Илм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми) 

572

Кўпчилик, ислом дини ва шариатнинг асл ҳукми бўлган жиҳод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин шариатга  киритилган, ундан олдин жиҳоднинг ҳукми ҳам, номи ҳам бўлмаган деган фикрни илгари суради.

Аслида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги ҳаётлари каби Маккадаги ҳаётлари ҳам жиҳодга тўла бўлган. Мадинада нозил бўлган Қуръони карим оятлари жиҳодга буюрганидек, Маккада нозил бўлган оятлар ҳам жиҳод ҳақида сўзлаб унга буюргандир. Сиз Фурқон сурасидаги 52-оятни ўқиганмисиз? “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!”.  Фурқон сурасини барча оятлари ҳижратдан аввал Маккада нозил бўлган. Демак, жиҳод Мадинага ҳижрат қилгандан кейин шариатга киритилган, деган гап хато экан.  

Наҳл сурасида: “Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этганлари учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳмлидир”, дейилади. (Наҳл, 110). Тафсирчи уламолар, жумладан Ибн Зубайр, Ҳасан Басрий, Икрима, Ато ва Жобир роҳимаҳуллоҳлар бу суранинг барча оятлари Маккада нозил бўлганини айтишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу сура Маккада нозил бўлган, лекин 95-96-97–оятлар Мадинада нозил бўлган”, дейди. Мазкур Мадинада нозил бўлган оятлар  “Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг” оятидан “Уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” деган оятигачадир. Бизнинг мавзуимизга тегишли оят эса Наҳл сурасининг 110-оятидир. Бу оят иккала ривоятда ҳам Маккада нозил бўлгани айтилган.

Баъзилар мазкур “Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб...” деган оят Мадинада нозил бўлган дейишган.

Муҳими шундаки, кўпчилик уламолар биз баҳс қилаётган Наҳл сурасининг 110-оятини Мадинага ҳижрат қилишдан олдин нозил бўлган, деганлар. Бу фикрни қўллаганлар қаторида Ибн Зубайр, Ибн Аббос, Ҳасан ва жумҳур уламолар бор.

Оятда келган  “ҳижрат этиб...” дан мурод Мадинага қилинган ҳижрат эмас, ундан олдинги Ҳабашистонга қилинган ҳижратдир.

Кўп инсонлар жиҳоднинг маъносини фақат уруш деб тушунадилар. Мушриклар билан жанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин жорий қилинган. Баъзи инсонлар жиҳоднинг бошқа турлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларидан кейин жорий қилинган деб ўйлайдилар.

Бу тасаввур жиҳод турларининг аксарини ўчиришга олиб боради. Маккаи мукаррамада исломий даъват ёйилиши билан жиҳод турларининг энг муҳими ҳам кенг ёйилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумлар ислом нурини соча бошлаган пайтда ҳақ йўлига даъват қилиш учун мушрикларга қарши қилган жиҳодлари жиҳод турларининг энг муҳими ва асосийси ҳисобланади.

Ислом динида бўлмаган ота-боболарининг сингиб кетган урф-одатларини тарк қилишлари ҳам жиҳод эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зот билан қийинчилик ва азият зиёда бўлишига қарамай, ҳақ йўлда собит туришлари  жиҳоднинг энг муҳим турларидан биридир.

Жиҳод турларидан бири Аллоҳ таолонинг китобини англаб, уни ҳукмлари ва қиссаларидан насиҳат олиб, уларга келадиган хавф-хатарларга ҳеч ҳам парво қилмай, ўз йўлларида давом этишларидир.

Қандай қилиб “бу жиҳод эмас”, дейиш мумкин?! Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг амалларини жиҳод дея номлаб “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!” деб марҳамат қилган-ку!

Оятдаги “У билан катта жиҳод қил!”  дейишдан мақсад, Қуръони карим билан уларга қарши жиҳод қил, деганидир. Оятда “катта жиҳод” деб келтирилганининг сабаби жиҳод турларини энг каттасини билиб олишимиз учундир. Бу қисмларнинг барчаси жиҳоднинг асоси ва моҳияти ҳисобланади.

Қуръони каримдаги “Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этганлари учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳмлидир” ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин нозил бўлган. Ояти калимадаги “жиҳод қилган” сўзининг маъноси қитол (уруш)га алоқаси йўқ бўлган жиҳоддир. Бу ҳақиқатни қуйидаги ҳадислар ҳам таъкидлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг энг афзали золим подшоҳ олдида айтилган ҳақ сўздир”, деганлар. Бошқа ҳадисда “Жиҳоднинг энг афзали Аллоҳ йўлида нафсинг билан жиҳод қилмоғингдир”, дедилар.

Чуқур ўйлаб, тафаккур қилиб кўрсангиз жиҳоднинг асл маъносини Маккада ислом дини ёйила бошлаган пайтдан топасиз. Гарчи ундан кейин бошқа жиҳодлар кўпайиб кетган бўлса-да ўша пайтдаги жиҳод асосдир. Жиҳоднинг бу тури дарахтни танасига, бошка турлари унинг шохларига ўхшайди. “Жиҳодул маккий” (Маккада қилинган аввалги жиҳод) инсон ҳамиша эҳтиёж сезиб турадиган овқатга, “Жиҳодул қитолий”  фақат касаллик ва оғриқ каби турли ҳолатларда керак бўладиган дорига ўхшайди.

Бу очиқ-ойдин ҳақиқат бўлса-да, айримларнинг фикрлари бундай эмас. Улар олдида жиҳодни зикр қилсангиз фақат урушдаги жиҳодни тушунадилар. Асосий жиҳод хаёлларига ҳам келмайди. Кўпчиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жиҳоднинг энг афзали золим подшоҳ олдида айтилган ҳақ сўздир” деган сўзлари эслатилса, улар урушга ундаш маъносида тушунади. Ҳадисда келган “ҳақ сўз”дан дўқ-пўписа маъносини тушунади. Бу ҳадис у маънога ишора қилмайди. Ҳадисда ҳақ йўлга чақирадиган одам дўқ-пўписа қилиши керак, деган маъно йўқ. Ҳадиснинг умумий маъноси подшоҳ зулм ва дўқ-пўписа қилганда ҳам, юмшоқ сўз билан ҳақни баён қилиб, ўзини тута билиш кераклигига ишора қилади. Аллоҳ таолони ҳақ динида қоим турадиган, ширин сўзли, адоват ва камчиликлардан узоқ бўлганлар дўқ-пўписа қилмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб у ерда яшай бошладилар. Жиҳод ҳам шариатга мувофиқ ҳолда давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳулар исломни ёйишда жиҳодни бошланғич нуқтасидан давом этишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ҳар хил янги ҳолатлар юзага келарди. Мусулмонларнинг Мадинада туриши янги вазифаларни пайдо қилди.  

Ислом давлати шаклланишининг аввалида рўй берган ҳодисаларни қисқача қилиб икки хил мавзуга ажратиш мумкин.
(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (22-қисм)

136 19:00 24.02.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

250 20:30 21.02.2020

Фаришталар ҳақидаги рост ва ёлғонлар...

1243 22:00 20.02.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

236 19:00 20.02.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

252 19:05 19.02.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

250 19:06 18.02.2020
« Орқага