Дунёга фақат бир марта келамиз

23:00 10.08.2018 695

Денгиз. Қайиқда уч киши кетяпти. Улардан бири дабдурустдан қайиқни тешди. Тешикдан сув кира бошлади. Шунда иккинчи одам хавотирланиб деди:

– Нега қайиқни тешдингиз? У жавоб берди:

– Сенинг ишинг бўлмасин, мен ўз тарафимни тешдим. Қайиқни бу ярми менинг шахсий ҳудудим! Хоҳлаганимни қиламан! Аралашма! Иккинчи йўловчи тешикни ямашга киришганида, қайиқни тешган одам уни итариб юбориб, деди:

– Сен ақллилик қилмай, ўзингни бурчагингда тур. Меникига дахл қилма деди.

Шундай қилиб улар чўка бошлашди. Учинчи одам эса ҳеч нарсани кўрмагандек жим турарди...

Қайиқ – биз яшаб турган жамият. Қайиқни тешган киши – нафси учун ҳар қандай ишни қиладиган, лекин «қалби тоза» кишилар. Иккинчи инсон – қалби уйғоқ инсонлар. Учинчи киши эса – жамиятнинг том маънодаги душманлари: лоқайд ва бефарқ кишилар.

Охирги пайтларда юртимизда шундай тоифа инсонлар пайдо бўлди: уларга хоҳлаган ишларини қилиш мумкин. Бу иш қонунийми, ноқонунийми, ҳалолми, ҳаромми, эркакка хосми, аёлга хосми, куракда турадиган ишми ёки йўқми, бошқаларга зарари борми ёки йўқми қараб ўтиришмайди. Енгил ҳаёт, кайф-сафони тарғиб қилишади. Муҳими нафсини қондиришса бўлгани.

– Нега ундай қиляпсиз? Бошқаларни ўйласангиз бўларди, Ўзингизга ярашадиган иш қилинг – десангиз, барчасида жавоб тайёр:

– Муҳими қалб тоза бўлса бўлди! Ҳаётга бир марта келамиз, яшаб қолиш керак. Бу менинг ҳаётим, хоҳлаганимча яшайман. Аралашманглар! Ҳа, уларнинг қалблари “кўмир”дек оппоқ, фикрлари эса “ўроқ” дек тўғри.

Уларнинг зўр қалқони бор, номи: Демократия!

Оддий инсонийлик элементи, ўзбекчилик, менталитет ёки қадриятларни сал ҳурмат қилиш ҳақида бирор нарса десангиз:

– Биз дунёвий давлатмиз, нима Сен Ўзбекистонни иккинчи Сурия ёки Афғонистон қилмоқчимисан?! – дейишади.

Уларга жавоб қиладиган вақт келди менимча:

– Йўқ! Биз Ўзбекистонни – замонавий, иқтисодиёти бақувват, кучли ҳарбий салоҳиятга эга, жуда катта интеллектуал бойлик маркази бўлган буюк Ўзбекистон қилмоқчимиз! Лекин Сиз ва Сизга ўхшаганлар бу йўлда халақит қиляпсизлар!

Сизлар бир чеккадан қайиғимизни тешиб келяпсизлар. Сизнинг турли ниқобларингиз бор: машҳур блоггер, қўшиқчи, қизиқчи, диндор, бойвачча, гей, актриса, мансабдор ва ҳоказо...

Сиз машҳурлигингиз, пулингиз, фолловэрларингиз кўплиги, хуллас, Худо бошқаларга насиб қилмаган, аммо Сизга берган нарсалардан фойдаланиб, умуман ёт ғоялар билан, халқни чалғитяпсиз, ёшларни айнитяпсиз.

Айтишингиз мумкин:

Ота-онаси 20 йилда берган тарбияси, 20 дақиқада бузилиб қоладими?!

Ҳа, бузилиб қолади!

Бир томчи нажас бир пақир сувни ҳаром қилганидек, Сизнинг бу нажас қилиғингиз кичик кўринсада, халқни онгини заҳарлайди. Сиз тешган тешик кичкина бўлсада аста секин халқни чўктиради.

Ҳар куни ярим соат беҳаё кино қўйиб, бузилмайдиган одам шундоғам бузилмайди дейиш бориб турган аҳмоқликдир. Чунки ҳозир оталар фарзандлари билан қилаётган суҳбатлари кунига 10 дақиқадан ошмаяпти, оналар билан ўртача 30 дақиқа гаплашилмоқда. Болангизни ким тарбия қиляпти деб ўйлайсиз? Ижтимоий муҳит, ОАВ ва интернет.

Ҳурматли шу учта нарсада кучли таъсирга эга бўлган юртдошлар!

Сизларга халқ эргашади. Халқни илмга, меҳр-оқибатга, яхшиликка, фойдали бирор нарсага ўргатингизлар. Бўлмаса жим юринг.

Эсингизни йиғиб олинг! Чунки бу ҳаётга фақат бир марта келасиз...

Муҳаммадали ЭШОНҚУЛОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!