Дин нима?

23:00 21.01.2019 1105

“Дин” сўзи “итоат”, “эътиқод”, “ҳисоб”, “ишонч”, “мукофот”, “жазо” маъноларини билдиради. Дин оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло буюрган ақидалар, ҳукмлар, ибодатлардир. Дин нима яхши, нима ёмонлигини одамларга англатади. Барча пайғамбарлар битта Динга – Исломга даъват қилишган. Улар оламни Ёлғиз Аллоҳ яратганини тан олишга, фақат Унгагина ибодат қилишга, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликка чақиришган.

Аллоҳ осмондан юборган хабар, илм, буйруқ, насиҳатлар “дин” дейилади. Динга қандай амал қилишни ҳар ким ўзича била олмайди, балки пайғамбар кўрсатиб беради. Ақлли, инсофли кишилар динга киради, Аллоҳга имон келтириб, Унга ибодат қилади. Ибодат Аллоҳга қуллик қилиш, дегани. Намоз ўқиш, рўза тутиш, дуо қилиш, Аллоҳ учун қурбонлик сўйиш, Қуръон ўқиш, илм олиш, одамларни Аллоҳ йўлига чақириш ибодатдир. Инсон ибодатда Аллоҳга шукр қилган, Унинг мукофотларидан умид қилган бўлади.

Ислом динига кирган одамни “мусулмон” дейилади. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳга ибодат килиш билан бирга ҳаммага эзгулик улашади, қийналганларга ёрдам беради. Мўминларнинг уйларида нур, файз, барака бўлади. Аллоҳ уларни бало-офатлардан сақлайди, қиёматда жаннатга киритади.

Ҳаётда шундайлар ҳам бор, улар динга киришга унамайди. Аллоҳнинг динига кирмаган одамни “кофир” дейилади. Баъзи одамлар Аллоҳдан бошқа нарсаларга ибодат қилади. Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни “ширк” дейилади. Ширк ишни қиладиган одам мушрикдир. Мушриклар ўз қўллари билан ясаб олган сохта илоҳларга сиғинишади. Кофирлар, мушриклар дунёда гуноҳ ишларни қилишади, ҳаром нарсаларни ейишади. Чунки, улар Аллоҳга ишонишмайди, нафсларига нима ёқса, шуни қилиб кетаверишади. Уларни маълум чегарада ушлаб турадиган нарса йўқ. Бундай одамлар ёмонликлари сабаб ҳар хил касалликларга дучор бўладилар, ер қимирлаш, сув тошқини, кучли шамол, қурғоқчилик каби балоларга учрайдилар. Охиратда дўзах оловига ташланадилар.

Баъзи одамлар Аллоҳ юбормаган, пайғамбар айтмаган ишларни динга киритиб, “Мана шу ҳам диндан”, деб даъво қилишади. Бундай ишлар “бидъат” дейилади. Бидъатни Аллоҳ ҳам, пайғамбар ҳам, мусулмонлар ҳам ёмон кўришади. Бидъат ишни Аллоҳ ибодат сифатида қабул қилмайди. Аксинча, бидъатларни, ирим-сиримларни қилган одам гуноҳга ботади.

Дунёда динсиз, эътиқодсиз биронта ҳам миллат йўқ. Ейиш, ичиш, ухлаш, дам олиш каби дин ҳам эҳтиёждир. Одамда нимагадир ишониш, эътиқод қилиш эҳтиёжи бор. Лекин ҳар қандай ишонч ҳақ бўлавермайди. Энг тўғри дин Аллоҳ ростгўй пайғамбарлари орқали етказган, ундан рози бўладиган Ислом динидир. Ислом бутун инсониятга юборилган, барча пайғамбарлар даъват этган диндир.

Зиёвуддин Раҳимнинг 
“Ислом ақидаси” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!