Долзарб мақола. Марғилонлик йигит тилхати: “Мактабга ибодат либосида келсам кўмир ташишга, ҳожатхона тозалашга розиман”

19:00 10.02.2018 6614

Сентябрь ойида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигини нишонлаймиз. Ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлидан боряпмиз. Аммо бу ҳаракатлар ҳамон кутилган натижасини бераётгани йўқ. Аниқроқ қилиб айтганда, ўзимиз истаётган демократик жамиятни шакллантира олмаяпмиз. Бунинг сабаби нима, биласизларми? Инсон ҳуқуқлари ҳамон чекланар экан, биз ҳуқуқий-демократик давлат қура олмаймиз, ишонаверинг.

Ҳурматли ўқувчи, демократик давлат деганда сиз нимани тушунасиз? Менинг тушунчам шундайки, ундай мамлакатда инсоннинг шахсий ишларига давлат органлари томонидан аралашув ҳолати бўлмайди. Ким қандай кийим кияди, қандай кўринишда кўчага чиқади, буни фақат унинг ўзигина ҳал қила олади. Бу сингари ишларга аралашиш асосан қандай давлатларда кузатилишини айтиш шарт эмас-а?

Юқорида айтилганидек, кузда шўролардан қутулганимизга 27 йил тўлади. Бироқ биз амалда советча фикрлардан, унда мавжуд бўлган исломофобиядан ва энг муҳими, коммунизмга содиқ бўлган одамлардан қутулганимиз йўқ. Советларга хос бўлган иллатлар ҳамон мавжуд экан, биз тўла маънодаги мустақиллик ҳақида гапиришга шошмай туришимиз керак.

Ўтган йиллар давомида исломофоблар томонидан айтиладиган қуйидаги гаплар асабимни бузиб, парчалаб ташлаган: “Давлат газетасида ишлайдиган одамсан, масжидга бора кўрма”, “Ҳозирдан рўза тутиб нима бор? Қариганингда тутасан шуни”, “Соқолинг ўсиб қолибдими, гуруҳларга қўшилиб қолмадингми мабодо?”, “Соқолингни опташа, ваҳҳобийларга ўхшаб қолибсан”.

Яқин-яқингача юртимизда диний соҳада анча чекловлар кузатилганини инкор қилиб бўлмайди. Намоз ўқигани сабаблигина “қора рўйхат”га тушиб қолганлар сони ҳам анча кўп эди. Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангач барча соҳалар қатори диний соҳага ҳам эътибор қаратди ва ўзининг Ислом динига бўлган юксак ҳурматини намойиш этди. Дунёнинг катта минбарларидан туриб Исломни улуғлади, дин ходимларига ишонишини айтиш билан бир қаторда юртимиз масжидларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳаж ва умра сафарларига борадиган юртдошларимиз сони кескин ошди. Мамлакатимиз масжидларида азон овоз кучайтиргичлар орқали айтиладиган бўлди. Юртимиз бўйлаб Қуръон мусобақаси ўтказилмоқда, Мусҳафи шарифни чоп этиш ишлари якунланай деб турибди. Қаранг, дилни қувончга тўлдирадиган қанча янгиликлар. Аммо...

Ҳамон эскича ишлаётган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, диний қарашларини бир тийинга олмайдиган, исломофобия касаллигига чуқур чалинган раҳбарлар ҳамон борки, уларни чирик олмага қиёсласак бўлади. Чирик олманинг хавфи нимада, биласизми? Бир қутида битта олма чириса, у бошқаларини ҳам чиритади. Бунинг олдини олиш учун ўша чириган олмани қутидан олиб ташлаш керак. Ҳа, мени тўғри тушундингиз, мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тан олмайдиган раҳбарларга эшик қаерда эканини кўрсатиб қўйишимиз шарт!

Марғилон шаҳридаги 7-мактаб директори Марвар Баҳромова номига 10-синф ўқувчиси томонидан ёзилган тилхатни фейсбукда ўқиб, ўкирворай дедим. Тилхатда “диний либос” жумласи ишлатилгани учун бу хатни дастлаб қиз бола ёзган деб ўйлагандик. Йўқ, аслида тилхат ўғил бола томонидан ёзилган экан. Қизлар рўмолда бўлгани учун қиз болаларга ҳам, ўғил болаларга ҳам “ибодат либосини” киймайман деган мазмунда тилхат ёздирилган экан.

Аммо бир тасаввур қилинг-а, ўғил бола майли, Исломда фарз бўлган сатри авратни ёпиш учун рўмол ўраган қиз мактаб ҳовлисини супуришга, кўмир ташишга ва ҳожатхона тозалашга мажбурланади. Ҳа, сиз айтишингиз мумкин, шу ишларни қилишга тайёрман ўша ўқувчиларнинг ўзи ёзган-ку, деб. Бунга қўшиламан. Аммо унга бу гапларни айтиб туришганига, шунақа деб ёзасан деб мажбурланига менда шубҳа йўқ. Аллоҳнинг буйруғига қарши чиққан одам, бундан баттар ишни ҳам қила олишига ишонаман.

Azon.uz билан боғланган марғилонлик манбанинг айтишига қараганда, ўша куни Марғилон шаҳар халқ таълими бошқармаси 7-мактабга текширувга келган. 10-синфда ўқийдиган 34 нафар ўқувчидан фақат 20 нафаригина синфда бўлган. Натижада пастки синфларда ўқийдиган ўқувчилар ёлланиб, 10-синф ўқувчиси сифатида таништирилган.

Келган текширувчиларнинг эътиборини тортган асосий жиҳатлардан бири қизларнинг аксари рўмолда экани бўлган. Мактаб директори бу ҳолат юзасидан яхшигина гап эшитган. Натижада фейсбукда машҳур бўлган ўша тилхат ўғил болаларга ҳам, қиз болаларга ҳам бир хил кўринишда ёзилган.

Марвар Баҳромова илгари ҳам исломофобик қарашлари билан машҳур бўлган. Хусусан, рўмол ўраган қизлар мактаб остонасига келганида иякдан ўраган рўмолини ечиб, орқадан ўраб кирганини кўрган гувоҳлар бор. Лекин кишини хурсанд қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ўша тилхат ёзилганига қарамай, мактаб ўқувчилари рўмол ўрашда давом этмоқда.

Бир нарса кулгини қистатади барибир. Ҳозир рўмолни ибодат либоси деб биладиганлар калтабинлар кўп. Аммо ўғил болаларнинг ибодат либоси қанақа бўлади? Дўппими? Миллийлигимиз белгиси деб эъзозланадиган дўппини ҳам шу қаторга киритамизми? Ҳеч бўлмаса шуни ҳисобга олиб, ўғил болалар ва қиз болаларнинг тилхати матнини бошқачароқ ёздириш керак эди.

Юртимизда охирги 20-25 йиллар давомида олиб борилган соқол қўйган террорчи, рўмол ўраган экстремист деган қарашларга бир ярим йил ичида барҳам бериш осон эмас, албатта. Йиллар давомида сингдирилган нарсанинг ҳаётимиздан чиқиб кетишига маълум вақт талаб қилиниши сир эмас. Бироқ бу йўналишдаги тақиқлар тўхтатилмаса, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тан олмай, уларни камситишда давом этилса ва бу ҳолатга индамай, бир четда кузатиб тураверсак, бунинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангач сохта рақамлардан воз кечишга жиддий эътибор қарата бошлади. Натижада юртимиздаги ўзгаришлар ҳақли равишда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. 

Январь ойининг ўрталарида Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” 10 мамлакатдан иборат рўйхатга киритгани эълон қилинди. Мамлакатимиз аслида ҳар йили шу рўйхатдан жой олиб келишини яхши биламиз. Олдинлари АҚШ томонининг бу ишидан очиғи, хурсанд бўлардим. Халқаро миқёсда шунақа танқид қилинаверса, аҳвол ўзгариб қолар деган умид бор эди. Жорий йилда илк бора АҚШнинг бу ишидан норози бўлдим. Шунча ўзгаришлар кузатилиб, енгилликлар берилаётган бир пайтда шунақа рўйхатда мамлакатимиз номининг бўлиши салбий таъсир кўрсатмаса бўлди эди деб ўйлагандим.

Аммо бир нарсага амин бўлдим: юртимиз мактабларини Марвар Баҳромовага ўхшаган исломофоб директорлар бошқарар экан, биз ана шундай рўйхатларнинг энг юқорисида тураверамиз. Жаҳон ҳамжамиятининг давлатимизга нисбатан фикри ўзгармайди. Бунақа раҳбарлар юртимиз обрўсини кўтарилишига эмас, пасайишига “ҳисса” қўшаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мизиёевга мурожаат қилиб айтамизки, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг Ислом динига муҳаббатингиз қанчалик юқори эканини биламиз. Аммо қуйидаги раҳбарлар Сизнинг ғояларингизга қарши иш қилмоқда. Сиз Ислом динини қанчалик улуғлаганингиз сари, улар мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш билан шуғулланишмоқда.  Сиздан илтимос қилиб сўраймизки, эскича фикрлайдиган одамларга рўмол ўраган ва соқол қўйган одамнинг жамият учун хавфли эмаслигини, бу унинг инсоний ҳуқуқи эканини тушунтирсангиз. Бу масала Сизнинг аралашувингизсиз ҳал бўлмайдиганга ўхшайди...

Абу Муҳаммад СОДИҚ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!