Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (1-қисм)

23:05 05.08.2019 781

«У ўз аҳдига вафо қилиб улгурганлардан биридир».

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан кишилар ўз аҳдига вафо қилди, улардан кишилар эса интизордир. Улар ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб сураси, 23-оят).

«Дин йўлидаги тирик жафокаш»

Мазкур ҳикоя қаҳрамони – тириклигида Жаннатла қувонтирилган ўн нафар саҳобадан, Исломни биринчи бўлиб қабул қилган саккиз нафар мўминдан, Кенгашнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлигида мамнун бўлган ва мамнун бўлганча вафот топган олти нафар аъзоларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд ғазотида уни «Эзгу ниятли Талҳа», бошқа сафар «Олиҳиммат Талҳа», учинчи гал эса – «Мурувватли Талҳа», деб атаган ва уларнинг бари – Талҳа ибн Убайдуллоҳ бўлган.

Талҳанинг Исломга кириш тарихи ажойиб бўлган. Ушбу ривоят Ҳаким Амин Аллоҳнинг Ўзи саҳобаларнинг барини номма-ном танлаб олганидан далолатдир. Шомга тижорат учун борган Талҳага бир роҳиб шу кунларда Маккада чиқиши мумкин бўлган Аҳмад исмли пайғамбар ҳақида гапириб қолади. Талҳа шундан сўнг Маккага қайтади ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб исломни қабул қилади. Даъвати чиройли, ажойиб саҳоба бўлган-да Абу Бакр Сиддиқ! Унинг даъвати ила Исломни қабул қилганлар орасидан беш киши ҳали тириклигида Жаннат-ла қувонтирилган ўн нафар саҳоба жумласига киради.

Шубҳа йўқки, Талҳа сиз-у бизга, умуман жумлаи жаҳонга қандай улуғ яхшилик қилиб кетганини кўпчилигингиз билмайсиз. Аллоҳ таоло унинг қисматига башарият тарихидаги ўта мудҳиш жиноят содир этилишининг олдини олишни – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, яъни жамики жаҳонга юборилган Пайғамбарнинг ўлдирилишига йўл қўймасликни ёзган. Агар ушбу қаҳрамоннинг буюклик даражасини бутунича, ростакамига ҳис этишни истасангиз Арабистон яриморолида, Уҳуд тоғи атрофида юргандай бўлинг. Кўз олдингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ўқдай елиб бораётган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни келтиринг. У шундай шиддат-ла югурмоқда-ки, ҳаётда бундай ҳаракатланмаган... Кеч бўлмай туриб етиб боришга уринмоқда... Қадрдон дўстидан, бутун вужуди ила яхши кўрадиган ўртоғидан айрилиб қолмасдан олдин етиб боришга ҳаракат қилмоқда... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётига нисбатан таҳдид туғилган ниҳоятда қалтис фурсат етган. Кофирлар уни ўраб олиб, жонига қасд қилишмоқчи. Ўша фурсатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тўққиз нафар қаҳрамон бўлиб, уларнинг етти нафари Аллоҳнинг расулини ҳимоя қилиб ҳалок бўлган. Улардан бири – қаҳрамон саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бўлса, иккинчиси – ўзини қурбон қилиб курраи заминда ҳали мисли кўрилмаган жасорат намунасини намоён этиш насиб қилган саҳоба...

Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдамга ошиқмоқда. Кофирлар ўраб олган қадрдон дўстига назар солиб борар экан, уни ҳимоя қилиб, атрофида арвоҳдай зир югураётган одамни кўрди. У киши қурайш чавандозларига бир ўзи қарши чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир олам ўқ ва найзалардан тўсганча, арслон журъати-ю шиддати ила жанг қилмоқда. Аҳволни кўрган Абу Бакр ишқилиб ўша жангчи ҳозир хаёлига келган киши бўлиб чиқишини ич-ичдан истаб дуо қилди. Агар жангчи Абу Бакр ўйлаган киши бўлиб чиқса, демак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишончли ҳимоя остида. Ҳаллослаб югураётган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу тилагини ичида такрорлаб борар эди: «Ота-онам сенга эваз бўлсин, ишқилиб сен Талҳа бўлиб чиққин! Ота-онам эваз бўлсин сенга, ишқилиб Талҳа бўлиб чиққин!».

Давоми бор...

Жиҳод Турбонийнинг 
«Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!