«Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қилинг»

23:50 15.09.2018 1427

Муаммолар бор, бўлганда ҳам катта муаммолар. Уларни икки томон бир-бирини тинглаш, тушуниш ва маслаҳат билан ҳал қилса бўлади. Юқори тингламаса, қуйи тўғри услубда етказмаса, зиддият кучаяди ва бор муаммо катталашаверади, шишаверади ва Худо кўрсатмасин, бир кун ёрилиб, ҳамма томон сачрайди.

Энди очиқроқ гапираман. Ҳукумат барча соҳаларда бўлгани каби диний-ижтимоий соҳада ҳам ислоҳотлар бошлади. Ижтимоий кескинликни юмшатиш учун 16000 мусулмон қора рўйхатдан чиқарилди, Ҳажга бориш квотаси оширилди, қарийб 20 йил давомида бирорта янги масжид очилмагани ҳолда, кейинги 1,5 йилда 23 та масжид очилди, миллий телевиденияда диний кўрсатув ва фильмлар кўрсатила бошланди ва энг асосийси Қуръони карим мусобақаси катта тантаналар билан ўтказилди.

Мен бу ўзгаришларни гапириш анъанага кириб қолгани, ё маддоҳлик қилиш мақсадида эсламадим. Ҳақиқатда бу ишларнинг бўлгани аниқ, ҳамма ўз кўзи билан кўрди. Бир ярим йил учун булар таҳсинга лойиқ ўзгариш.

Энди бошқа томонга ўтаман. Ўтган Рамазон ойигача ҳаммаси кўнгилдагидек келаётганди. Кейин секин-аста вазият ўзгара бошлади. Мактаб формаси, соқол каби муаммолар юзага кела бошлади. Буларнинг сабаби ўлароқ ўзимнинг бир неча тахминларим бор, аммо буларни айтиш муҳим эмас.

Ҳозир ўзим муҳим ҳисоблаганим мавзуга ўтсам. Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийга: Нега минбарда ҳокимларни тергамайсиз, халққа насиҳат қилаверасиз, дейилганда шундай жавоб қилгандилар: "Ҳозир ҳузуримдасизлар. Гапирсам насиҳат бўлади. Йўқлигингизда эса ғийбат бўлади. Ҳоким ҳузурида унга гапирсам насиҳат бўлади, сизнинг олдингизда гапирсам ғийбат бўлади".

Ўзимни у зотга шогирдликка арзимас билсамда шу йўлни тутгим келди. Яъни, масъуллар ҳузурида имкон қадар гапирган бўлсам, энди насиҳатни сизларга қиламан. Чунки мени сизлар ўқияпсизлар.

Юқорида айтдим, муаммоларимиз жуда кўп. Дин йўлида ушбу муаммоларни ечиш, унга ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Уларга бепарво бўлиш, менга нима қабилида иш тутиш кишини "соқов шайтон" даражасига туширади. Аммо бундаги фаолият қандай бўлиши керак?

Аллоҳ таоло айтади: "Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қилинг. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қилинг. Албатта, Роббингиз Ўз йўлидан адашганларни ҳам ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир" ("Наҳл" сураси, 125-оят).

Бошқа ўринда: "Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир". (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда–кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса хам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда. "Оли Имрон" сураси, 159-оят) ("Тафсири ҳилол"дан).

Мана шу оятлардан маълум бўлишича, мусулмон киши айниқса, дин қайғусида ҳаракат ёки мурожаат қилаётган киши ҳикмат билан иш тутмоғи, мулойим ва юмшоқлик билан муомалада бўлмоғи керак. Гапларида қўполлик, қаттиқликдан сақланиши, муомаласида одобли ва кечиримли бўлиши даркор.

Демак биз муаммоларимиз ечими сўраганимизда, таклиф қилганимизда қуйидагиларга эътибор берайлик:

1. Ҳис-ҳаяжонга берилиб, ўйламасдан фикр билдиришлардан тийилайлик.

2. Ёзмоқчи, айтмоқчи бўлган мулоҳазаларимизни вазиятга қараб, ҳолатни баҳолаб кейин ўртага ташлайлик. Ояти каримадаги "ҳикмат"дан шу мурод қилинган.

3. Ишларнинг енгил ва зарари камроғини танлайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки иш ўртасида танловга дуч келсалар енгилини танлардилар, агар у гуноҳ бўлмаса.

4. Ёзганда ҳақорат ва қўполлик қилиш, сўкиниш каби ояти карима мазаммат қилган ҳолатлардан узоқда бўлиш. Айниқса такфир қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Бу ислом таъқиқлаган иш бўлишидан ташқари, жамиятда зўравонликлар ва беҳуда қон тўкилишига сабаб бўлади.

5. Турли ундовларга учмайлик. Мусулмон заковат ва фаросатини ишга солайлик. Ишларимизда ихлосни шиор қилайлик. Ақлли, қўрқмас дейишлари учунгина ҳаракат қилмайлик.

6. Қайси жойга қандай мурожаат қилишни билайлик. Ўзаро эрмак, масхара ва таҳқирлаш билан иш битмайди. Ҳуқуқ бузилганда судга, масъулларга қонунга мувофиқ равишда мурожаат қилайлик.

7. Сиёсий тизим ва раҳбариятга осилмайлик. Насиҳат йўлини тутайлик. Чунки ислом сиёсий барқарорлик ва давомийликни ёқлайди. Албатта шартлари доирасида.

Бундай тавсия ва насиҳатларни бериш зарурати юзага келгани учун ёзяпман. Бир мусулмон сифатида миллий тотувлик ва сиёсий барқарорлик тарафдориман. Бундан бошқача йўл тутишни хато ҳисоблайман.

Мубашшир Аҳмад ҳафизуллоҳ 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!