Дунё масжидлари рекорди (фотожамланма)

10:05 11.09.2019 1575

Дунёнинг энг баланд масжиди қайси? Европадаги энг катта масжид қайси? Энг баланд минорага эга масжидни биласизми? Бу ва бошқа, масжидлар билан боғлиқ рекордлар Дениз Баран томонидан ўрганилди.

Дунёдаги энг катта масжидлар сифатида Маккадаги Масжид ал-Ҳарам ва Мадинадаги Пайғамбар саллолоҳу алайҳи васаллам масжиди, Масжид ал-Набавий эътироф этилган. Бугунги кунда ушбу иккита масжид кўплаб мезонларга кўра "энг-энг" лардан ҳисобланади, масалан, Масжид ал-Ҳарам 400 минг м² майдонга эга бўлиб, масжид 1,2 миллион намозхонга мўлжалланган, Масжид ал-Набавийда эса бир вақтнинг ўзида 1 миллион киши ибодат қилиши мумкин.

Шунинг учун биз рўйхатимизда ушбу масжидларни ҳисобга олмасликка қарор қилдик. Юқорида номлари келтирилган иккита масжиддан кейинги энг катта масжид масаласида турли хил фикрлар мавжуд. Биз масжидларнинг сиғимини мезон сифатида олишга қарор қилдик.

Бизнинг фикримизча, бу жиҳатдан дунёдаги энг катта масжид Aл-Aббос масжиди ва унга туташ Имом Ҳусайн мақбарасидир. Ушбу бинолар Ироқнинг Карбало шаҳрида жойлашган бўлиб, шиалар учун энг муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Мажмуа майдони 400 минг квадрат метрни, сиғими эса 1 миллион кишини ташкил қилади.

Бошқа томондан, Масжид ал-Ҳарам ва Масжид ал-Набавийдан кейин дунёдаги энг катта масжид сифатида Имом Ризо масжиди эътироф этилади.

Энг қадимий масжид

Масжид ал-Ҳарамдан кейин дунёнинг энг қадимий масжиди бу Қубо масжиди ҳисобланади. Хабар қилинишича, у 622 йилда қурилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи унинг биринчи ғиштини қўйганлар.

Энг баланд минорали масжид

Марокашнинг Касабланка шаҳрида жойлашган Буюк Ҳасан II масжиди 210 метрли минорага эга бўлиб, у дунёдаги энг баланд минорали масжид ҳисобланади. Унинг қурилиши 1980 йилда бошланган ва 13 йил давом этган. Масжиднинг намоз учун мўлжалланган айвони 25 минг кишига мўлжалланган, яна 80 минг киши унга туташ ҳудудда ибодат қила олади.

Бангладешнинг Тайгаил вилоятидаги масжид минорасининг баландлиги 137 метрни (эллик беш қаватли бинога қиёслаш мумкин) ташкил қилади у Гиннеснинг рекордлар китобига бетондан қурилган энг баланд минора сифатида киритилган.

Европадаги энг катта масжид

Москва собор масжиди баландлиги ва гумбази диаметрининг ўлчами (27 метр) бўйича ҳам Европадаги энг катта масжид ҳисоблнади, аммо унинг сиғими 10 минг кишини ташкил қилади. Шунинг учун, бизнинг фикримизча, энг катта масжид ҳанузгача Рим масжиди ҳисобланади, унинг сиғими 12 минг кишини ташкил қилади.

Осиёдаги энг қадимги масжид

Бу, шубҳасиз, Хитойдаги Хуай-шэнг масжиди у Гуанчжоу шаҳри мусулмонларининг асосий ибодатхонасидир. Aфсонага кўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Саид ибн Aбу Ваққос томонидан тахминан 627-628 йилларда қурилган.

Aфрикадаги энг қадимги масжид

Aфриканинг энг қадимий масжиди Сомалидаги Масжид ал-Қиблатайн ҳисобланади. Бу масжид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг топшириқлари билан 627 йилда Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлар томонидан қурилган. Бино икки меҳробга эга бўлиб, бири Қуддус иккинчиси эса Макка томонга қаратилган. Бундай ҳолат масжид қурилаётган вақтда қибла Қуддус томонга йўналтирилганлиги билан изоҳланади.

Дунёнинг энг шимолий масжиди

Дунёдаги энг шимолий масжид Норилск шаҳридаги (Россиянинг Красноярск ўлкаси) Нурд-Камол – масжиди ҳисобланади. Мазкур масжид Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Масжид 1993 йил охирида қурила бошланган.

Энг юқори қаватда жойлашган масжид

Ар-Риёд шаҳридаги Бурж ал-Мамлака (برج المملكة‎) (Қироллик маркази) биносидаги масжид ердан 183 метр баландликда яъни, 77-қаватда жойлашган.

Манба: Исламосфера

Ҳамид Содиқ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!