Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Диний таълим муассасаларида “суперконтракт” масаласи ёхуд мадрасада вирус тарқалмайдими?

2279

Барчага маълумки, жорий йилнинг 6 сентябрь санасидан бошлаб юртимизнинг барча олий таълим муассасалари, мактабларда ўқув жараёнлари бошланди. 

Шулар қатори юртимиздаги диний таълим муассасаларида ҳам дарсларга анъанавий шаклда старт берилди.

Ҳозирги кунда юртимизда 3 та олий ва 10 та ўрта-махсус диний таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Ана шу диний таълим муассасаларидаги 2021-2022 ўқув йили учун қабул жараёнлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз. 

Олий диний исломий таълим муассасалари:

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ўқиш истагини билдириб жами 242 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Юқори балл тўплаган 50 киши талабаликка тавсия қилинди. Улардан бир нафари “Ягона олимпиада” ғолиби бўлгани учун грант асосида имтиёзли қабул қилинган. 

Мир Араб олий мадрасасига жами 114 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улардан 20 нафари талабаликка тавсия қилинган. 

Ҳадис илми олий мактабига ҳужжат топширган 68 нафар абитуриентдан 10 нафари талабаликка тавсия қилинди. 

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, олий диний исломий таълим муассасаларига ҳозирда фақат ўрта махсус диний таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларгина қабул қилинади. 

Ўрта-махсус ислом билим юртлари: 

“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртига 926 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 30 нафари; “Ҳидоя” ўрта-махсус ислом билим юртига 600 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 30 нафари; Хожа Бухорий ўрта-махсус ислом билим юртига 600 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 30 нафари; Фахриддин ар-Розий ўрта-махсус ислом билим юртига 411 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 30 нафари, Муҳаммад ал-Беруний ўрта-махсус ислом билим юртига 532 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 30 нафари; Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юртига 325 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 20 нафари нафари талабаликка тавсия этилди. 

Аёл-қизлар учун ўрта-махсус ислом билим юртларига: 

“Хадичаи Кубро” ўрта-махсус ислом билим юртига 1500 нафарга яқин абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 20 нафари; “Жўйбори Калон” ўрта-махсус ислом билим юртига 583 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 20 нафари талабаликка тавсия этилган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига бу йил диний ўқув юртларига қабул қилинган талабалар борасида сўровнома юборган эдик. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўн уч кун деганда жавоб берди. Маълум қилинишича, идора тасарруфидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларига бу йил умумий ҳисобда 7885 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, улардан 551 нафари талабаликка тавсия қилинган. Шу билан бир қаторда мақсадли қабул асосида ҳам абитуриентлар талабаликка қабул қилинган. Мақсадли қабул тартибига кўра, бир ҳудуддан топширган уч абитуриентдан энг юқори балл тўплагани талабаликка қабул қилинади. Ушбу бал энг паст кўрсаткичи белгиланмаган. Шунга кўра, абитуриентлар орасидан юқори балл тўплаганлар, мисол учун 140 балл тўплаганлар ҳам талабаликка қабул қилинмаган ҳолда, мақсадли қабул асосида 60 балл тўплаган абитуриент талабаликка қабул қилиниши мумкин. 

Мақсадли қабул учун ҳам ҳудудлардаги эҳтиёжга кўра квоталар ажратилган.

Эркаклар учун ўрта-махсус диний таълим муассасалари 8 та бўлса, аёллар учун атиги 2 тани ташкил қилади. “Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори калон” аёл-қизлар ислом билим юртларида ўқиш истагини билдирган 2083 нафар абитуриентларнинг атиги 2,9 фоизи диний таълим олиш имкониятига эга бўлди.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган, тўлов контракт асосида ўқийдиган талабаларга ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, 2021−2022 ўқув йили учун базавий тўлов контрактига 10 фоиз миқдорида бир марталик чегирма бонуси берилган эди. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртларига ҳам тегишлими, деган савол билан баъзи мадрасаларга боғландик. Уларнинг жавоб беришига қараганда, диний таълим муассасалари талабалари бу имтиёздан фойдалана олмайди. Ёки коронавирус диний таълим муассасаларида ўқийдиганларга юқмайдими?

Албатта, диний таълим муассасалари Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфида. Юртимизда дин давлатдан ажратилган. Лекин динни жамиятдан ажратиб бўлмайди, ахир. Тили, дини, миллати, ирқидан қатъи назар, имтиёзлар олдида ҳамма тенг бўлиши лозим-ку! 

Ўрта-махсус ислом билим юртларида таълим 100 % контракт тўлови асосида ташкил этилган. Ҳар бир ўқув юрти иқтисодий жиҳатдан тўлиқ ўзини таъминлайди.  Мисол тариқасида айтишимиз мумкинки, рус православ конфессиясига тегишли семинария талабалари 100% контракт тўловисиз таълим олади. Марказий бошқарув органи томонидан таъминланади.

Шунингдек, таълим муассасаларида табақалаштирилган тўлов контракти – супер контракт шартномаси мавжуд. Унга кўра максимум баллнинг 30 фоизини тўплаган абитуриент ҳужжат топширган олий ўқув юртининг талабаси бўлиши мумкин. 

Бироқ бу диний таълим муассасалари низомларида сал бошқачароқ кўрсатилган: ўтиш балларидан 10 баллгача кам жамғарган абитуриент супер контрактга илиниши мумкин, дейилган. Бироқ, икки йилдирки, таълим муассасалари низомларида кўрсатилган ушбу бандга ҳам амал қилинмай келмоқда. Ҳар бир ислом билим юрти супер контракт тўлови билан ўқишга рози бўлганлар рўйхатини шакллантириб  Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим бўлимига топширган бўлишига қарамай, ҳалигача ушбу масала пайсалга солиб келинмоқда. 

Ўрта махсус билим юртларидан бирига бу йил 35 нафарга яқин супер контракт тўлови билан ўқиш имкониятини қўлга киритган абитуриентлар бор. Улардан 20 нафари мазкур тўлов билан ўқишга рози. Бироқ, 2020-2021 ўқув  йилида  таълим муассасалари низомида кўрсатилган суперконтракт асосида талабаликка қабул қилишга рухсат берилмади. Биз бу мавзуда диний идоранинг таълим бўлимига мурожаат қилдик. Улар бизга бу йил ҳам супер контракт берилиши номаълум эканлигини айтишди.

Диний ўқув юрти талабаларига айри кўз билан қарамаслик, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш лозим. Табақалаштирилган тўлов контракти диний ўқув юртлари талабалари учун ҳам жорий этилиши ҳам билим юртлари, ҳам диний идорага фойдали эмасми?

Биз ушбу саволни очиқ қолдириб, унга ижобий ҳал бўлган жавобни кутиб қоламиз.

Муҳаммад Содиқ Абдуолимов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний идора мадрасалар имтиҳони борасида изоҳ берди

477 13:15 02.08.2022

Диний таълим муассасаларига хорижлик фуқаролар ҳам қабул қилинади

582 18:20 21.06.2022

Диний таълим муассасаларида қайси фанлардан имтиҳон олиниши эълон қилинди 

1004 13:44 16.06.2022

«Суриш» чора эмас!

1196 10:35 15.06.2022

Диний таълим муассасаларига қабул муддати белгиланди 

832 19:10 14.06.2022

«Исломда ибодат либоси ёки диний либос ҳеч қачон бўлмаган» — Алишер Ҳамроев

1224 09:05 28.05.2022
« Орқага