Дунёларга топилмас Заҳро

09:00 13.06.2019 1626

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди.

Ҳазрати Фотима хасталаниб қолди…

Ҳижратнинг ўн биринчи йили, Рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…

Шу пайтгача ора-сира касал бўларди, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамади.

Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжаси яна ёнида эди.

– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…

Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Алининг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасига яқинлаштирди. Ҳазрат Фотима уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Алига имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Асмо бинти Умайс  билан Умму Рафиъ киришди.

– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?

– Ҳа.

Ҳазрати Фотима Умму Рафиъни «онажон» дерди. Чунки бу аёл унга доим оналик қилиб келганди.

– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?

– Албатта, қизим.

Ҳазрат Фотима яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосини кийди.

– Тўшагимни хона ўртасига солинглар.

– Хўп.

Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда изтироб чекишарди.

– Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг.

– Хўп.

– Энди мени ёлғиз қолдиринг!

– Аммо…

– Илтимос.

– Аммо…

– Роббимга дуо ва илтижо қилмоқчиман...

Улуғ Нурнинг нур қизи дуо ва илтижога шунчалар берилиб кетдики, жони қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди.

Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрати Фотимаи Заҳронинг вафот этганини кўришди.

Хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўнгги  қизи ҳам бу ёлғон дунёни тарк этганди.

Энди йигирма саккиз ёшга кирганди…

Бир фарзанди гўдак чоғида вафот этган.

Ортида кўзлари ёш хўжайини ва "Онажон" дея, йиғлаган беш фарзанди қолди:

Ҳасан саккиз, Ҳусайн етти, Умму Гулсум беш, Зайнаб уч, Руқийя икки ёшда эди.   

Ҳазрат Фотиманинг қабрига боқаркан, ҳазрат Алининг ёдига аёлининг вафотидан бироз олдин айтган гаплари тушди:

– Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни бегона ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг.

Нурларнинг нури, гулларнинг гули бирма-бир бу фоний дунёни тарк этишди.

Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг нур–ёғдулари эдилар:

Аввал ҳазрати Руқийя…

Сўнг ҳазрати Зайнаб…

Кейин ҳазрати Умму Гулсум…

Ва охирида ҳазрати Фотимаи Заҳро…

Нурларнинг нурлари, гулларнинг гуллари энди мангу - боқий дунёда эдилар. Ва то қиёмат куни қадар севганларнинг кўнгилларида…

Улар-ла хуш эди онлар.

Қурбон бўлсин уларга жонлар.

 

"Гулнинг гуллари" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!