Тарих

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси (иккинчи қисм)

2182

 (давоми, боши мана бу ерда)

ШОҲИМАРДОН

Ман энди ўзумнинг аҳволимни ёзишға бошлайин. Қисса кўтаҳ, Шоҳимардонға етиб бордим. Ул жойда бир ой такрор қилиб турдим. Мени қўлимда ҳеч қандай маблағ йўқ. Фақат ҳоли таваккал эди холос.

 Лекин зиёратчилар кўп келар эрдилар. Баъзилар мени олдимға келиб:
– Қорий, бир хатм қилиб қўйинг, – деб бирор нарса берар эрди. Баъзилари пишғон овқат олиб келиб берар эдилар:

«Таваккулни Худоға айлағон эр,
На талқону на қалқоннинг ғамин ер» .

Хулоса шулки, уйимда муяссар бўлмағон лазиз овқатларни Худо еткузур эрди. Эмди ҳовузнинг олдида нон сотувчи қизлар нонларини зиёратчиларға сотиб, асрда уйлариға кетур эрдилар.

Бир кун бир қиз кетмай ҳовузнинг олдида йиғлаб ўлтурубдур. Мен олдиға бориб сўрадим:
– Нимага йиғлайсан? – Ул қиз айтдики:
– Эртадан кечғача сотғон нонимнинг пулини ушбу ҳовузга тушуриб юбордим. Эмди, мени уриб ўлдирадурлар. Онам ўгай, ўзимни онам ўлиб кетғон.

Менинг раҳмим келди: Бечора етим экан. Сўрадим:
– Қандай ва қаердан тушурдунг? – Қиз айтдики:
– Ҳамма пулимни ҳамёнға солғон эрдим. Ўйнаб ўлтуруб, тушуруб юбордим.
– Қай жойға тушурдинг, менга кўрсат? – дедим. Қиз тушган жойни кўрсатди. Мен кўйлакларимни чиқорийб, ҳовузға ўзимни ташладим. Истаб юриб, охири ҳамённи топиб бердим. Етим қизнинг хурсандлиғи бениҳоят эрди.

 Мен айтдим: 
– Сан мени, Худо сизга илм берсун деб дуо қилғил. 
Қиз кейин менинг таълим беришимга мувофиқ, қиблаға қараб туруб дуо қилди. Бу менинг учун ажойиб ҳодиса бўлди. Илгари фаҳмимни олмасдан кўп қийналар эдим. Ҳатто баъзи вақт йиғлар эдим. Ушбу авқотдан кейин фаҳмим яхши бўлуб, ҳатто шерикларимга ҳам муколима қилиб берар эрдим. Бу етимнинг дуоси зоеъ кетмади. 

Эмди Шоҳимардондан Қўқондға қандай қилиб кетмоқ ғами менга тушди. Буни Худо осон қилди. Воқеа шундоғ бўлдики, Қўқонддан бир жамоа бойлар зиёратга келдилар. Улардан бир бойнинг ўғли қорийхонада ман бирла ўқуғон эрди. Отаси бирла келиб қолди.

 Булар кетар вақтида мени бирга олиб кетдилар. Ушбу вақт Қўқондда дарс ўқур эрдим. Мадрасаи Минг Ойимда Усмон Махдум мулло ҳузурларида «Шарҳи Мулло (Жомий)» ўқувчилар жамоасиға қўшилдим. Шул вақт тахминан ўн олти ёшда эдим. Бир йилдан кейин Бухороға кетиб қолдим.

 Сабаби шулки, ман истар эдим ҳамиша ўқушни, лекин ёз вақтида менинг қиблагоҳим:
– Менга ёрдам қиласан, – деб деҳқончилик ишлариға олиб кетар эрдилар. Шу билан мен олти ой ўқушдан қолар эрдим. Шунинг учун Бухороға борсам, ҳамиша дарсга машғул бўламан деб, шу қарорга келдим. Ул қиблагоҳдин сўрадим. Жавоб бермадилар. 

Ҳатто, койиб бердилар, айтдиларки:
– Қўқондда сенга дарс берадурғон домла йўқму? 
Мен айта олмадимки: «Менинг ўқушимға халал беряпсизлар», деб. Кейин жавоб бермасалар ҳам, кетавераман, деб жазм қилдим. Соатимни бозорға олиб бориб, ўн сўмға сотиб, шуни зоди роҳила қилдим.

 Поездга билет олдим. Поездда бир мўйсафид одам, ўзи Шаҳрихонлик экан, ҳамроҳ бўлуб қолдим. Мендан сўрадики:
– Қаерга бормоқчисиз? – Мен жавоб бердим: – Бухорога. 
Яна сўради: – Қайси мадрасага? – Мен айтдим: – Билмайман. 
Яна сўради: – Бухорода танишларингиз борму? – Мен айтдим: – Йўқ. 
Мўйсафид ҳайрон бўлуб айтди: 
– Бухоро шаҳри азимдур. Сиз ҳеч кимни билмасангиз, кўчада қоласиз. Бу сизга бирон киши “Борманг” деб маслаҳат бермадиму? Хайр эмди, сиз ман билан юринг, мен сизни улуғ жойга олиб бораман. Ўшал жойда истиқомат қилиб қоларсиз, – деди. 

 

(давоми бор) (учинчи қисм)

Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси (еттинчи қисм)

905 16:55 25.09.2020

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси (бешинчи қисм)

904 10:10 24.09.2020

Тарихда бугун: Саудия Арабистони ташкил топди

1252 20:05 23.09.2020

Тарихда бугун: Ироқ ва Эрон ўртасида уруш бошланди

912 15:41 22.09.2020

Нима сабабдан мусулмонлар Олтин даврда ривожланган эди?

894 08:05 20.09.2020

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” (тўртинчи қисм)

536 15:10 16.09.2020
« Орқага