Янгиликлар

Дунё мусулмонлари: Сенегалда Ғарбий Aфрикадаги энг катта масжид очилди (фотожамланма)

812

Ўтган жума куни Сенегалнинг турли бурчакларидан келган ўн минглаб нафар кишилар пойтахт Дакардаги улкан масжиднинг очилиш маросимида иштирок этишди, деб ёзади "Анадолу".

Мусулмонлар Ғарбий Aфрикада энг катта деб эълон қилинган масжиднинг очилиш маросимида иштирок этиш учун  автобус, машина ёки пиёда Дакарнинг Бопп туманига етиб келишди, у ерда 30 минг намозхонга мўлжалланган янги Массаликул Жинан масжиди жойлашган.

Масжид муридия сўфийлик тариқати томонидан барпо этилган.

Очилиш маросимида масжидга олиб борадиган катта йўлда бир неча километр тирбандликлар пайдо бўлди. Баъзи одамлар эса узоқ кутилган маросимда иштирок этиш учун икки кун аввал келиб, лагерлар ташкил қилишди.

Масжиднинг қурилиши ўн йил олдин бошланган – ўшанда давлат масжид қурилиши учун ботқоқли ҳудуддан 6 гектар майдонни ажратган эди.

Масжидининг номи Массаликул Жинан ("Жаннатга йўл") бўлиб, бу ном XIX асрда яшаган шайх Aмад Бамба Мбаке қаламига мансуб шеърнинг номидир. У муридия тариқатининг асосчисидир ва  издошлари Амад Мбакени авлиё сифатида улуғлайдилар.

Масжиднинг юзаси Cаррара мармари билан безатилган, унинг устида 78 метр баландликдаги бешта минора жойлашган бўлиб, масжид ичида 15 минг нафар мусулмон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиши мумкин, яна 15 минг киши ташқарида ибодатларини адо этишлари учун шароит яратилган.

Масжидда ҳашаматли интерьерни, олтин суви юритилган гумбазни, улкан қандиллар ва марокашлик ҳунармандлар яратган безакларни кўриш мумкин. Режага кўра, масжидда Ислом институти, кутубхона ва музей фаолият юритади.

Қурувчиларнинг таъкидлашича, масжид Ғарбий Aфрикада энг каттасидир. Aммо ушбу қитъада мазкур масжиддан каттароқлари ҳам мавжуд. Масалан, Касабланкадаги Ҳассан II масжиди 105 минг намозхонни қабул қилиши мумкин ва баландлиги 210 метр бўлган минораси бор.

Сенегалдаги масжиднинг қурилиши учун 30 миллион евро (33 миллион AҚШ доллар)дан кўпроқ маблағ сарфланди. Маблағ асосан хайр-эҳсон орқали йиғилган. Ёритиш, алоқа ва йўл ишлари учун давлат томонидан 10,5 миллион евро маблағ ажратилгани Сенегалда муридия тариқатининг таъсири катта эканлигини кўрсатади.

Муридия тариқати етакчиси Мунтаха Мбаке масжид очилиши арафасида бир қатор диний ва сиёсий раҳбарларни қабул қилди ва президент Маки Салл, собиқ спрезидент Aбдулаи Вад жума намозида иштирок этишди. "Бу фақат муридия тариқати издошларининг маскани эмас, балки барча мусулмонларнинг уйидир. Келинглар, динимизни яхши томондан кўрсатиш учун бирлашайлик", – деди Мбаке ибодатдан сўнг ўз нутқида.

Муридия Сенегалнинг тўртта энг катта сўфий тариқатларидан бири ҳисобланади. 

Манба: Исламосфера

Ҳамид Содиқ таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия Шафқат уйи Сенегалдаги Қуръон талабаларига ҳайит совғалари тарқатди

552 11:00 19.08.2018

Ғарбий Африкадаги энг катта Қуръон институти

915 08:00 30.04.2018
« Орқага