Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди

20:40 28.12.2018 303

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президентлар ўзаро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Ҳамкорлик барча йўналишларда фаоллашди. Мамлакатларимиз Бош вазирлари раислигида жорий йил март ва декабрь ойларида Фарғона ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарадош ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг мажлислари ўтказилди. Май ойида Парламентлар аро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб, электротехника, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилди.

Андижон – Ўш – Иркиштом – Қашғар халқаро автотранспорт йўлаги ишлаб турибди, Ўзбекистон – Қирғизистон –Хитой темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси биргаликда тайёрланмоқда.

Ўш шаҳрида барпо этилган Алишер Навоий номидаги мактаб жорий йил кузда илк ўқувчиларни ўз бағрига олгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Суҳбат якунида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг ривожи жадал суръат касб этгани ҳамда стратегик шериклик даражасига чиққани алоҳида қайд этилди.

Бунга, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг жорий йилда бўлиб ўтган тарихий давлат ташрифларидаги келишувлар натижасида эришилди.

Ўзаро визасиз тартиб жорий этилди, Давлат чегарасидаги барча ўтиш пунктларининг фаолияти қайта тикланди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилди.

Бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбарлари икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини мамнуният билан қайд этдилар. Электр энергияси ва табиий газни барқарор етказиб бериш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилинмоқда, автомобиль қатнови ва авиапарвозлар йўлга қўйилди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!