Иқтисодиёт олий мактаби МТУ (Россия) аспиранти Мария Ухватованинг «Россияда дин ва электорал хулқ-атвор: минтақавий аспект» мавзуидаги тадқиқотида келтирилишича, Россия аҳолисининг диндор қатлами кўпроқ ҳокимиятни қўллаб-қувватлар экан. Ҳа, айнан диндорлар РФ ҳукуматининг асосий таянчи ҳисобланяпти.
Энди ўйланиб қоласан, нега Ўзбекистонда айрим шахслар ва жамоалар томонидан диндорларга нисбатан антипатия шаклланяпти? Балки уларга диндорларнинг мавжуд ҳокимиятни, Президент сиёсатини қўллаб-қувватлаши ёқмаяптимикан? Ўзбеклар тинчлик ва, айниқса, мустақилликни қадрига етувчи миллат ҳисобланади, сабаби улар минг йил давомида эзгулик дини бўлмиш Ислом билан суғорилган ва улар муаммони иқтидордаги ҳокимият, раҳбарлар билан маслаҳатлашиб ҳал қилиш тарафдори, буюк келажакка, фаровон ҳаётга (хуллас, ғарбдаги каби тўкин-сочинлик ёки Собиқ Иттифоқнинг айрим йилларида кузатилган, жим юриш шарти билан берилган, нисбатан тўқ ҳаётга) мустақилликни бой бериш эвазига эришмоқчи эмас, асло.
Ўзбекистон аҳолиси диндорлашиб кетяпти, деб ваҳима қилаётганлар аслида Совет Иттифоқини, мустамлака даврини соғинувчилар бўлса керак. Йўмаса, атрофда неомустамлакачилик булутлари сузиб юрган бир пайтда оммани чалғитиб, эътиборни демократик мамлакатда, эркин фуқаро сифатида, миллий қадриятларини унутмаган ҳолда яшашни истаётган қатламни ёмонотлиқ қилишга қаратишмасди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқда «Россиясиз нима қиламиз? Қаерда ишлаймиз, қаерга сотамиз?» деган иддаоларни учратиш мумкин. Ва мустабид даврнинг қуроли бўлган «пантуркизм» ваҳимаси ўртага ташланяпти. Парадокс, умуман бир-бирига «қариндош» бўлмаган миллатлардан «совет» миллатини ясаш табиий экану, тили бир, дини бир миллатларнинг туркийлигига урғу бериш агрессив миллатчилик ғояси эмиш.
Диндорлар энг ватанпарвар қатлам ҳисобланади, ҳурматли ҳамюртлар!
Ғайратхўжа Сайид Али