«Динимиз илмни Аллоҳдан қўрққан ҳолда ўрганишимизни таълим беради»

20:00 10.06.2019 368

Ислом тенглик динидир. У савоб ва жазода эркак ва аёлни бир хил мавқеда қилди, уларни Аллоҳнинг ишлари ҳақида тафаккур юритишга ва Аллоҳ ризолигига эришиши учун ҳаракат қилишга ундайди.

Демак, аёл киши ўрганиши, илм мажлисларида қатнашиши ва илм аҳлидан агар эри билмаса дин ишларидан билмоқчи бўлган масалаларни сўраб олиши керак. Бироқ муслима синглим, илм дипломлар олиш эмас, балки амалга мувофиқ илмдир. Илм Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидаги масалалардир.

Оталар қизларига илм эгаллашни тақиқламасликлари керак. Бироқ ота қизига илм талабида уйдан чиқиши баробарида намоз ўқиши, Қуръон қироат қилиши ва дин ишларидан аёлларга тааллуқли, ҳар бир аёл ўрганиши керак бўлган ҳукмларни билишига имкон яратиши лозим.

Муслима синглим! Динимиз илмни Аллоҳдан қўрққан ҳолда ўрганишимизни таълим беради. Илм олиш ибодат, уни ўрганиш тасбеҳ, уни билмайдиганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига бериш хурсандликдир. Илм ёлғизликда дўст, хилватда ҳамроҳдир. Аллоҳ у билан халқларнинг даражасини кўтаради, уларни хайрли ишларда йўлбошчи, иқтидо қилинувчи раҳбар, яхшиликка йўл кўрсатувчи қилиб қўяди. У орқали ягона Аллоҳга эътиқод қилинади ва ибодат, итоат этилади. Илм билан инсон кўкларга кўтарилади. Шунингдек, диёнатли бўлишда, силаи раҳм қилишда, ҳалол ва ҳаромни англашда фойда олинади.

Шу тариқа динимиз илм ва унинг аҳлини кўтаради, унга эркаклар ва аёлларни бир хилда ундайди. Лекин қандай қилиб ҳандаса, тиббиёт ва бошқа илмлар каби сен бу дунёда нажот топадиган илмни эгаллашга интиласан-у, сени дўзахдан узоқлаштириб, жаннатга киритадиган илмга беэътибор бўласан?!

Муслима синглим! Сен ўз хоҳишинг билан тўхтаб туриб, ўзингдан дининг ҳукмлари ва илмларидан билганларинг ҳақида сўрашинг керак. Агар билимингни яхши деб билсанг, Аллоҳга ҳамд айт, бу Унинг марҳамати ва сенга бўлган ёрдами туфайлидир. Борди-ю, бошқача бўлса, Роббингдан мағфират қилишини сўра, диний билимларингни ошир. Барча яхшилик сенинг динингга бўлган яқинлигингдадир. Охират илмидан четланиб, дунё илми билан аниқ алданган кимсага бахтсизлик бўлгай. Буюк Аллоҳ шундай деганида рост сўзлаган: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунёда яшаган вақтимда) кўрувчи эдим-ку?!” – дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай “унутилурсан”. (“Тоҳо” сураси, 124–126-оятлар).

Абу Марям Маждий Фатҳий Саййид Танто. Миср

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!