Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Диний идорамиз ҳам муносабат билдирди

8044

Ўзбекистон мусулмонлари идораси пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлаётган ҳақоратли карикатуралар ва шунинг ортидан келиб чиққан нохуш воқеаларга ўз муносабатини билдирди:

«Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди.

Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.

Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди».

Шунингдек, идора баёнотида мусулмонларга бу ҳолларда ўзини қандай тутиш ҳақида ҳам тавсиялар берилган:

«Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир».

Мўътабар тафсир китобларида, дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилган. Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани эслатиб ўтамиз: «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, У, қилиб юрган ишларининг хабарини берур», (Анъом сураси, 108-оят).

Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак.

…Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур.

Шу ўринда Ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиган айрим кимсаларга Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратларининг қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир”.

Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади», дейилади диний идора баёнотида.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Россия НАТО учун асосий таҳдидга айланади”

92 09:15 03.12.2020

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун

102 09:05 03.12.2020

Эрон: “Фахризоданинг қотиллари аниқланди”

452 08:47 03.12.2020

Сингапурликлар сунъий товуқ гўшти ейдиган бўлди

854 21:05 02.12.2020

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, охирги қисм)

789 20:20 02.12.2020

Британияда коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди

124 20:05 02.12.2020
« Орқага