Назм

Дунё сизникидир, киринг қатига!

874

Дунё сизникидир, киринг қатига!

Менинг озуқамдир хўрлик, ҳақорат.

Мен элнинг муборак маломатига,

Қутлуғ таънасига қилгум таҳорат.

 

На дўст, на қўлловчи бирор кишим бор,

Қиёмат кун каби муҳтожман Ҳаққа.

Дунё сизникидир, нима ишим бор,

Гарчанд оғриқларим етгай суякка.

 

Борлиқ сизникидир, ястанинг ийиб,

Дод демам ҳеч аҳли олам дастидан.

Сўзлагим келса гар, дунёни қўйиб,

Сўзлайман ё осмон, ё ер остидан.

 

Қулоқни келтиринг, майли, қоматга,

Бордир на даъвомиз, на дил комимиз.

Халал берса сизнинг истиқоматга,

Битсин шуҳратимиз, ўчсин номимиз.

 

Қани, ким кияркан йўқлик абосин,

Иброҳим Адҳамдек, жазб этиб висол!

Ул ечиб дунё-ю давлат либосин,

Охират хирқасин кийгани мисол!

 

Бу борлиқ, бу кибор ҳаловат, ҳавас

Сизгадир, ишратлар, бахмал, барқутлар.

Бас, энди англадим, менга керакмас,

Намруд, Фиръавндан қолган сарқитлар.

 

Дунё сизникидир, мана – қуруқ тан,

Менга ўлимнинг ҳам йўқдир зиёни.

Бу моддий дунёда мен йўқман, зотан,

Бўшатиб берганман сизга дунёни!..

 

Мирзо Кенжабек

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

МЕНИНГ ЭРТАГИМ

533 16:00 15.02.2020

Асир (13-қисм)

621 21:00 12.02.2020

АСИР (12-қисм)

599 21:00 11.02.2020

Хайрулла Ҳамидов шеъри: Уйғуристон дарди

2967 21:00 05.02.2020

Хайрулла Ҳамидов шеъри: Келажак кўтармас эски достонни...

1563 18:20 31.01.2020

Азон товуши

1609 23:05 15.01.2020
« Орқага