Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Дунё долғаланяпти, бирлашмасак бўлмайди!” – Сиёсатшунослар МО раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ҳақида

3933

Бугун деярли ҳар бир давлатда мураккаб вазият юзага келмоқда. Ер юзи аҳолисининг ўлим кўрсаткичи касалликдан бошқа омиллар билан ортиб бормоқда. Марказий Осиё давлатларида ҳам иқтисодий, сиёсий ва экологик омилларнинг салбий оқибатларини кузатишимиз мумкин. Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида айни шу масалага “Бутун минтақамизнинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги жипслигимизга, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрлигимизга боғлиқ”, дея муносабат билдирди. 

Жорий йилнинг 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедовлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувига йиғилди.

Тарихга назар соладиган бўлсак қардош халқларнинг биргаликда катта куч эканлигини кўрсатувчи маълумотларни кўришимиз мумкин. Масалан, «Ҳуррият» газетасининг 1918 йилдаги сонида жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор. У ўз ўғилларига қараб, дедики, бирлашингиз. Масалан, бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас, агарда ажратсангиз бир-бирини синдирур. Мана, бобонгизнинг буйруғи, чироқларим. Бошқа халқлар, масалан, серблар италянлар, арманлар, словянлар, поляклар ва бошқалар, ҳаттоки дунёнинг бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қудратли давлатларга тобе бўлиб, ютулиб, ҳатто тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоққа жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдир, аҳмоқликдир. Турк томирига болта урмоқликдир”, деган эдилар. 

Бугун биз ўз ҳолимизча яшолмаймиз. Бугунги мураккаб вазиятда қўшнимизнинг ёрдамига ва қўшнимиз бизнинг кўмагимизга муҳтож. Йиллар давомида йўллар ёпиқлиги, раҳбарларнинг сиёсий кибри сабаб вазият бир мунча бошқача эди. Дунёда содир бўлаётган таҳдидлар бизга тегишли эмас, деёлмаймиз. Унга ҳамиша тайёр туришимиз Беҳбудий бобомиз айтганидай, бирлашишимиз жуда муҳим.

Бироқ, бу катта анжуман айрим муаммоли масалаларни юзага келтирди. Яъни Қозоғистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома лойиҳасини ҳозирча имзолашдан тўхтаб турган Тожикистон ва Туркманистон давлатлари муҳокамага сабаб бўлди.

Шунга қарамай, экспертлар гарчи бирлашиш ёки ҳамкорликни янада яхшилаш бироз муаммо бўлса-да, шартноманинг мавжудлиги ва ўзаро учрашувнинг бўлиб ўтаётганини эътироф этишди. 

Чўлпонота шаҳридаги тарихий учрашувнинг мазмун-моҳияти, у ерда олиб чиқилган масалаларнинг долзарблиги борасида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқларнинг фикрларига қизиқдик.

Дастлаб, сиёсатшунос Камолиддан Раббимов бу каби учрашувлариннг аҳамияти хусусида сўз юритди:

– Бу учрашувга тарихий эволюциянинг ҳосиласи, деб баҳо берган бўлар эдим. Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг биринчи 25 йилликда мустақил давлатларнинг суверенитетлигига тўйиниш даври бўлди. Сабаби, интеграция, яъни чегараларнинг йўқлиги йиллар давомида одамларнинг жонига теккан, Совет иттифоқи ўша даврда инсоният тарихидаги энг йирик давлат бўлган эди. Эндиликда эса 5 та давлат мустақил бўлиб, ҳар бири ўзининг чегараларини ва давлатчилигини қурди. Шунингдек, Ўзбекистонда Ислом Каримов ва Қозоғистонда Назарбаев яширин ва ошкора ўзаро рақобатни амалга ошириши ҳам Марказий Осиёнинг бирлашишига қайсидир маънода монелик қилди. Минтақада энг кучли лидер ким бўлади деган масала ўша даврда яққол кўзга ташланган.2016 йили бизда иккинчи маъмуриятнинг бошланиши вазиятни ўзгаришига сабаб бўлди. Президент ўз позицияси билан олдинги форматнинг бўлмаслигини, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати минтақадан бошланишини таъкидлади. Мақсад, ўзининг қудратини тасдиқлаш эмас, минтақада ишонч муҳитини шакллантириш эканлигини мазкур учрашувнинг биринчиси Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлгани билан кўришимиз мумкин. Дунё миқёсидаги геосиёсатда тўқнашувлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу каби учрашувларга шу сабаб ҳам эҳтиёж юқори.

– Бу учрашувнинг яна бир муҳим жиҳатини яқин ўтмишда бўлган ва ҳозир бўлаётган воқелардан ҳам кўришимиз мумкин, – дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. – 2005 йилда Андижон воқеаларини бостириш учун нотўғри йўл танланган эди. Январь ойида Қозоғистон воқеаларини, ундан кейин Қорақалпоқ воқеаларини эслайлик. Ёки Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий тўқнашувлар. Бунинг барчаси давлатларнинг бирлашишини тақозо қиляпти. 

Авваллари зиддиятларда биз ҳамиша Россияга ёки Америкага мурожаат қилиш ҳолатларини кўрганмиз. Минтақа давлатлари тушуниб етяптики, ўзимиз бирлашиб, қардош халқлар ҳамфикр, ҳамкор бўлмасак, демак барқарорликни таъминлашнинг иложи бўлмайди. Шунинг учун бу учрашув жуда муҳим. Давлат раҳбарларининг сиёсий кибрини енгаётганлиги, ҳар қандай низоларда бир жойда ўтириб муҳокама қилиш учун учрашаётганлигини ижобий баҳолайман... 

Kun.uz сайтидаги “Воситачиларсиз ҳамкорлик – Марказий Осиё давлатлари тўлиқ интеграцияга кириша оладими?” мавзусидаги мақолада Чўлпонота шаҳрида имзоланган шартномага Тожикистоннинг қўшилмаётганлиги хусусида турли муносабатлар, жумладан, мутахассислар томонидан ҳам берилган бўлиб, “Қирғиз-тожик чегарасида тез-тез юз бераётган отишмалар туфайли расмий Душанбе дўстлик ҳақидаги фикрларни жиддий қабул қилмаётган бўлиши ҳам мумкин”, дея баҳоланган. 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов мазкур низонинг юзага келиши хусусида тўхталди:

– Бу воқеаларнинг содир бўлишида ҳукумат эмас, жамият сабаб бўлган, десак тўғри бўлади. Баткен Қирғизистоннинг жанубий вилояти ҳисобланади. Уларнинг Тожикистоннинг чегарасидаги аҳоли билан жой талашиши, тўқнашиб туриши одатий ҳол. Гарчи расмий Душанбе барча ҳудудларни тўлақонли назорат қила олса-да, бу борада Қирғизистондаги сиёсий вазият бошқачароқ. Қирғизистонда 3 марта инқилоб бўлди ва 3 марта ҳокимият ўзгарди. Бу ҳолат ўз-ўзидан ҳукуматдагиларнинг халқ кўнглига қаттиқроқ қарашига сабаб бўлади.

Чегара муаммолари Қирғизистонда фақат Тожикистон билан бўлмаган. Бир неча марта Сўх, Ўш, Жалолободда ҳам бўлди. Демак бу Қирғизитонда шаклланган давлатчиликнинг ўзига хос хусусияти, яъни марказий ҳокимият Бишкек ҳар доим аҳолини тўлақонли назорат қилолмайди. Тожикистон-Қирғизистон воқеаларида ҳудуддаги аралаш яшаган аҳоли симёғочларни, ерни талашган. Масалан, кўпгина ҳудудларда ўзбеклар яшайди ёки қозоқ, тожиклар бор. Бу Марказий Осиёдаги табиий ҳолат. 

Чўпон-Отада минтақадаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш, мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш каби кўплаб масалалар кўрилди. Давлат раҳбарлари муҳим мавзулар хусусида сўз юритди. 

Камолиддин Раббимов бу ҳақда ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди:– Кечаги учрашувда муҳим баёнотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти ўзаро ишонч муҳитини кучайтириш керак ва хавфсизлик тизими раҳбарларининг учрашувини ҳам ташкил қилишимиз зарур, деб айтдилар. Бугунги жараённи кузатар эканмиз, ўтмиш билан солиштирмасдан иложимиз йўқ. Авваллари, мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бир йилда икки марта учрашар эди. Ўшанда Москвада ўтказилиб, унга доим Путин ёки Медведев бошчилик қилган. Менинг фикримча, аслида мана шундай нарсалар авваломбор минтақада бўлиши керак. Учрашувда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг нутқидаям жуда тўғри масалалар кўтарилган. Масалан, “Минтақада ва кейинги воқеалар фонида шу нарса сезиляпти-ки, жамиятларда миллатчилик кайфияти юқори”, деди у. Яъни бу ўзининг жамиятига нисбатан айтилган гап эди. Шунингдек, Тўқаев “Минтақада ўзаро ишонч муҳитини шакллантиришимиз учун камида битта умумий телеканал ташкил қилишимиз ёки сайт бўлиши лозим”, деди. Бу жуда ҳам муҳим таклиф деб ўйлайман.

– Миллатчилик масаласи Ўрта Осиё халқларининг бирлашишига энг катта тўсиқ ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Шавкат Миромонович маданий ҳамкорлик масаласини илгари сурдилар, – дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. – Шу ўринда Россия ёки Хитой томонидан ташкил этилган учрашувларда, масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотида учрашганида ҳам, албатта диний экстремизм ҳақида сўз юритилар эди. Мазкур учрашувда бу масала ҳақида тўхталмагани қувонарли ҳолат. Ҳеч бир давлат ўзида бўлаётган муаммоларда динни асос қилиб кўрсатмаяпти. Менинг назаримда диний экстремизм ва исломофобия атрофимиздаги катта давлатларнинг ўйлаган режаси. Бизнинг бугунги муаммоларимиз геосиёсий муамолар, ижтимоий муаммолар билан боғлиқ. 

Афғонистон масаласи неча йиллардан бери қўшни ҳудуд бўлган мамлакатларга муаммо ҳисобланган. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Минтақа давлатлари ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшнилари сифатида ундаги барқарорликдан биринчи навбатда ўзлари манфаатдор бўлишлари лозим” деди. Афғонистон масаласи бироз жиддий ва бизнинг юртимиз учун ҳам муаммоли. Термизга келиб тушган бўш снарядлар ҳам сўзимизни тасдиқлайди. 

Бу хусусда Камолиддин Раббимов мулоҳазалари қуйидагича:

– Афғонистон масаласида минтақа давлатларининг позицияси бироз бир-биридан фарқ қилади.Тожикистон Толибон сиёсатига шубҳа билан қарайди. Яъни у ердаги тожик ресурслари бироз бошқачароқ. Сабаби, Афғонистондаги иккинчи катта миллат тожиклар. Аҳоли бўлиниши жиҳатдан биринчиси пуштунлар, иккинчиси тожиклар, учинчиси хазора, тўртинчи ўринда ўзбеклар ҳисобланади. Термизга бешта снаряд отилгандан кейин Толибон ҳаракати бу ишни ИШИД қилганини аниқлашди ва уларни жазолашди. Бугун Афғонистоннинг Толибон ҳаракати вазиятни мувофиқлаштириш ва ўзининг ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлидан кетяпти, бу осон бўлмаяпти. Хусусан, Россия нуқтаи назаридан бу ерда иккита манфаат зиддиятга киришади. Геоиқтисодий манфаатга кўра бу ерда тинчлик бўлиб, катта транспорт логистика йўллари очилиши унга фойда келтиради. Лекин геосиёсий нуқтаи назардан бир томондан Россия минтақани ўзининг измида ушлаб туришни истайди. Иккинчи сабаб, минтақада Хитой кучайиб кетишидан ва минтақада Хитойнинг лойиҳалари амалга оширилиб кетишга рашк билан қарайди.

– Толибон ҳукуматининг танлови ҳам кўп эмас-да, буни ўзи ҳам тушуниб турибди. Дейлик, Тожикистон билан муносабатлар яхши эмас. Покистон билан ҳам низолар бор. Фақатгина Ўзбекистон Афғонистон билан самимий муносабатни йўлга қўйган, – дейди Ҳамид Содиқ. – Ўзбекистон билан ҳам муносабтларни ёмонлаштириш Толибон ҳукуматининг ҳеч бир манфаатларига тўғри келмайди. Афғонистонда 40 йилдан ошиқ ҳарбий ҳаракатлар, урушлар бўлган ва уруш масаласи Афғон халқининг бутун маданиятига, иқтисодиётига, сиёсатига сингиб кетган. Қўшнини танлаб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистон улар билан иложи борича муросага келиб, Ўзбекистонни иқтисодий қаноти бўладиган лойиҳаларини Афғонистонда илгари суриш керак. 

Россия ва Украина уруши сабаб Россияга бир қатор санкциялар киритилди. Марказий Осиё давлатлари ҳам ана шу санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли бор. Бундай вазиятни сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўз нуқтаи назари билан шундай баҳолайди:

– Ҳозир бу масалада Марказий Осиё давлатлари мураккаб вазиятда турибди. Сабаби бир томондан ғарбнинг иккиламчи санкцияларига тушмаслик ва айни пайтда Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашмаслик. Бу икки ҳолат ўртасида мувозанат топиш ниҳоятда мураккаб геосиёсий ва дипломатик вазифа ҳисобланади. 

Ўзбекистон президенти ўз нутқида “Халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда, инфляциянинг импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаймоқда. Бундай шароитда Маслаҳат учрашувлари формати доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурати янада кучаймоқда”, – деб таъкидлади. Иқлим ўзгариши натижасида дунёда озиқ-овқат тақчиллигининг кузатилаётгани, улкан давлатларнинг бир-бири билан рақобатида кичик давлатлар восита сифатида “қурбон” бўлиб қолаётгани халқларни огоҳ бўлишга чорлаши лозим. Хусусан, Марказий Осиё халқлари азалдан қардош бўлиб яшаганлиги маълум. Шунингдек, тарихда хонликларнинг бўлиниши, душманга қарши тарқоқ кураши натижасида енгилгани ҳам бизга сабоқ бўлиши керак. 

Демак, бу каби учрашувлар 5 давлат фуқароларининг кейинги тақдири, фаровон турмуши ва келажаги учун муҳим қадам ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди.

Камола Адашбоева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

110 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

69 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

146 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

83 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

118 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

77 10:46 18.08.2022
« Орқага