Дуо — ибодат

18:00 11.02.2019 907

Дуо – ибодат бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилган. Қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилади.  Ҳаёт ташвишлари қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди. ("Ғофир" сураси, 60-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ дуони “ибодат” деб атаган. Кимки ундан юз ўгирса Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган.

Дуо – араб тилида “чақириш”, “сўраш” маъноларини англатади.

Кўпинча “дуо” билан “талаб қилиш”ни аралаштириб юборамиз. Шунинг учун, талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олишимиз керак.

“Талаб” сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. Масалан: бировдан “сув беринг” деб сўралса, киши олиб беради, мана шу талаб бўлади. Талабнинг дуодан фарқи бор. Талаб – кимдандир бирон нарсани сўрашдир.

Дуо эса, инсоннинг ўзидаги нафсоний бир ҳолат. Дуо бутун вужуд билан берилиб ҳамма нарсани унитиб, Аллоҳ таолога қурбат хосил қилиб туриб, Роббиял Оламийннинг Ўзига ёлворишдир.

Дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб тилга талаб сўзларни такрорланаётган бўлади. Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ дедилар”.

Роббиял оламийннинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади.

Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Зеро, У инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, Унга илтижо қилганнинг дуосини эшитгувчи зотдир. 

Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Сиздан (Эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватимни) ижобат (этиб), Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” ("Бақара" сураси, 186-оят). 

Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда Унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Дарҳақиқат, дуо — банданинг Мавлога қарата йўллаган дил изҳори. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, У ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.

Дуо Аллоҳ ҳузурида мукаррам, даражаси юқори қадри улуғ нарса ҳисобланади. Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир.

Ибодатнинг мана шу жиҳатларини “дуо” дейиш мумкин. Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бўлган намоз араб тилида “солат” дейилади ва “дуо” маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбий бўлади. Яъни, сўров тилга олинмаса ҳам, қалбида туради.

Шу эътибордан, дуо икки қисмдан иборатдир, дея оламиз. Тил ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш, дилдагининг таржимасидир. Худди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ таоло учун энг мукаррам нарсадир.

Шунинг учун Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Дуо ибодатнинг мағзидир” – дедилар. Бундан “дуо ибодатдир” деган хулосани чиқариш мумкин бўлади.

“Шарҳи ақийдатут таҳовия” китобида: “Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади” – дейилади.

Шарҳ: жумҳур мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари дуо манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам бериши оят ва ҳадислардан маълумдир.

Имом Бухорий “Ал-Адабул Муфрад” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, - дедилар.

Шарҳ: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Аллоҳдан у зотнинг фазлини сўранг, чунки, Аллоҳ сўралишни хуш кўради”, - дейилган.

Аллоҳ таоло ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабидан дуо қилишга буюрган.
1. Вужуд (борлиги): Чунки йўққа дуо қилинмайди. Йўқдан бирор нарса сўралмайди.
2. Ғанийлиги (бойлиги): Чунки фақирга дуо қилинмайди. Фақирдан бирор нарса сўралмайди.
3. Эшитувчилиги: Чунки карга дуо қилинмайди. Кардан бирор нарса сўралмайди.
4. Карам (сахийлик): Чунки бахилга дуо қилинмайди. Бахилдан бирор нарса сўралмайди.
5. Раҳмат: Чунки раҳимсизга дуо қилинмайди. Раҳимсиздан бирор нарса сўралмайди.
6. Қудрат: Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ожиздан бирор нарса сўралмайди.

Дуони инкор қилувчи ушбу олти сифатни инкор қилувчидир. Ундан ғофил бўлган, олти сифатдан ғофилдир.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг, 55-оятида марҳамат қилиб: “Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан у ҳаддан ошувчиларни севмас”, - деган.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда.

Тонгда ё шомда, уйқуда, уйғоқликда, ишлаётганда, дам олаётганда, овқатланаётганда, юраётганда, ўйлаётганда ҳар доим қалбимиз билан Аллоҳга юзланиб, дуо қилишда, сўрашда давом этиш бандалик вазифамиз. Зотан, дуо ибодат экан, ҳар лаҳзада Ҳақ таолога ибодат қилиш билан дунёю охиратда даражамиз юксалади. Аллоҳ азза ва жаалла ҳақимизга хайрли ва баракалисини тақдир қилсин!

Амийн!

Кавсар НУР тайёрлади. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!