Илм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

267

Жизя ҳақидаги баъзи масалалар ва ижтиҳодларнинг баёни

Шунингдек, баъзи одамлар зиммийлик аҳдномасининг айрим ҳукмлари борасида нотўғри тушунчададирлар. Айримларга унинг асл маъноси бироз тушунарсиз бўлади ёки бу мавзуда уларда шубҳа пайдо бўлади. Чунки бу мавзу мураккаб мавзулардан ҳисобланиб уни шарҳлаш давомида тўғри маълумотлар нотўғри тушуниб олинган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун баъзи масалаларни изоҳлаб ўтамиз.

Биринчи масала,

Тавба сурасининг 28-оятининг охирги қисмида келган жумла:

“...токи улар бўйсунган ҳолларида ўз қўллари билан “жизя” бермагунича, жанг қилинг”. (Тавба, 29).

Модомики, одамларнинг кўплари бу оятни тушунишдан қийналаётган ва уни нотўғри тушуниб олаётган эканлар биз бу муаммони ечишга ҳаракат қиламиз.

Ояти калимада “соғирун”, деб келтирилган. Бу сўз “бўйсунган”, “хор бўлган” деган маъноларни билдиради.

Ғайридинларни жизя ҳукмлари ва низомларига мажбуран бўйсунишларини ояти калимада “соғирун” “бўйсунган ҳолларида” деб аталмоқда.

Уларга нисбатан бу оҳангда муомала қилинишининг сабаби мусулмонларга хуруж қилганлари учун жазо ҳисобланади. Сабаб кофир бўлганлари ёки аҳли китоб бўлганлари эмас.

Аслида ҳар қандай душманлик кайфиятида бўлган шахсга ҳаттоки мусулмон бўлса ҳам ушбу тарзда муомала қилинади.

Масалан икки қўшни давлат бизни диёрга қарши курашишга келишиб олдилар ёки мустамлакачи кучлардан ёрдам олиб ҳийлакор режалар туздилар.   

Хўш, бў ҳолатда қандай йўл тутилади?

Агар вазият уларга қарши уруш қилишни талаб қилаётган бўлса уруш қилинади. Сўнгра уларни адолат мезонларига амал қилишга ва яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатишга мажбурланади.

Муҳими шундаки, бу услубда муомала қилишнинг сабаби кофирлар мусулмонларга нисбатан хуруж қилганларидир. Афсуски, буни кўпчилик тушунмайди. Албатта аҳли китоблар қурол-аслаҳларини қўйиб, ўзаро инсоний ёрдамлашув келишувига рози бўлсалар уларга қарши курашиш тўхтатилади. Ўзаро эҳтиром қилишга асосланган муомала қонунларига амал қилинади. Улар билан “Бизга фойда келтирадиган иш уларнинг ҳам фойдалариларига, бизга зарар келтирадиган иш уларнинг ҳам зарарларига”, деган қоидага мувофиқ иш кўрилади. Уларга ўзаро эҳтиром билан муомала қилинади. Уларнинг ҳурриятлари ҳимоя қилинади, ибодатхоналари ва диний маросимлари тажовуз остида қолишига йўл қўйилмайди. Ислом давлати унда яшайдиган мусулмонлар ва ғайридинлар учун умумий ватан ҳисобланади. Улар динлари ва ирқлари турли-хил бўлишидан қатъий назар ижтимоий ҳамжиҳат бўлиб яшайдилар ва уларнинг ўрталарида адолат мезонлари ўрнатилади. Шундай экан улар хор бўлмайдилар.

Ушбу айтиб ўтилган жумлалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, хулафои рошидинлар, аввалги уч асрда яшаб ўтган салаф уламоларининг ҳаётларидан ўқиган ва ўрганган маълумотларимизнинг хулосасидир.

Иккинчи масала, “жизя” деб аталадиган солиқларини ёки тўловларни йиғиб олишда ва аҳли китоблар билан муомала қилишда Қуръон ва суннатда келмаган баъзи бидъат амаллар ҳақида.

Бу каби муаммолар Тавба сурасининг 29-ояти охирида келган жумлани ҳақиқий маънода тушунмаслик сабаблидир.

“...токи улар ўз қўллари билан “жизя” бермагунича, жанг қилинг”. (Тавба, 29).

Бу “соғирун” “бўйсунган ҳолларида” деган сўзнинг маъносини нотўғри тушуниб олганлари сабабли қўшимча бидъат амаллар келиб чиққан.

Фиқҳ фани мутухасис уламолари бидъат амаллари шариат ҳукмлари ва асосларига қўшилиб қолишидан қаттиқ огоҳлантирганлар.

Улардан Имом Нававий ушбу бидъатларни қаттиқ танқид қилганлар. 

Жуда кўп ботил амалларга гувоҳ бўлганларидан кейин, ўзларининг “Равзатут толибийн” китобларида бу ҳақида келтириб ўтганлар:

“Биз (жизя солиғининг) бундай кўринишда йиғиб олинишини асл деб ҳисобламаймиз. Бу каби масалалар хуросонлик баъзи уламолар томонидан зикр қилингандир. Жумҳур уламолар айтадиларки: “Жизя солиғини гўёки қарзни олгандек мулойимлик билан олинади. Жизя солиғини йиғиб олиш борасида ким бидъат амал ўйлаб чиқарган бўлса, у амалларнинг барчаси рад қилингандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар жизя олаётганда бундай қўшимча амал қилганлари ривоят қилинмаган.

Шунингдек, Имом Нававий динда бидъат амал қилувчиларга ўзларининг машҳур “Ал-Минҳож” китобида раддия берганлар.

Ибн Қудома “Муғний” китобида одамлар томонидан ўйлаб чиқарилган баъзи ботил ишларни келтириб, Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, хулафои рошидинларнинг амаллари бунинг акси эканини баён қилганлар. Чунки улар жизя солиғини мулойимлик ва лутф ила йиғиб олишга васият қилганлар. 

Абу Убайда ўзларининг “Ал-Амвол” китобларида бу борада алоҳида боб тузиб “Жизя ва хирож солиқларини йиғиб олиш ва солиқ тўловчиларга мулойим муомала қилиш ва қўполлик қилмаслик ҳақида”, деб номлаганлар. У китобда кўплаб ҳадислар ва ривоятларни келтириб ўтганлар. Уларнинг ҳаммаси жизя ва хирож солиқларини йиғиб олишда мулойимлик қилишга чақиради. Умар ибн Абдулазиз Адий ибн Артотга юборган мактубларини келтириб ўтамиз:

“Аллоҳ таоло Исломдан юз ўгирган ва ҳақ йўлдан адашиб куфрни ихтиёр қилганлардан жизя олишни буюрди.

Жизя солиғини тоқати етганларга жорий қил, улар эгалик қилаётган ерларни ўзларига топшир. Бу билан мусулмонларнинг яшаш тарзлари ислоҳ қилиниб, душманларига қарши ҳарбий таёргарлиги яхшиланади.

Ёши катта бўлиб қолган, куч-қувватини йўқотган, ишлашга кучи етмайдиган аҳли зиммаларнинг ҳолига боқ. Мусулмонларнинг байтулмолидан (давлат бюджети назарда тутилмоқда) уларга керакли маблағни жорий қилиб қўй. Чунки менга хабар беришларича, мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳу тиланчилиқ қилиб юрган бир қариянинг олдидан ўтиб қолдилар. Унга қараб: “Биз сенга инсоф қилмабмиз. Сендан ёшлигингда жизя солиғини олибмиз-у, қариганингда ташлаб қўйибмиз”, дедилар. Сўнг “Унга мусулмонларнинг байтулмолидан улуш ажратинглар”, дедилар.

Учинчи масала, баъзи одамлар жизя сўзидан “хорлик” маъносини тушунадилар. Жизя калимаси “хорлик” маъносига далолат қилмайди.

Жизя деганда аҳли китоблардан олинадиган солиқ тушунилади. У пулларни олгандан сўнг мусулмонлар ҳимоя масъулиятини ўз зиммаларига оладилар ва ғайридинлар аҳли зимма  Ислом жамиятининг бир аъзоси деб эътибор қилинади. Шунингдек, улар ижтимоий кафилликка асосланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўладилар.

Ояти калимадаги “соғирун” “бўйсунган ҳолларида” деган сўздан “улардан нафратланиш ва жирканиш керак”, деган маъно тушунилмайди.

Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, улар мусулмонларга душманлик қилиб қарши чиқишлари сабабли бўйсунишга мажбур қилинади. Уларнинг бўйсунишга мажбур қилингани кофир бўлганлари сабабли эмасдир.

Албатта ватанга қарши чиқувчиларга қарши уруш қилиш нотўғри эмас. Бу ўринда босқинчиларнинг қайси динга эътиқод қилишига қараб ўтирилмайди.

Агар сиз “жизя” калимасининг асл маъносини яхшилаб тушуниб олган бўлсангиз, бу калима ҳар қандай салбий маънолардан йироқ эканини англаб етасиз.

“Жизя” адолат ва тенглик асосида бунёд этилган жамиятда яшовчи аҳли китобларнинг аъзолик тўлови сифатида берадиган пулларидир.

Биз бу солиқни фақат “жизя” деб аташимиз керакми?

Биз бу солиқни фақат “жизя” деб аташимиз шарт эмас. Жумҳур фиқҳ олимлари айтганларидек, бу солиқни “солиқ”, “тўлов” ҳаттоки “садақа”, деб аташ ҳам мумкин.

Бани Тағлиб насронийлари “жизя” сўзидан бироз озорланиб, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга “жизя” сўзининг ўрнига “садақа” сўзини  таклиф қилдилар. Бунинг учун улар солиқнинг қийматини оширишга ҳам рози бўлдилар. Улар: “ Биздан хоҳлаганингизча олверинглар, фақат уни “жизя” деб номламасангиз бўлди”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Алий розияллоҳу анҳу улардан “садақа” номи билан икки баробар қилиб олишни маслаҳат бердилар”. Табароний ривоят қилганлар.

Имом Байҳақий ривоят қилишларича, Бани Тағлиб насронийлари Умар розияллоҳу анҳуга айтдилар: “Биз арабмиз, ажамлар (араб бўлмаганлар) тўлаганнини тўламаймиз. Лекин биздан сизлар ўзингиздан оладиган миқдорда олаверинглар”, дедилар”. Яъни, улар бу гаплари билан мусулмонлардан олинадиган закотга ишора қилдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Закот фақат мусулмонларга фарз қилинган”, дедилар. Шунда улар: “Биздан олаётган солиқни “закот” деб атанглар, “жизя” деб эмас”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу улар айтганларидек қилдилар. Бошқа ривоятда келтирилишича:

“Уларга садақани икки баробар тўлашни буюрдилар ва “Уни хоҳлаганингизча номлаб олаверинг”, дедилар.

Жумҳур уламолар ҳанафий, шофеий, ҳанбалий мазҳаби олимлари ушбу рирвоятларни далил қилиб келтириб: “Аҳли зиммалардан олинадиган солиқни “жизя” деб атамасдан, “закот” деб атаб унинг қийматини икки баробар қилиб олиш мумкин”, деганлар. Фиқҳ илмида: “Мақсад қилинган маъно эътибор қилинади, лафзда айтилган сўз эмас”, деган маънода машҳур қоида бор.

Аҳли зиммалардан “жизя” сифатида олинадиган пулнинг миқдори мусулмонлардан закот миқдорида олинадиган пул миқдорининг бешдан бирига ҳам етмайди. Балки ундан анча кам бўлиши ҳам мумкин.

Шу ўринда сиз савол билан мурожаат қилишингиз мумкин: “Бу солиқнинг номини “жизя”дан “закот”га ўзгартирилса, талаб қилинган маблағ миқдорини икки баробар зиёда қилиб олиш керак бўладими?”.

Жавоб: Бу масала имомат ҳукмларидан ҳисобланади. Жизя солиғининг номини ўзгариши, унинг маблағини белгиланиши доимо мусулмонлар имомининг ихтиёрига топширилгандир.

Имом Нававий “Ал-Минҳож” китобида айтадилар:

“Агар бир жамоа: “Биз солиқларни “жизя”, номи билан эмас, “садақа”, номи билан берамиз”, деб илтимос қилсалар, имом хоҳласа уларнинг илтимосини қабул қилиб, улардан икки баробар қилиб белгиланиши мумкин”. Албатта бу ишлар Ислом оламининг буюк халифалари ижтиҳоди билан амалга оширилгандир. Энг авало Али ва Умар розияллоҳу анҳумолар саҳобалар билан маслаҳатлашгандан кейин ушбу қарорга келганлар. Шунинг учун ҳам бу ишлар имомат ҳукмларидан ҳисобланади.

(Давоми бор).

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

191 19:00 03.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

355 18:58 28.03.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

395 19:00 25.03.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

299 19:00 23.03.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

244 19:00 19.03.2020
« Орқага