Долзарб. Аёллар азадаги расм-русумларни қаердан ўйлаб топганлар?!

10:00 13.03.2018 2357

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўпроқ эслаб туринглар» дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Ва яна, Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васалламнинг аёллари Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳумо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг «Аллоҳга ва охират кунига ишонган аёлнинг ўлик учун 3 кундан ортиқ аза тутиши ҳаромдир, фақат ўлган эри учун 4 ой 10 кун аза тутади» деганларини эшитдим дегандилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло Ислом динини мукаммал қилиб нозил қилган. Инсонларнинг ҳар бир ҳолатлари ҳақида бу динда мукаммал кўрсатмалар бор, ҳатто бу фоний дунёда сўнги манзилга томон бориш маросимлари, ундаги амаллар ҳақида ҳам фарзлар, суннатлар, вожиблар келган, инсон уларни билмоғи зарурдир. Бунда эса аёллар ҳам тенг ҳисобланиб, аёллар ўзларига хос масалаларга эътибор бермоқлари шарт. Айниқса бугунги кунга келиб аёллар орасида жаноза масалаларида турли бидъатлар кўпайган даврда. Юқоридаги ҳадислардан кўринадики, аза нафақат аёл учун балки эркаклар учун ҳам 3 кундир. Аммо бугунга келиб юртимизнинг баъзи ҳудудларида аза маросимлари шунчалар чўзилиб кетдики, натижа ўлик эгалари умрларини аза маросими учун олган қарзларини тўлаш билан ўтказадилар. Аввало ўлим, маййитни ювиш, кафанлаш ва аза маросимларининг исломдаги меъёрини ёритиб ўтамиз.

Ўлим олди ва ўлимдан сўнг маййитнинг яқинлари қиладиган амаллар қуйидагилар:

Ўлими яқинлашган кишининг ҳолати —  кишининг икки оёғи заифлашади, бурни бироз қийшаяди, юзинг териси чўзилиб икки чаккаси пасаяди. Агар кишида шу ҳолатлар пайдо бўлса, ёнидаги киши суннатга мувофиқ уни ўнг томони ила ётқизиб қўйиш керак. Бунда унинг юзини қибла томон буриш ихтиёр қилинган бўлади. Бунга далил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳ тўғрисида: «Байтул Ҳаром тирик ва ўлим ҳолатингиздаги қиблангиздир» деганлари (Абу Довуд ривояти).

Агар қиблага юзлантиролмаса, оёғини қиблага қилиб қўяди, чалқанча ҳолда ётқизиб, Калималарни қайтариб туради. Ва яна Ёсин сураси ўқиб турилса осон бўлади. Агар жон берса кўзларини юмиб, икки оёғини бўйлаб қўяди, сўнгра дуо қилади. Энг машҳур дуо:

«Аллоҳумма яссир аълайҳи амроҳу, ва саҳҳил алайҳи ма баъдуҳу ва асъидҳу би-лиқоика, важаъл ма хорожа алайҳи хойром-мимма хорожа анҳу».

Мўминнинг маййит устида 4 та ҳақи бор: маййитни ювиш, кафанлаш, жаноза ўқиш ва дафн қилиш.

Маййитни ювишда: бу фарзи кифоя амалдир, агар маййитни ювишга сув топилмаса таяммум қилдирилади. Маййит одамлардан ҳоли жойда сақланади. Аёл кишини аёллар, эр кишини эркаклар ювишади. Ҳаттоки эр ўз аёлини юволмайди, чунки никоҳ ақди узилади, аммо аёл ўз эрини юволади, чунки идда ҳақи бўлгани учун. Маййитни ювувчи киши оқил ва балоғатга етган бўлиши шарт. Шу билан бирга ювувчи киши солиҳ, тақводор, ишончли, жаноза ва ўлим ҳақида яхши биладиган бўлиши керак. Ювишдан аввал фарзи кифоя, деб ният қилмоғи лозим. Ювувчи маййитни эҳтиётлаб, авратларини кўрмаслик учун устига мато ташлаб кийимларини шу ҳолда ечиб олади ва ювишга мўлжалланган тахтага олади. Ювувчи маййитни авратларига қараши жоиз эмас, бунга далил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга:

«Сонингни бировга кўрсатма ҳамда тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига қарама» деганларидир (Имом Аҳмад ривояти).

Яна ювувчи маййитнинг айбларини ҳеч кимга айтмас даражада омонатли бўлади.

Ювишни вожиб қилувчи шартлар:

- Маййит мусулмон бўлмоғи,

- Маййит тирик туғилганлиги маълум бўлмоғи.

Чунки ўлик ва чала туғилган чақалоқлар устида сув қуйиб бир матога ўраб дафн этилади, лекин ювиб жаноза ўқилмайди.

- Маййитнинг жасади бутун бўлмоғи лозим, акс ҳолда, кўпроқ қисми ёки ярми боши билан бирга бўлиши керак.

- Агар киши сувда чўкиб ўлса, ўша сувга ғусл ниятида 3 марта пишиб олинади.

Ювиш тартиби:

- Маййитни жунуб киши ювингандек 1 марта ювиш вожиб.

- Ювувчи қўлига қўлқоп кийиб олади. Бугунги кундаги медицина қўлқопларими ёки уй эгалари тикиб қўйган матода бўлган қўлқопми, кийиб олса бўлаверади.

- Аввал марҳумни бироз суяб ўтирғизиб қорни силанади, агар силаганда нажосат чиқса ўша жой латта билан тозаланади. Маййит ифлосланган бўлса, ювувчи уни тозалаб кирларини озор бермай совун билан ювади, авратларини эса алоҳида латта билан ювади.

- Намозга таҳорат олинганидек таҳорат қилдирилади. Лекин оғзи ва бурни сув билан чайилмайди.

- Агар маййит балоғатга етмаган бўлса таҳорат шарт эмас.

- Аввал ўнг тарафи, сўнг чап тарафи ювилади. Аммо устида мато бўлади, бутун танаси ёпилиб турадиган даражада. Сув илиқ бўлиши афзалдир.

- Марҳумнинг сочи таралмайди, тирноғи ва сочи олинмайди.

- Маййитни 3 марта ювиш суннат.

- Ювиладиган сувга хушбўйлик аралаштирса яхши бўлади.

- Сув оқиб кетадиган жой бўлмоғи афзал.

- Сўнгида бутун бадан сочиқ билан артилади.

Маййитни кафанлашда:

Кафанлаш ҳам мусулмонлар орасида фарзи кифоядир.

Кафан 3 хил бўлади— зарурий кафан, кифоя кафан ва суннатга мувофиқ кафан. Бу эр киши ва аёлга ҳам тегишлидир.

Зарурий кафан — бутун тана ёпилса кифоя қиларлик кафан.

Кифоя кафан-инсоннинг ҳаётлик вақтида энг кам миқдорда кийимдир. Бундай кафан эр кишида 2 тадир. Лифофа — бош-оёқ ўраладиган мато ва изор — бўйиндан то оёқлари билан ўраладиган мато. Аёл кишида эса 3 тадир. Лифофа, изор ва химор-юз билан бошни ўровчи мато. Бунда ками макруҳдир.

Суннатга мувофиқ кафан — эр кишиларга: лифофа, қамис-бўйиндан бошлаб то оёқларини ҳам ўровчи мато, изор. Аёлларда: лифофа, изор, қамис, химор ва икки кўкрагини киндигигача боғланадиган мато.

Кафанлашда:

Аввал лифофани ерга ёйиб, унинг устига изорни ёйилади. Маййитни изор устига қўйилади ва қамис-бўйнидан бошлаб то оёқларини ҳам ўрайдиган матони оҳиста кийдирилади, унинг тешик жойи бўлиб бош тарафи тешик бўлади. Сўнг сочи икки бўлак қилиб кўкрагига қамисни устидан қўйилади. Сўнг химорни сочи тепасигача лифофа остига қилинади. Изор ва лифофа ила ўралади ва кафан очилиб кетмаслиги учун бошининг тепаси, бели, тиззаси ва оёғи пастидан боғлаб қўйилади.

Кафан оқ рангда бўлиши, хушбўйлик тоқ миқдорда сепиш ва мато қимматбаҳо бўлмаслиги мустаҳабдир.

Қолган икки маросим, яъни жаноза ва дафн маросимлари эр кишиларнинг вазифасидир. Энди бугунга келиб аёллар орасида маййитни ювишда пайдо бўлган баъзи ножоиз ишлар ҳақида айтиб ўтамиз. Шу ергача маййитни ювиш ва кафанлаш исломдаги кўрсатмаси қандай эканини айтиб ўтдик. Бугунга келиб турли бидъатлар кўпайган бўлиб, маййитни ювишда ва аза маросимларида ҳам баъзи ножоиз ишлар кириб қолганлиги ачинарли албатта. Мисол қилиб, юртимизнинг баъзи ҳудудларида маййитни ювиш пайтида оғиз бурунларига пахта тиқиб тозалашлар борлиги, сочларини тараб иккига ажратиб ўриб қийишлар борлиги дилни хира қилади албатта. Бу ҳам камдек, ҳамма маросим жанозадан кейин бошланади.

Яъни, маййит қабрга қўйиб келингач ўлик эгалари ош пиширишади, бу ошнинг номи «Сабр оши» ёки «Қора ош» дейилади. Буни ўликнинг эркак қариндошлари ейишади. Жаноза кунидан бошлаб маййитнинг умри ўтган уйда ёки маййит жони чиққан пайтда бўлган уйга ҳамон 40 кунгача чироқ ёқиш бор. Баъзилар бугунги кундаги электр токидан фойдаланишса, баъзилар пахтани ёғга ботириб ёқиб, ёнига райҳон сув қўйиб қўйилади Жанозанинг 3-куни маърака маросимдан сўнг аза тугатилмай энди ҳар пайшанба уй эгалари эрталабдан қозон осишиб, таъзияхонларни кутишади. Қишлоқ аҳли, танишлари, яқин-узоқ ким эшитган бўлса аёллардан иборат жамоа эрталабдан, то шомгача келаверишади. Бу таъзияхонлик то «40 кунлик» маросим ўтгунча давом этади. Шу «40 кунлик» маросимида қўшилиб адо қилинадиган «Қада» маросими бор. Бу маҳаллий аёлларнинг энг муҳим маросимлари ҳисобланиб унда ўлик эгалари ҳали аламлари, азаларининг ўрни битмай, ҳам маънавий, ҳам моддий қийинчиликда бўлсаларда аёлларни тўплаб ўлик ҳақига деб бу маросимни ўтказишади. Энг ачинарлиси, бунда ўлик эгалари аёлларга бугунга келиб каттароқ харажат талаб қилувчи буюмларни тарқатишлари керак, кимгадир берганлари ёқмаса албатта алмаштириб беришади. Чунки буюмни олган аёл уялмай берилган нарсани камчилигини айтади. Кейин 52 ёки 53 дейилгувчи маросим бор, бу ҳам аёллар жамоасида давом этади. Бунда ҳам таъзияхонлик, ўлик эгаларини қарзга ботирар даражадаги харажатлар. Яна маросим бошқарувчиси бўлган «отин ойи» дейилган аёл, ўлик чиққан хонанинг полига игна санчиб чиқади. Кейин ўртада бироз тин олишиб мусулмонларнинг энг севимли, энг шодон ўтадиган икки байрами Ҳайитларнинг қайси бири ўлимдан сўнг келган бўлса «Ҳайит оши» тарқатилади. Бу худди валийма ошидек катта ва дабдаба билан ўтади. Қувонч кунлари яна азахонлик, яна таъзияхонлик. Энг сўнгида эса ўлим бўлган санадан 11 ой ўлик эгалари ширгуруч, яъни сутга гуруч солиб пишириладиган таом пишириб ейилади, шунда отин ойи ўлик эгаларининг аёлларига бошига оқ рўмол ташлайди ва аёллар аза учун кийиб юришган алоҳида рангли либослари шу кунда алмаштирадилар. Бу ўлик оққа кўчсин деб қилинади.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайликчи юқоридаги маросимлар динимизда борми? Булар маййит эгаларига зулм эмасми?

Халқимизда бир мақол бор «тўйники бир кун, ўликники бир умр». Яъни валийма-никоҳ маросими бир кунда ўтиб тугайди хонадон аҳли тин олади. Аммо ўлик чиқса шу хонадонни баъзида бир умргача қарздорлик, азахонлик, дилхиралик тарк этмайди. Буларни қайси бири исломдан? Аза 3 кун эканлиги ҳадисда айтиб ўтилган бўлса, демак 3 кундан ортиқ давом эттирмаслик шартдир. Динимиз пок дин, уни бидъатлар билан тўлдирмаслик керак.

Юнусхўжа Орифахон

Манба: Islaminstitut.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!