Наср

“Директор рухсат бергани билан... Роббимнинг юзига қандай қарайман?!”

2138

Бизда бувини ача, дейилади. Ачамлар ўз ҳаётларини шундай ҳикоя қиладилар:
“Бобонг ўттиз уч ёшида автоҳалокат туфайли вафот этдилар, мен эса  ўттиз ёшга етмай беш нафар бола билан бева қолдим. Кенжа ўғлим эндигина саккиз ойлик эди. 

Ўша кунлардан қора кунларимиз бошланди. Айниқса, кеч тушди дегунча юрагим эзиларди. У пайт ҳовлилар катта, камига деворлари паст бўларди, қўрққанимдан кўзимга уйқу келмас, ўзимча тадбирлар қилиб бобонгнинг тўн ва пойафзалларини ташқарига териб қўярдим, худди уйда эркак киши бордай кўринсин, деб.

Болаларнинг таъминоти, тарбияси ўзимга қолган, яқинларим эса кўп ҳам ўзидан ортмас, шу зайл кунлар ўтиб, охир-оқибат ўзим ишга киришга мажбур бўлдим. Маҳалламиздаги сут маҳсулотларини қайта ишлаш заводида катта сиғимли идишларнинг ичини тозаловчи бўлиб ишлай бошладим. Сут ташийдиган машиналарининг катта идиши ичига тушиб, тозалардим.

Завод  директори ёши катта, жуда яхши, куюнчак одам эди. Бир куни мажлисда: “Дилбарга кунига бир “бонка” қаймоқ олиб чиқишига ўзим рухсат бердим, қоровуллар,  эшитиб олинглар, Дилбарни текшириб чиқаришларинг шартмас, кўрсаларинг ҳам кўрмаганга олинглар, олса, етим болалари учун олади, ҳар ким навбатчилиги куни куни болаларидан хабар ҳам олиб турсин, деди. Ўзимга эса: “Қизим Дилбар, ишга чиқаётганингда катта чойнакда чой дамлаб ол ва қайтишингда чойнакни тўлдириб қаймоқ олиб кет”, дея тайинлади. Эҳ, ўша бир “бонка” қаймоқ йўқчилик вақтида қанчалик катта неъмат эканини ҳамма ҳам тушунавермайди, буни фақат бошидан ўтказган одамгина ҳис қила олади, болам.

Шу зайл сабр билан ишлаб рўзғор тебрата бошладим. Оҳ, ёлғиз аёлнинг кўрган куни қурсин, болам, айниқса, тўрт-беш бола билан қолган бўлса. 
Болаларим аста-секин вояга етиб, ёнимга кириб, аста-секин ёруғ кунлар кела бошлади. Аллоҳнинг марҳамати билан яхши кунларни ҳам кўрдим. Алҳамдулиллаҳ.

Шуни ёдингда сақлагинки, болам, инсон доимо тўғри бўлса, ибодатда қоим бўлса, кечалари таҳажжудда Роббисидан сўраса, сабр қилса, албатта, Раззоқ бўлган зот – Аллоҳ сўраганингни беради.

Фақат мени қийнайдиган нарса, заводдан олиб чиққан ўша уч-тўрт “бонка” қаймоқ... Ахир завод ҳозиргидай хусусий эмас, давлатники эди-ку?! Директор ўзи таклиф қилгани билан маҳсулот халқники эди, бу қилган ИШИМ билан Роббимга қандай юзланаман, шу йиғлатади мени, болажоним...”

Ачамларнинг суҳбатларини эшитиб, ўйланиб қоламан. 

Ҳозирчи, ҳозир ҳам шундай директорлар бормикин? Ахир қаршисида ночор, ҳимоясиз  қолган ёш ва чиройли жувон турибди ...

Директор ўзи тайинлаганига, болалари эса мухтожлигига қарамай, уч-тўрт мартадан кейин Роббисидан қўрқиб, ўша пайтда кўзига жуда катта ўлжадай кўринган қаймоқдан кеча оладиган аёллар-чи?

Дилшод Халилов

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага