Илм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

512

Ҳокимга қарши чиқиш – қонунга қарши чиқишми ёки хуружми ёки жиҳодми?

Баҳс ўрнида:

“Ҳокимга қарши чиқиш” деган жумладаги “ҳоким” дан мурод очиқ-ойдин куфр келтирмаган, бизнинг қўлимизда унинг кофир эканига аниқ ҳужжат бўлмаган шахсдир. Унинг таърифини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларда айтиб ўтганлар.

Шунингдек, мавзуимиз ўзининг кофир эканини очиқ-ойдин эълон қилган ҳоким ҳақида эмас.

Аксар давлатларнинг ҳокимлари (раҳбарлари) мусулмондир. Агар ҳоким куфр келтирганини очиқ-ойдин айтса, таъвил қилиб ўтирилмайди. Унга қарши чиқилади ва уни байъат (қасамёд)  олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Агар ҳоким унга қарши чиққанларга уруш қиладиган бўлса у ҳолда куфрининг устига зиёда ҳолатда мусулмонларга қарши хуруж қилган ҳисобланади. Мусулмонлар  уни йўлини тўсиб, унга қарши курашиш лозим  бўлади. Бу иш жиҳод амалларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақида аввал маълумот бериб ўтганмиз.

Куфр келтирганини очиқ ойдин эълон қилган ҳоким билан куфр келтирганини очиқ-ойдин изҳор қилмаган ҳокимни адаштириб юбормаслик учун ушбу услубда бошладик. Мавзунинг аввалида куфр келтирганини очиқ-ойдин айтган ҳоким бизнинг мавзуимизга таалуқли эмаслигини ва у ҳақида баҳс қилмаслигимизни таъкидлаб ўтдик.

Ҳоким деганда кимни тушунилади? Мавзуимиздаги ҳоким деб аталувчи шахсдан мурод – давлат раҳбари ёки подшоҳ назарда тутилган. Ҳоким мусулмон ва ҳеч қандай очиқ-ойдин куфр келтирмаган киши бўлиб, учта йўлдан бири билан ҳукмронлик унинг изнида бўлади:

1. Қасамёд олиш унинг изнида бўлган киши. Бевосита ва кўп мамлакатларда амалда бўлган билвосита қасамёд олишга эга бўлган шахс.

2.У билан аҳдлашилган. Халифа вафот этганидан кейин унинг ўрнига тайинланиши учун халифа томонидан танланган шахс. Халифаликка муносиб кўрилган киши бу аҳдлашувни қабул қилади ва одамлар ҳам  уни раҳбар бўлишига рози бўладилар ва норозилик ҳаракатларини амалга оширмайдилар.

3. Куч билан ҳукмронликни қўлга олган киши. Аввалги ҳоким ёки имомнинг вафот этган бўлиши ёки шаръий сабаб билан ишдан бўшатилган сабабли кейинги ҳокимнинг ҳукмрон бўлиши.

Агар биринчи раҳбар мавжуд бўла туриб, иккинчи раҳбар пайдо бўлса ва одамлар унга қасамёд қилган ёки аҳдлашган бўлсалар, иккинчи раҳбарга бўйсунилмайди. Сохта раҳбарга қарши курашиш лозим бўлади. Агар сохта раҳбар бу йўлидан қайтмаса, уни ўлдириш вожиб бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Агар икки раҳбарга қасамёд қилинган бўлса, унинг кейингисини (иккинчисини) ўлдиринглар”, деганлар.

Имом Муслим ривояти.

Раҳбарлик аҳдлашуви лозимдир.

Уни шаръий узрсиз амалдан тўхтилмайди.

Раҳбар киши  агар шаръий узр бўлмаса, ўзининг раҳбарлигида давом этади. Мусулмонлар бунга иттифоқ қилганлар.

Лекин бу ҳолат шаръий узр сабабли турли хил бўлиши мумкин. Агар мусулмон киши айтиб ўтилган уч шартга кўра раҳбарликни қўлга олган бўлса, кейин эса шаръий сабаблар билан раҳбарлигидан озод этилса, унинг раҳбарлиги тўхтайди ва ўрнига бошқа киши тайинланади.
Ушбу ўринда унга жиннилик касали етиши ёки муҳим тана аъзоларидан бирини йўқотиши каби ҳолатларнинг ҳукми ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу ҳолатларннинг ҳукми маълумдир. Биз ҳоким фисқ-фужурга берилиб, гуноҳ ишларни қилиши ҳақида баҳс юритамиз.

Ҳокимнинг фосиқлиги

Жумҳур фиқҳ олимларининг айтишларича, ҳоким фосиқ бўлгани сабабли ишидан бўшатилиши жоиз эмас. Имом Нававий бу ҳақида ривоят қилиб, “Саҳиҳул Муслим”нинг шарҳида келтирадилар: “Уларга (ҳокимларга) қарши чиқиш ва улар билан урушиш мусулмонларнинг иттифоқларига кўра ҳаром қилинган. Гарчи улар (ҳокимлар) золим ва фосиқ бўлсалар ҳам. Чунки бу борадаги ҳадисларнинг маъноси шунга ишора қилади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари султон фосиқ (гуноҳкор) бўлгани учун ишдан бўшатилмаслиги ҳақида ҳукм чиқарганлар. Шунингдек, баъзи фиқҳ китобларда келтирилган “бу ҳолатда уни ишдан олинади”, деган гап хато ва ижмога хилофдир. Тарихда яшаб ўтган мўътазила тоифаси вакиллари ҳам ҳам бу каби нотўғри гапларни айтиб ўтганлар ва ижмоъга хилоф қилганлар. Уламолар: “Уни ишдан бўшатилмаслиги ва унга қарши чиқмасликнинг сабаби фитналарни олдин олишдир. Чунки бу ҳаракатлар оқибатида қўплаб қон тўкилиши ва фасод ишлар юз бериши мумкин. Унга (ҳокимга) қарши курашгандан кейин келиб чиқадиган низолар олдингидан кўра кўпроқ бўлади”, деганлар.

Имом Насафий ўзларининг ақида китобларида келтиришларича:

“Раҳбарга фосиқлиги учун, яъни Аллоҳга ибодат қилишни тўхтатиб қўйгани, одамларга зулм қилгани учун хуруж қилинмайди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг наздида фосиқ одам ҳам раҳбарликка яроқли ҳисобланади”. (“Шарҳу ақоидун насафия” 180\181). 

Ибн Нужайм “Ал-Ашбоҳ ван-Назоир” китобида: “Бир вақтни ўзида раҳбарлар кўп бўлиши жоиз эмас. Лекин бир шаҳарда қозиларнинг қўп бўлиши мумкин. Раҳбар фосиқлиги сабаб ишдан олинмайди”, деб келтирганлар. (“Ал-Ашбоҳ ван-Назоир” 205).

Тафтазоний “Мақосид” китобида келтирадилар: “Раҳбар фосиқ бўлгани учун ёки ҳушидан кетгани учун ишдан олинмайди. Раҳбар жинни, кўр, кар, соқов касалликларига чалинса ёки унга илмни унутишга сабаб бўладиган бошқа офат етганда ишдан олинади”. (“Шарҳул мақосид” 5\233).

Имом Бажурий айтадилар: “...Раҳбар гарчи зулмкор бўлса ҳам унга итоат қилиш вожиб бўлади. “Саҳиҳул Муслим”нинг шарҳида золим раҳбарга қарши чиқиш ҳаром эканини келтирилган”.

Ибн Ҳазм бу иттифоқни саҳобалардан, фақиҳ тобеин уламолардан, ҳадисшунослардан ҳамда имом Аҳмад, имом Шофеий, имом Абу Ҳанифа ва бошқалардан ривоят қилганлар.

Бу иттифоқнинг асосини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳадисларида зикр қилганлар. Биз улардан қуйидагиларини зикр қиламиз.

Икки шайх (Бухорий ва Муслим) Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳадисидан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин манфаатпарастлик ва мункар ишлар содир бўлади”, дедилар. Улар: “Эй Расулуллоҳ биз бунга гувоҳ бўлсак нима қилишимизни буюрасиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизни зиммангиздаги бурчни адо қиласиз ва Аллоҳ таолодан ҳақларингиз сўрайсиз”, дедилар.

Икки шайх (Бухорий ва Муслим) Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким раҳбарини бирор нарса сабабли ёмон кўрса сабр қилсин. Чунки ким раҳбарга бир қарич қарши чиқса жоҳилиятнинг ўлими каби ўлим топади”, дедилар.

Имом Муслим “Саҳиҳул Муслим”да Ҳузайфа ибн Ямоннинг ҳадисидан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мендан кейин шундай имомлар (раҳбарлар) бўладики,  менинг ҳидоятим билан ҳидоят топмайдилар, менинг суннатим билан суннатланмайдилар. Уларни ичида шундай кишилар бўладики, уларнинг қалблари инсон жисмидаги шайтоннинг қалбига ўхшайди”. Мен: “Эй Расулуллоҳ, агар мен бу даврга етсам нима қилай?”, деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Раҳбарни эшитиб, бўйсунасан. Гарчи белингга уриб, мол-мулкингни тортиб олса ҳам эшит ва итоат қил”, дедилар. Имом Муслимнинг Авф ибн Моликдан ривоят қилиб келтирган бошқа ҳадисда: “Эй Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам, уларга қарши қилич билан олишмаймизми?”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Йўқ, Модомики намозни сизлар билан ўқиётган эканлар (улар билан урушманг). Агар раҳбарларингизда сизлар ёқтирмайдиган бирор нарсани қўрсангиз унинг амалини ёмон кўринг, қўлни итоатдан тортиб олманг”, дедилар.

(Давоми бор).

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Синовлар ва 8 йилдан ошиқ муддатдан бери амал қилмай келинаётган ечим

1698 07:00 09.04.2020

Шайх Муҳаммад Саид Бутий тавсия қилган вирдлар

1433 19:30 06.04.2020

Мусулмон киши нафсини қандай поклайди?

1397 12:30 06.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

645 19:00 03.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

456 18:58 28.03.2020
« Орқага