Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

2074

 (давоми, боши бу ерда)

Ўз раҳбарларига қарши бош кўтараётганлар раҳбарларининг кофир эканини даъво қиладилар. Улар ҳоким ўз халқининг динидан қайтганда унга итоат қилмаслик ва ҳукмронликни унинг қўлидан тортиб олиш вожиб бўлади, деган асосга кўра иш кўраётганларини даъво қиладилар. Ўз раҳбарларини кофир деб атаб, унга қарши чиқиш билан “Биз ўз зиммамиздаги вазифамизни бажаряпмиз”, дея даъво қиладилар.

Мана шу уларнинг такрор-такрор қайтарадиган ва ўз ҳамтовоқларига уни ўргатадиган ҳужжатларидир.

Бир инсонни кофир дейиш учун унда қандай шартлар топилиши керак ва бу борада Ислом шариатининг олимлари баён қилган қоидалар нималардан иборат? Мусулмонлардан бирор инсон куфр келтирганда қандай чоралар кўрилади?

Қачон куфр собит бўлади?

Мавзудаги куфр сўзидан мусулмонликдан кейин куфр келтириш назарда тутилган ва буни “муртадлик” (диндан чиқиш) деб аталади.

Адашган тоифалар ўзларининг раҳбарларига кофир дея туҳмат қиладилар ва шу йўл орқали унга қарши уруш қилишга чақирадилар.

Бир одамни кофир дейиш учун ўзига хос шартлар ва сабаблар топилиши керак.

Куфр келтириш уч хил ҳолатда юзга келади:

1. Сўз билан диндан чиқиш.

2. Феъл билан диндан чиқиш.

3. Масхара қилиш ва таҳқирлаш билан диндан чиқиш.

 

1. Сўз билан диндан чиқиш:

Ислом ва имон рукнларидан бирини очиқ-ойдин инкор қилиш. Диндаги маълум исломий аҳкомларидан бирини инкор қилиш. Яъни, олим одам ҳам оддий одамлар ҳам биладиган рукнлардан бирини инкор қилиш назарда тутилмоқда.

2.Феъл билан диндан чиқиш:

Иймон ва Ислом рукнларидан бирига тўғри келмайдиган ишни амалга оширилиши. Мисол учун: бутга сажда қилиш, одамларнинг наздида Исломга зид деб билинадиган (бошқа динга мансублигини билдириб турувчи) диний либосни кийиш каби.

3. Масхаралаш ва таҳқирлаш билан диндан чиқиш:

Масхара қилиш билан диндан чиқиш сўз ва феъл бобига кирмагани учун уламолар буни учинчи боб шаклида келтирганлар. Масхара қилиш ва таҳқирлар орқали диндан чиқиш ҳақида гапирадиган бўлсак, мусулмон Ислом ёки иймон рукнларидан бирини таҳқирлаш ёки Ислом ҳукмларидан бирини масхара қилиш билан диндан чиқади. Масалан: Намоз, ҳаж, закот каби Ислом аҳкомларидан бирини масхара қилса, жаннат, дўзахни таҳқирласа, мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони каримни менсимаслигини ифода қилса ёки Ислом фиқҳидан нафратланишини изҳор қилса диндан чиқади.

Бу борадаги умумий қоидаларни билиб олганингиздан сўнг ушбу масалаларни тушунишда қийналмайсиз ва сизда мусулмонни диндан чиқишига сабаб бўладиган амаллар ҳақида маълумот хосил бўлади.

Ҳозир сизларга баён қилиб ўтилган масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Лекин тарихда ўтган адашган тоифалардан бири бўлмиш хаворижлар хилоф қилганлар. Улар гуноҳ қилган инсонни кофирга чиқарганлар. Бу тоифа ҳам ҳақ йўлдан адашган тоифалардан ҳисобланади.

Бугунги кунда ўз раҳбарларига қарши чиқаётганлар ёки мусулмонларнинг ҳокимларга хуруж қилишга ундаётганлар хаворижларни изидан эргашмоқдаларми?

Такфир ва муртадлик борасидаги биз баён қилиб ўтган қоидани ҳар бир одамга алоҳида-алоҳида татбиқ қилинади. Лекин адашган тоифалар бутун бошли жамоани кофирга чиқариб юборадилар.

Улар одамларнинг Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмагани ва гуноҳкорлиги  учун кофирга чиқарадилар. Улар бу борада ўзларига ушбу оятни далил қилиб келтирадилар. “Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир”. (Моида, 44).

Уларнинг даъволарига кўра барча араб ва Ислом мамлакатлари кофир ҳисобланади.

Уларнинг бу қарорлари йўлдан тойилиш ҳисобланади.

Улар икки нарса сабабли ҳақ йўлдан тойилдилар:

Биринчиси: Омматан ҳаммани кофирга чиқариб юбордилар. Ҳар бир одамга алоҳида ҳукм қилиб, унинг сабабини очиқлаб бермадилар.

Иккинчиси: Шариатнинг хилофи билан ҳукм қилган кишиларни кофирга чиқариб юбордилар. Маълумки, бу нарса сўзда ёки феълда ёки мазах қилиб куфр келтириш қаторига кирмайди.

Мусулмон кишининг ислом шариати билан ҳукм қилмаслиги балки унинг дангасалиги, шаҳватларга берилгани ёки дунёвий манфаатларни кўзлагани сабабли бўлиши мумкин. Гоҳида эса Аллоҳ таолонинг шариатини инкор қилишиги олиб борадиган омил туфайли бўлади.

Ушбу сабаблардан бири ила ҳукм этиш эса фақатгина далил ва ҳужжат билан маълум (қоим) бўлади. Агар ушбу сабабларнинг бирига аниқ далил бўлмаса, ушбу уч эҳтимолнинг барчаси қоим бўлиб тураверади. Агар улардан бирига муайян бир эҳтимол далил билан юзага келса, ана унда унинг ила истидлол қилиш соқит бўлади. Бу ўринда аслий қоида бўлмиш «Ўтган нарсанинг бўлиб ўтган ҳолатида қолиши асосдир» қоидасига биноан боқий қолаверади ва бу асл эса Исломдир. (Яъни, ҳукм қилишда юқорида  зикр қилинган уч эҳтимолдан бирига аниқ ҳужжат бўлса, бошқа нарсаларга ҳожат қолмайди. Агар аниқ ҳужжат бўлмаса юқоридаги уч эҳтимол ҳам бўлиши мумкин).

Агар биз ҳам ушбу инсонлар билан ҳамфикр ўлароқ куфрга ҳукм этсак, унда Аллоҳ шариатига номувофиқ ҳукм қилган барча инсонларни куфр ила ҳукм этишга тўғри келиб қолар эди. Кўплаб ота-оналар, муассасалар, фабрикалар, институтлар ва маҳаллаларда раҳбар ва ёрдамчи ходим бўлганларга куфр ҳукми бериш лозим бўлиб қолар эди. Аллоҳ шариатидан бошқа ила ҳукм этадиган ушбу уйлар, муассасалар, фабрикалар, институтлар ва маҳаллалардаги тоифаларни куфрга ҳукм этадиган бўлсак, унда бу ҳукм ўз нафси ҳаққида бирор гуноҳ қилувчига ҳам жорий қилиниши лозим. Зотан, бу кимса ўз нафсига шариат буюрганидек эмас, балки ўзи хоҳлаганидек қилишни лозим тутган бўлади.

Кўрмайсизми, тунги клубга бориб барменга бир шиша шароб келтиришни буюрган инсон бу сўзлари ила Аллоҳ ҳукм этмаган ва ўзи хоҳлаган нарса ила ҳукм қилган бўлмаяптими?

Анави кимсалар бунақа инсонларнинг барчасининг куфрга кетганлигига ҳукм ёки фатво бериша олишармикан?

Борди-ю улар бундай куфр ҳукмини беришса, унда бу ҳукм ўз нафсига кўра Аллоҳ шариатисиз гуноҳ этганларнинг барчасига куфр ҳукмини бериш лозимлигини тақозо этади (яъни, Аллоҳ буни ман этган ва у эса буни ўзи қилгани сабабли). Ундай бўлса ҳар бир гуноҳкорни куфрга ҳукм қилиш лозим бўлиб қолади.

 Ундай бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Одам фарзандининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси эса тавба қилувчилардир", деб айтган ҳадислари "Одам фарзандининг барчаси ўз нафслари, оилалари, раиятларига ҳукм ўлароқ қилган гуноҳлари ва хатоларига биноан кофирдирлар", деган маънода бўлиб қолади.

Маълумки, мусулмонларнинг йўлбошчиларини куфрга ҳукм этадиган анави тоифалар бу ҳукмларида одамларнинг барчасини кўзда тутмайдилар.

Улардан биронтасини қизининг ҳижобини ечишга буюрган отани ёки рибога асосланган муассасада ишлашга ўғлини буюрган отани куфрга ҳукм этганини, шериги ёки ишчисини савдода алдашга буюрган ёки ғайри шаръий ақд қилганларни куфрга ҳукм этганини эшитмаганмиз.

Уларнинг такфири фақатгина ҳукмдорлар ёки раҳбарларга қаратилган.

Шубҳа йўқки, ушбу маъносиз бўлган такфир, ўз нафси хоҳиши истагига бўйсунган ҳолда ўзбошимчалик билан ҳукм қилиш ва такфир ёки унинг акси ила ҳукмга бўлган рағбат натижасидир.  (яъни аниқ далилсиз ва бировларни куфрда ёки аксида айблашга ўта иштиёқли бўлиш сабабли).

Аллоҳ таолодан бизларни ҳавои нафсларимиз ва эҳтиросларимиз бизга ҳоким бўлишидан қутқаришини ва фақатгина ёлғиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунган ҳолатда бўлишимизни сўраймиз.

Муҳими эса бундан сўнг бундайин куфр ила ҳукм этишдан қайтишимиз ва бошқа ақида ва фиқҳ китобларида муқаррар нарсани, яъни Ислом ёки куфр ила ҳукм этишдаги суяниладиган аслий ҳукм эътиқодга асосан бўлишини билиб олишимиз лозим. Ҳар қачон бир кишининг сўзи ёки феълидан шу нарса келиб чиқса такфир ила ҳукм қилинади. Чунки, куфр сўзни сўзлаш ёки куфр ишни қилиш куфр эътиқодининг ишончли далилидир. Аммо, куфрга бўлган очиқ-ойдин, қатъий далолат қилувчи далил бўлмаса, балки бир неча бошқа маънодаги мумкинлик эҳтимоллари бўлса, унда бунга куфр ёки муртадлик ҳукмини қўллаш жоиз бўлмайди. Бу ҳолатда эса ишнинг ботинини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола этилиши билан бирга, ўша қавл ёки феълга биноан ҳукм фисқ ёки исён билан чегараланади

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу масаладаги ҳақиқатни очиқ-ойдин баён этган ва биз бунга хилоф нарса билмаймиз.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу ҳукмда мусулмонларнинг энг тақводори ва Аллоҳ азза ва жалла дини учун энг парҳезкорроғи ҳамдир. Ибн Қудома у зотдан бундай ривоят қилади: Аҳмад ибн Ҳанбал бундай деган: "Ким хамр ҳалол деса, кофирдир. У тавбага буюрилади, агар тавба қилмаса қатл қилинади. Бу ҳукм биз зикр этганимиздек ушбу ва бу каби ҳаром нарсаларни ҳалол дейдиган кимсаларга тегишлидир. Аммо агар чўчқа гўшти, ўлимтик еса ёки хамр ичса бу ишининг ўзи ила муртадлигига ҳукм этилмайди. Бу ишни дорул ҳарбда ёки дорул Исломда қиладими, фарқи йўқ. Зотан, у  ушбу ишни ёки бошқа ҳаром ишларни ҳаром деган эътиқод билан қилаётган бўлиши мумкин". (Унда кофир эмас, фосиқ, гуноҳкор бўлади).  (Муғний, Ибн Қудома)

Демак, бизга маълум бўлдики, мусулмонларнинг ҳукмдорлари ва раҳбарларига қарши курашиш ҳаром бўлган ва Аллоҳ таолонинг шариати ва амрига зид бўлган иш экан. Ушбу иш, яъни, мусулмон ҳукмдорлар ва  раҳбарларга қарши курашиш мубоҳ ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод дея номланмаслиги керак. Модомики ўша раҳбарлар Аллоҳ таолога очиқ куфрни изҳор этишмагунча, юқорида баёни этилган такфир қоидаси тақазосига кўра уларга куфр нисбат берилмайди.

(Давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ким... Ким шу гапларни айтади?

567 12:04 15.04.2021

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

627 20:30 01.09.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

372 20:31 26.08.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

479 15:00 22.08.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

641 17:36 19.08.2020
« Орқага