Дунёга муҳаббат қўйишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари

12:00 07.12.2018 435

Дунёга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳақиқий зоҳид оят-ҳадисларни ўқигани сари ўз мавқеида тобора мустаҳкам ўрнашиб боради. Дунёнинг арзимас мато эканига ва унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигига яна бир бор иймон келтиради. “Йўқ, сизлар, ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки Охират яхшироқ ва боқийроқдир”. (“Аъло” сураси, 16-17-оятлар). “Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига Охират яхшироқдир”. (“Нисо” сураси, 77-оят). “...Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни “ғарур” (яъни шайтон) Аллоҳ (гуноҳни кечиб юборади деган алдов) билан алдаб қўймасин”. (“Луқмон” сураси, 33-оят). “(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-ҳуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир”. (“Раъд” сураси, 26-оят).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларини одамлар ўраб олган ҳолда бозор ёнидан ўтдилар. Сўнг қулоқлари тагидан кесиб ташланган улоқча жасади ёнида тўхтаб, унинг (кесик) қулоғидан кўтардилар.

– Қай бирингиз манавини бир дирҳамга олишни истайсиз? – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
– Биз уни текинга олишни ҳам истамаймиз. Уни нима қиламиз?! – дейишди саҳобалар.
– Уни текинга ҳам олмасмидингиз?
– Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам, уни хоҳламас эдик. Чунки унинг қулоқлари кесик! Қандай қилиб, ўлик ҳолида унга кўнглимиз чопсин?!
– Аллоҳга қасамки, сизларга манави улоқча қанчалик хор-ҳақир кўринса, Аллоҳ таоло наздида дунё бундан-да хорроқдир! (Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Охират олдида дунё худди бирингизнинг бармоғини денгизга тиқиб олганидек, холос: кўрсин-чи, у қанчаям нарса олиб чиқаркин”. (Муслим ривоятлари)*.

*“АЛ-ВОФИЙ фий шарҳил-арбаъийн ан-нававийя” 1995, Байрут, 8-нашр, 233-243 саҳифалар.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!