Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Дунё уммонлари бўйлаб сузган ўзбек кемалари

3825

"Титаник", "Британик", "Аврора". Кўпчилигимиз бу машҳур кемалар ҳақида яхши биламиз. Одатда машҳур кемаларнинг архитектори, давлати ёки қайси компанияга тегишли эканидан кўра, унинг номи машҳур бўлади.

Давлатлар қудратли кемаларни номлашда шаҳар, машҳур кишилар исмларидан ҳам фойдаланишадики, бу билан ўша шаҳар, шахс номи билан қўшилиб мамлакат имижи ҳам дунё кезади. Дунёга машҳур "Қиролича Элизабет" (Буюк Британия), "Жералд Форд" (АҚШ), "Шарл де Гол" (Франция), "Бисмарк" (Германия), "Буюк Пётр" (Россия),  "Фотиҳ" (Туркия), "Жузеппе Гарибалди" (Италия), "Буюк Сежон" (Жанубий Корея) кемалари шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда дунёдаги энг катта круиз кемаси "Harmony of the Seas" ("Денгизлар гармонияси") деб аталади. Унинг қурилишига 1 млрд доллар сарфланган. Ўз бағрига 6300 йўловчи ва 2100 экипаж аъзоларинини сиғдира оладиган 16 палубали лайнернинг узунлиги 362 метр (Эйфель минорасидан 50 метр узун), кенглиги 66 метр, вазни 120 минг тонна. 

Яқинда Сувайш каналини 6 кун давомида буткул тўсиб қўйган 400 метр узунликдаги Ever Given контейнер ташувчиси ҳам дунёнинг энг катта кемаларидан ҳисобланади.

* * *

Ўзбекистон ўзи тугул қўшнилари ҳам дунё уммонига бевосита чиқа олмайдиган жаҳондаги энг йирик давлатдир. Ўзбек кемаларига дунё уммонига чиқишга йўл бўлсин, дерсиз. Денгизимиз Орол ҳам деярли қуриди. Унда сузган кемалар эса занглаб бўлди.  

Илгари Ўзбекистонда Амударё ва Орол денгизида кемалар қатнаган, юклар ва йўловчилар ташилган. 1924 йили Ўрта Осиё сув йўлларида 20 кема, 1500 қайиқ қатнагани айтилади. Амударёда "Астрахан", "Киев", "Нарва", "Термиз", "Хива", "Юрий Гагарин", "Қорақалпоқ", "Тошкент" номли кемалар қатнаган. Ҳозирда эса кемалар асосан Амударёда ҳаракатланади. Оролда эса қатнов аллақачон тўхтаган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Дарё транспорти бўлимининг Кемачилик инспексияси рўйхатида Ўзбекистон Республикаси ички сув йўлларида ва сув ҳавзаларида фойдаланишда бўлган жами 224 та сув транспорти воситаси (кемалар) ҳисобга олинган, шундан:

  • транспорт кемалари – 132 та;
  • техник кемалар – 74 та;
  • ёрдамчи кемалар – 14 та;
  • сузувчан понтон кўприклар – 4 та.

* * *

Хўш, ўзбек кемалари дунё уммонига чиққанми? Гап шундаки, собиқ Иттифоқ даврида юртимизга ҳурмат юзасидан бир қанча кемаларга Ўзбекистон билан боғлиқ номлар берилган ва улар дунё уммонида кезган. СССР ва кейинги даврда бошқа мамлакатлар байроғи билан дунё кезган кемаларнинг 20 га яқини Ўзбекистон билан боғлиқ. Уларнинг аксарияти юк ташувчи кемалар бўлган. Қуйида улардан баъзилари ҳақида маълумот бераман.

"Алишер Навоий" кемаси

1969 йили Югославиянинг Риека заводида қурилиб, шу йили Владивосток шаҳрида сувга туширилган. 1992 йили Россия таркибига ўтган. 1994 йилгача "Алишер Навоий" номи билан дунё кезган кема шу йили Малта давлатига сотилиб, номи "Eastern Star" деб ўзгартирилган. Кема 1999 йили утилизация қилинган.

"Алишер Навоий" кемасининг ҳаракат чизиғи Владивосток — Иокосуко — Сингапур — Сидней — Сан-Франциско шаҳарларидан ўтган. Кема АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Канада, Янги Зеландия, Австралия, Ҳиндистон каби давлатларга юк ташиган.
 
"Табиийки, кема бўсағасига қадам қўйган ҳар бир чет эллик кема номи билан қизиқади. Денгизчиларимиз Навоий ва унинг ижодий фаолияти ҳақида уларга мароқ билан ҳикоя қилиб берадилар. Шуни таъкидлаш ўринлики, кеманинг 32 кишилик жамоасининг кўпчилиги ҳозир улуғ адибнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хорижларга инглиз тилида маълумот бера олади", дейилади "Гулистон" журналининг 1990 йил, 2-сонида берилган мақолада, "Навоий" кемасига ташриф буюрган ҳар бир киши унинг номи билан боғлиқ лавҳалардан катта маълумотга эга бўладилар. Ҳар йили ўнлаб нусхада Навоий асарларидан кемага юборилмоқда. 1975 йилдаёқ кемада музей ҳамда буюк шоир — "Навоий" бурчаги ташкил этилган. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Навоий номидаги адабиёт музейи ташаббуси билан кемага шоирнинг 10 жилдлик асарлари, унинг ижоди, ҳаёт йўлини акс эттирадиган тадқиқот асарлари юборилди. Чет элликларга намойиш этиш учун "Ўзбекфилм" киночилари томонидан "Навоий" фильми кемага совға тарзида инъом қилинди. Ҳозир Навоий бурчагида ўзбек классик адабиётининг ўзбек, рус, чет тилларидаги нодир асарлари, тантаналар муносабати билан тайёрланган жилдлар китоб ва рисолалар, газета ва журналларда чоп этилган мақолалар алоҳида кўргазмадан ўрин олган. Кираверишда, кўзга яққол ташланадиган жойга эса Мир Алишер Навоий сурати ўрнатилган".

"Тошкент" кемаси

1914 йили АҚШнинг Maryland Steel Co. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Тинч океани портларида СССР ва унинг иттифоқдошлари орасида экпорт-импорт амалиётларини бажарган. 1945-1966 йилларда Тинч океанида ҳарбий юкларни ташиган. 1966 йили кема СССР денгиз флоти вазирлиги ҳисобидан чиқарилиб, КХДРга берилган.

"Бухоро" кемаси

1965 йили Полшанинг Гданск шаҳрида ишлаб чиқарилган. Владивосток шаҳрида сувга туширилган. Асосан денгизда ёғоч маҳсулотларини ташиш билан шуғулланган. 1988 йили утилизация қилинган.
  
"Самарқанд" кемаси

1986 йили Германияда ишлаб чиқарилган. 1996 йилгача шу номда жаҳон бўйлаб контейнер, енгил автомобил ва автобуслар, ғилдиракли техникаларни ташиган. 1992 йили СССРдан Россия ҳисобига ўтган. 1996 йили Греция ҳисобига ўтиб,   номи "Oasis"га, 2004 йили Панама ҳисобига ўтиб, номи "Hyundai Hawk"га, 2005 йили Швейцария ҳисобига ўтиб, номи "Ocean Wave I"га, 2007 йили Либерия ҳисобига ўтиб, номи "KKG 1"га ўзгарган. 2011 йили утилизация қилинган.

"Андижон" кемаси

1958 йили Германияда ишлаб чиқарилган. 1985 йилгача шу ном билан ҳаракатланган. Асосан қуруқ юкларни ташиган. 1985 йили Вьетнам ҳисобига ўтказилиб, номи "Song Da 02"га ўзгарган. 1996 йили утилизация қилинган.

"Қўқон" кемаси

1985 йили йили Полшанинг Гданск шаҳрида ишлаб чиқарилган. Уммон ва денгизларда балиқ тутишга мўлжалланган. 1992 йили Россия ҳисобига ўтган. 2020 йили кема номи "Ахтиар"га ўзгарган.

"Марғилон" кемаси

1965 йили Полшанинг Гдиня шаҳрида ишлаб чиқарилган. 1992 йили Украина ҳисобига ўтган. 1996 йили утилизация қилинган. Теплоход асосан Ҳинд ва Атлантика океанлари бўйлаб юк ташиган.

Марғилон шаҳрининг тарих музейида ушбу кеманинг макети сақланади. Уни кема архитекторлари шаҳар ҳокимиятига совға қилишган. Айтишларича, кема меъморлари 1960 йилларда Марғилон шаҳрига келишади ва шаҳарни ва унинг одамларини ёқтириб қолишади. Сўнг шаҳарга ҳурмат юзасидан ўзлари ёқтирган шаҳар номига кемани аташади. Кема дунё уммони бўйлаб 30 йил давомида Марғилон номи билан ҳаракат қилган. 

"Ҳамза" кемаси

Ўзбек ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шарафига шундай номланган. 1982 йили Россиянинг Навашино шаҳрида ишлаб чиқарилган. 1992 йили Украина ҳисобига ўтказилган. 1999 йили Малта ҳисобига ўтказилгач, номи "Sagitta"га ўзгарган. 2012 йили утилизация қилинган. 

Шунингдек, дунё сувларида "Ўзбекистон", "Қорақалпоғистон", "Фарғона", "Наманган", "Урганч", "Орол", "Садриддин Айний" каби кемалар ҳам ҳаракатланган.

Кун келар, дунё уммонида Ўзбекистоннинг қудратли "Буюк Темур", "Бобуршоҳ" кемалари ҳаракатланишига ишонгим келади.

 

Давронбек Тожиалиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Юздаги тукларни теришнинг ҳукми

585 23:00 05.05.2021

Журналист суд жараёнига аралаша олмайди

196 22:30 05.05.2021

Бельгия: эронлик дипломат бўйича суд ҳукми кучга кирди

257 22:00 05.05.2021

Мусулмон бўлмаган полициячи Рамазон ойида рўза тутади

427 21:30 05.05.2021

Буркина-Фасо, Яман ва Жанубий Судан очарчилик гирдобида

290 21:00 05.05.2021

Ўзбекистоннинг Афинадаги консуллиги ёпилади, Швецияда элчихона очилади

419 20:30 05.05.2021
« Орқага