билан олинади!

537 16:30 28.10.2020
« Орқага