Наср

Доно қул

1494

Бир подшоҳ ўзининг вазирига деди: “Эй вазир! Сенга учта савол бераман, агар бир ой ичида мана шу саволларнинг жавобини топа олмасанг, ўрнингни бўшатиб қўй”.

Мансабни яхши кўрган, дунёсига муҳаббатли бўлган вазир бундан қаттиқ қўрқди ва барча уламоларни чақиририб, қуйидаги учта саволни берди:

– Аллоҳ таоло нима кияди?

– Аллоҳ таоло нима ейди?

– Аллоҳ таоло нима ишлар билан машғул бўлиб туради?

Уламолар анчагина сукутдан сўнг шундай дейишди: “Вазир жаноблари, Аллоҳ таолонинг ейдиган таоми ҳақида бирор нарса келмаган китобларда, у ҳеч нарса емайди. Аллоҳнинг либосларининг ҳам кайфияти йўқ. Аллоҳнинг ишларини ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи билади, бандалар бу нарсаларни билишдан ожиз”.

Вақт ўтиб бормоқда, аслида вақт эмас, вазирлик курсиси қўлдан кетмоқда эди. Подшоҳ ҳар кўрганида вазирга саволларни эслатиб турар, унинг кўнглини янада чўктирарди.

Вақт тугаб, вазир саройга келди. Кираверишдаги қорачадан келган хизматкор унинг хафалигини кўриб деди: “Вазирим, анчадан бери сизни ташвишли кўраман, бирор ҳожатингиз бўлса, менга айтинг, балки ёрдамим тегар”.

Шунда вазир кибр билан жавоб қайтарди: “Бир қора қулдан нима ҳам кутиш мумкин? Бундай нарсаларга сенинг ақлинг етмайди”. Хизматкор ҳоли-жонига қўймагандан кейин эса ўша саволларни такрорлади. Шунда хизматкор деди: “Эҳ олиймақом вазир, шуни ҳам билмайсизми? Аллоҳ таолонинг нима кийишини айтадиган бўлсам, Аллоҳ сатторал уйубдур, бандаларнинг айбларини кияди. Аллоҳнинг ейдиган таомига келсак, у бандаларининг ғамини ейди. Истасангиз, жавобнинг охиргисини подшоҳнинг олдида айтсам”.

Иккови подшоҳнинг ҳузурига кирди. Вазир хурсанд эди, чунки мансаб, курси жойида қолади-да. “Шоҳим, саволларнинг жавобини топдим”, – деди у. Подшоҳ сўради: “Ўзинг топдингми?” Вазир: “Ҳа, мана бу қулнинг кўмаги билан”. Шундан сўнг жавобларни айтди. “Учинчи саволнинг жавоби-чи?” – деди подшоҳ. Вазир: “Уни қулдан эшитамиз”.

Қул эса кийимини вазирнинг кийими билан алмаштириш, жавобни шундан кейин айтишга подшоҳдан ижозат сўради. Подшоҳ розилик билдирди. Либосларини алмаштиришди ва қул вазирнинг курсисига ўтирди: “Шоҳим, Аллоҳ таоло бир қулини хизматкорликдан вазирликка кўтарди, бир вазирни қулликка туширди”.

Бу закийликдан подшоҳ хурсанд бўлди ва қулдан вазирликда қолиб, давлатининг рижои учун хизмат қилишини истади. Вазирни эса ўз вазифасидан озод этди.

Аллоҳ биз бандаларининг айбини сатр қилар, ғамимизни ер ва бизларни яхшиликлар устида қоим қилар экан, биз банда бўлиб бандалик қилмоқдамизми?..

Форсчадан Дилшод Алиев таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Итларимиз шунақа!

1382 12:05 25.07.2019

Мўминнинг меърожи

1545 12:00 23.07.2019

Бола-ку...

1243 16:35 19.07.2019

Эшак ва тулки

2153 09:44 18.07.2019

Аллоҳни зикр қилишнинг жавоби

2478 16:30 15.07.2019

“Сен мендаги гўзалликни кўра олмайсан"

1471 16:54 13.07.2019
« Орқага