Илм

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

637

Фосиқнинг диний раҳбар бўлиши ҳукми

Биз имомат (раҳбарлик)нинг рўёбга чиқиши учта шартдан бири топилиши керак эканини баён қилдик. Ушбу шартлар байъат (қасамёд) қилиш ёки олдинги имомнинг кейинги имом билан аҳдлашуви ёки куч орқали бўйсундириш эканини айтиб ўтдик.

Байъат (қасамёд) ва аҳдлашув орқали имомат (раҳбарлик)нинг юзага келиши ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда раҳбарда адолат сифати мавжуд бўлиши шарт қилинди. Фақиҳ ва мутакаллим олимларнинг аксари раҳбар одил бўлиши лозим эканини таъкидлаганлар. Ҳанафий мазҳаби олимлари ва бошқалар фосиқ раҳбар агар мусулмонларнинг ишларини яхши тушунадиган, раҳбарликка яроқли, хукмини ўтказа оладиган, золим ва мазлумга инсоф қила оладиган бўлса, бу инсон раҳбарликка яроқли эканини айтганлар.    

Изз ибн Абдуссалом фосиқ имомнинг раҳбарлиги дуруст эканига қарор қилиб, у раҳбар мусулмонларга фойда келтира оладиган, шаҳарни қўриқлашга қодир, одамларни душмандан ҳимоя қила оладиган бўлишини таъкидлаб:

“Фосиқ одам хиёнат қилиш эҳтимоли бўлгани учун уни раҳбар қилиб тайинлаш тўғри иш эмас. Лекин фосиқ имом ва ҳокимнинг раҳбарликка лойиқ кўрмаслик билан омма мусулмонларнинг фойдали ишларига футур етказиладиган бўлса, унинг раҳбарлиги дуруст бўлади.

Фосиқ раҳбарлар одил имомлар ва ҳокимлар каби тасарруф қилганларида уларга бўйсунилади”. (“Қоваидул аҳкам фи масолиҳил анам”, 1\91).

Яъни, биз унинг шариатда ҳаром қилинган тасарруфларига итоат қилмаймиз. Лекин биз бу ишлар сабабли  унга қарши чиқмаймиз. Агар раҳбар одамларнинг ишларини яхши тушунса ва мамлакатга кўп манфаат келтирса, уни раҳбарликдан тўсмаймиз.

Бу ишларнинг ҳаммаси байъат ёки аҳдлашув орқали раҳбар бўлганларга тегишли.

Лекин ҳоким раҳбарликка бўйсундириш ва мажбурлаш билан эришган бўлса, барча ишлар унинг қўлида бўлиб, барча кучлар унга бўйсунадиган бўлса гарчи фосиқ бўлса-да уламолар унинг раҳбар экани ва унга итоат қилиш лозим эканини таъкидлаганлар.        

Имом Нававий “Равзатут толибийн” китобида келтирадилар:

“(Раҳбар бўлишнинг) учинчи йўли куч билан бўйсундиришдир. Юрт раҳбари вафот этганидан кейин унинг ўрнини унда ушбу шартлар топиладиган киши куч билан эгалласа, одамларни мажбуран бўйсундирса ҳамда унинг раҳбарлиги тан олинса, у раҳбар ҳисобланади. Агар унда раҳбарлик шартлари топилмаса, фосиқ ва жоҳил бўлса икки хил ривоят бор бўлиб, саҳиҳ қавлга кўра, унинг раҳбарлиги қабул қилинади”.

Олимларнинг иқтибосларидан келтирилган маълумотларнинг қисқача маъноси шуки, Ислом шариатида мусулмонларнинг имомига ва раҳбарига қарши чиқилмайди. Гарчи  у зулм қилиб фисқу фужурга берилса ҳам. Бу ҳолатда дин пешволари, даъватчилар ва мусулмонлар ҳақ йўлда собит туриб, зулмдан ва гуноҳлардан қайтаришлари керак бўлади. Одамларга ҳоким  гуноҳ иш қилишни буюрганда унга итоат қилмасликлари лозим бўлади.

Агар ҳоким куфр келтирганини очиқ айтса, унга қарши чиқиш жоиз ва вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида очиқ-ойдин маълумот берганлар.

Лекин минг афсуски, ўзининг фикрига таянган баъзи адашган тоифалар мусулмон раҳбарларига қарши чиқишни жоиз ва вожиб деб ҳисобламоқдалар ва бу ишни “жиҳод” деб талқин қилмоқдалар. Улар бу қарашлари  Ислом шариатининг моҳиятини тушунмаётганлари ва амал қилмаётганлари сабаблидир. Бу ҳам етмагандек, аҳли сунна вал-жамоа олимлари ва фақиҳлари иттифоқ қилган ҳукмларга футур етказишяпти.

Ислом шариатида раҳбарларга қарши хуруж қилишнинг ҳукмини баён қилишдан олдин уларнинг келтирган далилларини мулоҳаза қилишга киришамиз.

(Давоми бор).

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Бутий: “Исломда жиҳод”. Иккиланишни келтириб чиқарадиган шубҳалар...

468 22:15 09.09.2020

Синовлар ва 8 йилдан ошиқ муддатдан бери амал қилмай келинаётган ечим

1901 07:00 09.04.2020

Шайх Муҳаммад Саид Бутий тавсия қилган вирдлар

1625 19:30 06.04.2020

Мусулмон киши нафсини қандай поклайди?

1954 12:30 06.04.2020

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Исломда жиҳод” (давоми)

1144 19:00 03.04.2020
« Орқага