Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги юз бераётган айрим ҳолатлар ҳақида кўплаб юртдошларимиз томонидан ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар билдирилмоқда. Ҳатто айримлар тарафидан “Эски Ўзбекистондаги режимга қайтилади шекилли” деган хавотирлар ҳам янграяпти.
Воқеалар ривожига эътибор беринг.
Жорий йил январь ойида телефонидан диний нашида топилган 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 8 май куни эса Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Сўнгги хабарларга кўра, бир неча диндорлиги билан танилган блогерлар (аниқроғи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари) ҳибсга олинган. Салгина аввад таниқли диний олим Шавкат Ҳасан ва бошқа бир гуруҳ имом ноибларининг “диний йўсинда фикрлари”ни Диний қўмита экспертизасидан рухсат олмай тарқатгани учун ички ишлар идораларига чақирилгани ва катта миқдорда жарима солинаётгани ҳам қаттиқ танқид остига олинди.
Шунингдек, Диний қўмитанинг “Ҳаж” ва “Умра” ибодатларни уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган” ҳақидаги таҳдиднамо огоҳлантириши ҳам эътирозларга сабаб бўлди. Чунки барча давлатларда ушбу ибодатни асосан хусусий компаниялар бозор рақобати (сифат ва нархнинг мақбуллиги) асосида ташкил этилиши қайта ва қайта таъкидланмоқда.
Қолаверса, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Хўжаобод тумани мутахассиси фуқаролардан Умра зиёрати учун олган 1 млрд 650 млн сўмни онлайн қимор ўйинларига тикиб юборгани ҳақидаги хабар ҳаммасидан ўтиб тушди.
Дин ишлари бўйича қўмита Kun.uz мухбирининг АҚШдаги ал-Бухорий масжиди ҳақида тайёрлаган кўрсатувидан айрим жумлаларни кесиб ташлашни тавсия қилгани ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Диний қўмита олиб ташлашни сўраган жумлаларнинг айримларига эътибор беринг:
• “Биринчи маъмурият давридаги қўрқув ҳам бор эди”;
• “Тушгача дунёвий билимлар, мактаб дарслари бўлади, тушдан кейин диний илмлар берилади. Шанба-якшанба кунлари Қуръон дарслари бўлади, бундан ташқари, ёзги таътил пайтида 40 кунлик Қуръон таътили бўлади. Американинг ҳамма жойларидан ёшлар келади. 120 тагача қабул қиламиз”;
• “Диний эркинлик таъминлангани учун муаммо бўлмайди” ва ҳ.к.Бир сўз билан айтганда, қип-қизил цензура”, деб хулоса қилди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Буларнинг ёзишимиздан муддао шуки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолияти тугатиш ёки тубдан ислоҳ қилиш, диний соҳага оид айрим қонун ва қарорларни қайта кўриб чиқишнинг вақти аллақачон келди, бизнингча. Бу ҳақда мақола охирида яна тўхталамиз.
Jalilov. Qaydlar телеграм канали Kun.uz нашрининг Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармасининг синфдошларига нашида ҳаволасини (линкини) юборгани учун қамалган йигит ҳақида тарқатган расмий баёнотида ишга доир ҳужжатлар ва суд ҳукмига мос келмайдиган нотўғри маълумотлар борлигини ҳақида муносабат билдирди.
Kun.uz мақоласида келтирилган айблов хулосасидан бошқа битта савол туғилмоқда, деб ёзмоқда блогер.
"Хулосага асос бўлган экспертизада йигит ҳаволасини юборган маълумот "ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган"лиги айтилган. Lex.uz қонунчилик базасида "ақидапарастлик" калит сўзи билан қидирув берилганда 37та ҳужжат топилди (шундан 10тачаси кучини йўқотган). Бу ҳужжатларда "ақидапарастлик" тушунчасининг аниқ таърифини топа олмадим. Жиноят кодексининг 244-1 моддасида ҳам бу тушунчанинг таърифини кўрмадим.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида "ақидапараст" сўзига "ақидаларга кўр-кўрона ишонувчи шахс" дея таъриф берилган. "Ақида" сўзига эса "1) эътиқод қилинадиган нарса, тушунча; 2) ҳақиқатга зид, кўр-кўрона қабул қилинган фикр, қоида" деб таъриф берилган ва иккинчи маъносига мисол сифатида "коммунизм" келтирилган.
Бу таърифдан айнан қандай ахборот "ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган" тоифасига киришини аниқлаш мумкинми?
Ижтимоий тармоқлар ва очиқ манбалардаги турли-туман ахборот, шу жумладан, диний мазмундаги ахборотнинг улкан ҳажмини ҳисобга олиб, ҳар биримиз потенциал жиноятчига айланмаслигимиз учун, қайси хусусиятларига кўра ахборотнинг "ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган"лигини билиб олишимиз мумкин? Экспертлар хулоса бераётганда нималарга таяниб шу хулосани беришган?
Қонунчиликда "ақидапарастлик" нима эканлиги борасида аниқлик борми? Бор бўлса, қайси қонун ҳужжатида?
Йўқ бўлса, янгиланган Конституциямиз бўйича "Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши" (20-модда) керак эмасми?
Устоз Мубашшир Аҳмад бугун фейсбукда қуйидаги ташвишли мулоҳазаларни қолдирди:
“Яна телефондан юборилган диний маъруза учун дўстларимиздан бири тергов қилинмоқда. Бу жараён одатий, оммавий ва хавфли тус олмоқда. Қизиғи, телефондаги нашид ё маъруза учун бошқа бирор давлатда кишилар қаттиқ жазоланаётгани ёки қамалаётгани ҳақида маълумотга эга эмасман.
Аслида тақиқланган маъруза эшитиш ёки китоб ўқиш фикрни шакллантиради. Шаклланган нотўғри фикрга қарши тўғри фикр ва тарғибот билан курашиш энг мақбул йўл ва ўринли чора. Бунда фикр эгалари, зиёлилар ва олимлар хизматидан фойдаланилади.
Агар нотўғри фикр нотўғри хатти-ҳаракатга ундаса, у ҳолда жазо хатти-ҳаракат соҳасига дахлдор, яъни кучишлатар тизим ходимлари томонидан кўрилиши керак.
Масалан Миср, Туркия ёки Малайзия каби аҳолиси мусулмон дунёвий давлатларда турли хил фикрларни олға сурган китоблар дўконларда сотилаверади. Улардан тасирланган кишилар жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳуқуқларидан фойдаланаверишади. Аммо иш тақиқланган жамоатлар тузиш ёки жиноий хатти-ҳаракатлар содир этиш томон юрса, тегишли қонуний чоралар кўрилади. Назаримда бу муаммога нисбатан оқилона ёндашув.
Айтмоқчи бўлганим, жазо содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноятга муносиб ва мувофиқ бўлиши керак. Бўлмаса, жамият фикр полицияси ҳукмрон ва фикр ўлган жамиятга айланади. Бундай жамият Аллоҳ томонидан ақл билан сийланган инсонлар жамияти эмас, беақл қўйлар подаси ҳисобланади.
Биз бу муаммони олиб чиқиш, айбдорларни қарғаш ёки мазлумларнинг жазосини доналаб енгиллатиш билан билан эмас (айрим айбланувчилар ишига давлат ё жамоат арбобларининг аралашуви жазони енгиллатмоқда), қонундаги жиноят ва жазо номутаносиблигини бартараф этиш билан адолатга эришишимиз мумкин. Шундай экан, Олий Мажлис депутатлари ва қонун чиқариш ва ижросига дахлдор бошқа томонларни "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг муаммога тегишли моддаларини ўзгартиришга чақираман!”, дея ўз фикрларига хулоса қилади диний уламо, Azon.uz сайти муассиси Мубашшир Аҳмад.
Сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимовнинг қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик.
“Ўзбекистонда, оммавий қамашлар учун энг кўп қўлланилган асос – "диний экстремизм". Лекин қонунчиликда "экстремизм"нинг таърифи йўқ ва бўлмаган ҳам. Бу жуда уникал ҳолат.
Экстремизм – тўлалигича хаёлий талқин қилинаётган ва реал инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган тушунча...”, дейди у.
Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтмоқчиман. Икки йилча аввал Azon.uz ва Kun.uz сайтларининг журналист ва муассислари устидан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судидаги бир ҳолат эсимга тушиб кетди. Қайсарлик билан қайта қайта эътирозларимиздан кейин судя жаноблари бизга (Azon.uz журналистларига) “Диний мазмундаги бирор бир сатр гапни ҳам Диний қўмита эскпертлик хулосасисиз айтиш (ёзиш, тарқатиш)” қонунларга зид эканини, бунинг учун жавобгарлик белгиланганини қатъий таъкидлади.
Шунда суд залидаги деворга осилган бир шиорга кўзим тушиб қолди. Унда “Бир соатлик адолат юз йиллик ибодатдан афзал”, деб ёзиб қўйилган экан. Судядан: “Ўртоқ судя, мана бу гап ҳам диний мазмунда экан. Диний қўмитадан экспертлик хулосаси олинганми?” сўрадим алам билан. У мужмал жавоб билан қутилди: “Билмасам, мен ишга келганда бу бор эди”...
Ростда, агар бунақа мантиқ билан қаралса, ҳар жойга осилган “Ватанни севмоқ иймондандир” каби шиорларни қўйган ҳокимликлар (масъуллар) ҳам жавобгарликка тортилиши керак эмасми?
Ёки тўйга борган киши “Икки ёш бахтли бўлсин!” дейиши учун жарима тўлаймизми? Фотиҳага борганда нима қиламиз, азадорларга таскин учун “Ўтганларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин”, дейиш учун ҳам экспертлик хулосаси талаб этиладими?
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси қошида Дин ишлари қўмитасининг асосий вазифаси – Ўзбекистон Конституциясида айтилган виждоний ва диний эркинликларни таъминлаш! Қолаверса, инсонларнинг қонун олдидаги тенглигини таъминлаш ҳисобланади. Яъни, қўмита – инсонларни диний ва виждоний қарашларини чеклаш эмас, ҳимоя қилиш, таъминлаш мақсадида тузилади”.
Хуллас, Олий Мажлис депутатлари ва бошқа қонун ташаббускорлигига эга тегишли органлар юқоридаги вазиятларни келтириб чиқараётган қонунларни, халқчил, адолатли, мантиқли тарзда таҳрир қилиб, қайта кўриб чиқмас, Дин ишлари бўйича қўмита ваколати ва мақсади тубдан ўзгартирилмас экан, халқнинг дардлари ҳам, давлатнинг ташвишлари ҳам тугамайдиганга ўхшайди.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири