Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод”

650

(Давоми)

Жиҳод – Ислом диёрининг қўрғони

Мавзуимиз “жиҳоди қитолий” (уруш асосидаги жиҳод) ҳақида.

Мусулмонлар Маккадан ҳижрат қилиб Мадинаи мунавварага жойлашдилар. Энди улар Роббилари томонидан ато этилган икки неъматнинг шукрини адо қилишлари керак эди. Юқорида айтиб ўтганимиздек бу икки неъмат – Ислом давлати ва Ислом жамияти эди. Унинг шукрини адо қилиш Мадина ва унинг аҳлини ҳимоя қилиш билан бўларди.

Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган бу икки неъмати бир-бирига боғлиқ ҳисобланади. Исломий диёр гуллаб яшнаши учун унда ҳаёт кечирадиган исломий жамият бўлиши керак. Исломий жамият қонун-қоида асосида осуда ҳаёт кечириши учун исломий диёр бўлиши лозим.

Маълум бўлганидек, бу диёрни ҳимоя қилиш одамларни даъват қилиш билан эмас, бостириб келадиган душманлардан юртни ҳимоя қилиш билан бўларди. Бу эса Ислом шариатида “жиҳоди қитолий”  (уруш асосидаги жиҳод) жорий қилинишига сабаб эди.

Кофирларга куфр келтирганлари учун уларга қарши уруш қилинадими? Ёки мусулмонларга қарши фитна қилганлари учунми? Ислом шариатининг уламолари бу борада турли хил фикр билдиганлар.

Шаръий далилларга суянган ҳолда масаланинг хулосасини зикр қиламиз.

Жиҳоди қитолийнинг (Уруш асосида жиҳод қилишнинг) сабаби нима?

Биринчи томон: Жумҳур олимлар, жумладан ҳанафий, моликий, ҳанбалий мазҳаби уламолари: “Кофирларга қарши уруш қилишнинг сабаби ҳиробат (кофирларнинг фитна қилишлари)”, деганлар.

(Ҳиробат луғатда “фитна қилиш”, “душманлик” деган маъноларни англатади. Ҳиробат қадимдан араб диёрида машҳур бўлган. Ҳиробат бировнинг молини тортиб олиш, қон тўкиш, аёллар ва болаларни асирга олиш каби салбий оқибатларга олиб келади).

Иккинчи томон: Имом Шофеий: “Кофирлар куфр келтирганлари сабаб улар билан уруш қилинади”, деганлар.

Ибн Ҳазмнинг мазҳаблари ҳам шундай.

Биринчи томоннинг далиллари:

Жумҳурнинг олимлари далил қилиб қуйидаги оятларни келтиришади:

Қуръони қаримда оятлар очиқ-ойдин келган. Ғайридинлар мусулмонларга қарши уруш очганлар. Мусулмонлар ҳам ҳимояланиш учун улар билан уруш қилганлар. Жуда кўп оятлар ва ҳадислар мусулмонларга уруш қилмаганлар билан уруш қилишдан қайтаради.

Бу ҳақида қуйидаги оятларни келтириб ўтамиз:

“Сизга уруш қилаётганларга Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас”. (Бақара, 190).

“Аҳдларини бузган, Расулни (юртдан) чиқаришга қасд қилган ва сизга (қарши) биринчи бўлиб (уруш) бошлаган қавм билан урушмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Агар мўимн бўлсангиз, қўрқишингизга лойиқ зот Аллоҳдир!”. (Тавба, 13).

“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларинигиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир.

Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир. Уларни дўст тутганлар золим кишилардир”. (Мумтаҳана, 8 – 9).

“Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг...”. (Тавба, 36).

Оятларнинг маъноси аниқ ва равшан. Кофирлар мусулмонларга нисбатан адоватда бўлганлари учун улар билан уруш қилиш вожиб бўлган. Кўп ҳадисларда мусулмонларга уруш ва душманлик қилмайдиганлар билан урушишдан қайтарилган.

Ҳадислардан қуйидагиларни далил қилишади:

1. Ибн Можа Ҳанзаладан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда эдик, бир ўлик аёлнинг олдидан ўтиб қолдик. Унинг атрофига тўпланиб олган одамлар эдилар бизга йўл бўшатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу аёл ўлдирилмаслиги лозим эди”, дедилар. Кейин бир кишига қараб айтдилар: “Холид ибн Валиднинг олдига бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хизматкор ва аёлларни ўлдирманглар”, деб буюрдилар, дегин”.

2. Абу Довуд Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бисмиллаҳ” (Аллоҳни номи билан) деб боринглар, қарияларни, ёш болаларни, аёлларни ўлдирманглар, ҳаддан ошманглар, ўлжаларингизни жамланглар ва ислоҳ қилинглар. Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ муҳсинларни яхши кўради”  дедилар.

3. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг васиятлари:
“Хиёнат қилманглар, ҳаддан ошманглар, уларни мусла қилманглар (аъзоларини кесманглар), болаларни, қарияларни, аёлларни ўлдирманглар. Агар ибодатга ғарқ бўлган аҳли китобларни учратсангиз уларни ва ибодатхоналарини ўз ҳолига қўйинг”. Бу васиятни Усома розияллоҳу анҳу ва уларнинг асҳобларига айтган эдилар.

Бу ҳадислар гувоҳлик берадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга уруш қилмайдиганларга (гарчи кофир бўлсалар ҳам) уруш қилишдан қайтардилар. Ўлик ҳолда ётган аёлга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу аёл ўлдирилмаслиги лозим эди”, деган гапларига эътибор беринг. Бу қоидалар урушнинг одобларидан ҳисобланарди. Мусулмонлар бундай одобларга амал қилар эдилар. Тарих китобларда бунга ўхшаш мисолларни кўп учратамиз.

(Давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Бутий: “Исломда жиҳод”. Иккиланишни келтириб чиқарадиган шубҳалар...

555 22:15 09.09.2020

Синовлар ва 8 йилдан ошиқ муддатдан бери амал қилмай келинаётган ечим

1948 07:00 09.04.2020

Шайх Муҳаммад Саид Бутий тавсия қилган вирдлар

1685 19:30 06.04.2020

Мусулмон киши нафсини қандай поклайди?

2172 12:30 06.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

1232 19:00 03.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

694 18:58 28.03.2020
« Орқага