Динимизда кимларни заиф дейилади?

07:56 10.04.2019 868

Инсондаги муҳим ва олийжаноб сифатлардан бири, жаҳл қилмаслик ва ғазабдан сақланиб, кечиримли бўлишдир. Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони Каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғазаблари келганида, уни ичига ютадиган, одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам кечиримли бўлишга буюрган.

Инсоннинг олийжаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг”, – дейишди. Шунда У Зот: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, – деб марҳамат қилдилар.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг”, – деганида, У Зот: “Ғазаб қилма” – дедилар. Бу киши бир неча марта сўраганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилмагин” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ғазабнинг зарарлари ҳақида ёзар эканлар, қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор беради:

1. Ғазаб, Аллоҳ таолонинг нафратига сабаб бўлади.

2. Ғазаб, шайтонур-рожиймни рози қилади.

3. Ғазаб, одамлар орасини бузади.

4. Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади.

5. Ғазаб, ақл ва дин нуқсонлигининг аломатидир.

6. Ғазабланишнинг ортидан узр айтиш ва надомат келади.

7. Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади.

8. Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради.

Дарҳақиқат, инсоннинг ўз ғазабини жиловлай олмаслиги унинг катта фожиасидир. Демак, агар яхшиликка эришай десанг, ғазабланма! Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлсалар-да, заиф ҳисобланадилар.

Манбалар асосида А. Ўрозов тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!